Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қонунчиликдаги божхонага доир янгиликлар билан танишинг!
2094
Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда маъмурий тартиб-таомилларни янада такомиллаштириш, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4059-сон қарорида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 23 апрелдаги «Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда маъмурий тартиб-таомилларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори қабул қилинди.

✅Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан 2021 йил 1 январга қадар БМТнинг Савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш ва электрон иш амалиётлари бўйича маркази томонидан ишлаб чиқилган “ягона дарча” механизмини яратиш бўйича тавсиялар ва йўл-йўриқ тамойиллари мезонларига жавоб берадиган “Ягона дарча” божхона ахборот тизими жорий этилади.

✅“Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари қуйидаги имкониятларга эга бўлишади:

импорт, экспорт ва транзитга тааллуқли барча тартибга солиш талабларини бажариш мақсадида стандартлаштирилган маълумотлар ва ҳужжатларни ягона ўтказиш каналидан фойдаланган ҳолда тақдим этиш;

ахборот алмашинувнинг махфийлиги ва хавфсизлигини таъминловчи норматив-ҳуқуқий база билан мустаҳкамлаган ҳолда, ташқи савдо битимларига доир барча ахборотларни алмашиш;

давлат божхона хизмати, ваколатли органлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан рухсат этувчи ҳужжатларни расмийлаштиришнинг босқичларини масофадан кузатиш;

барча учун очиқ бўлган электрон шаклдаги рухсат этувчи ҳужжатлар реестрларини юритишга тўлиқ ўтиш;

Ўзбекистон Республикаси ва хорижий мамлакатлардаги эпизоотик, карантин ва фитосанитария ҳолатлари тўғрисидаги очиқ маълумотларни энг сўнгги кўрсаткичлар ҳолатида ушлаб туриш;

дастлабки маълумотлар асосида товарлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига амалда етиб келишига қадар рухсат берувчи характерга эга ҳужжатларни бериш.

***

Қарор билан  ташқи иқтисодий фаолият жараёнларини такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳи ташкил қилинди ва унинг таркиби белгиланди.

✅Ишчи гуруҳи 2019 йил 1 октябрга қадар бўлган муддатда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш, давлат назорати самарадорлигини ошириш, ТИФ иштирокчиларининг харажатларини қисқартириш соҳасида танқидий таҳлиллар ўтказади ва таҳлиллар якунлари асосида Ташқи иқтисодий фаолият жараёнини такомиллаштириш бўйича концепция ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш учун киритади.

Бунда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилади:

ҳаддан зиёд маъмурий тўсиқлар ва давлат органларининг бир-бирини такрорловчи функцияларини бекор қилиш;

ресурслар чекланганлиги шароитида давлат харажатларининг эришилган ёки кутилаётган самарага нисбатини инобатга олган ҳолда, хавф-хатарларни бошқаришнинг тўлақонли тизимини жорий этиш;

“божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимини кенг қўллаш;

божхона кўригида товарлар қадоқларини бузиб очиш ҳолатларини қисқартириш.

***

Қарорга кўра ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларидан қуйидагиларни талаб қилиб олиш тақиқланди:

⛔️рухсат этувчи характерга эга ҳужжатларни беришда ва экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда – карантин остидаги маҳсулотларни экспорт ва импорт қилишда зарарсизлантириш (фумигация) далолатномасини;

⛔️экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда – ўров варағини;

⛔️импорт қилинаётган товарларга ваколатли органлар томонидан рухсат берувчи ҳужжатлар ва мувофиқлик сертификатларини беришда –Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига келганлик тўғрисида белги қўйилган товарларнинг кузатув ҳужжатларини (товар-транспорт юк хати, инвойс, ҳисоб-фактура ва бошқалар);

⛔️ваколатли органлар томонидан бериладиган ҳужжатларни олишда – ишончномаларни;

⛔️импорт товарларига мувофиқлик сертификатини беришда – норматив ҳужжат нусхаси, санитар-эпидемиологик хулоса нусхасини;

⛔️ваколатли органлар томонидан рухсат берувчи характерга эга ҳужжатларни беришда – ишлаб чиқарувчи мамлакат тўғрисида сертификатни;

⛔️2020 йил 1 январдан бошлаб товар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштирувида, шунингдек, импорт қилинадиган товарларга мувофиқлик сертификатини беришда – халқаро шартномаларда махсус қоғоз бланкаларда расмийлаштиришни талаб қиладиган ҳужжатлардан ташқари, ваколатли органлар томонидан қоғоз шаклида бериладиган рухсат берувчи характерга эга ҳужжатларнинг асли ва нусхалари.

***

Қарор билан эндиликда:

✅ветеринария рухсатномаларини, фитосанитария ва ветеринария сертификатларини расмийлаштириш учун экспорт қилишдан 30 кун олдин ариза билан мурожаат қилиш зарурати тўғрисидаги талаб бекор қилинади;

✅карантин рухсати ва экологик сертификатини бериш муддати уларни олиш учун қонунчиликда назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ариза берилган кундан бошлаб 5 иш кунидан ошмаслиги керак;

✅товарлар ва транспорт воситаларини, агар мазкур товарлар ва транспорт воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ фитосанитария ва ветеринария назоратига тегишли бўлмаса, фитосанитария ва (ёки) ветеринария назоратидан ўтказиш тақиқланади;

✅транзит орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ўтувчи карантин остидаги товарларни карантин текширувидан ўтказиш ҳақ олинмаган ҳолда амалга оширилади;

✅божхона юк декларацияси “сариқ” йўлакдан “қизил” йўлакка ўтказилган ҳолда мазкур ўтказишни амалга оширган ходим томонидан божхона текширувини ўтказишга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2019 йил 23 апрелдаги «Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда маъмурий тартиб-таомилларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  қарорига мувофиқ:

✅Келгуси бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда божхона постларида Ўзбекистон Республикасининг умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан оғир юк ташувчи ва йирик габаритли транспорт воситаларининг ўтиши учун тўловларни автоматик равишда ҳисоблашни амалга оширувчи тизим ишга туширилади;

✅божхона постлари орқали кесиб ўтиш вақти тўғрисидаги ҳар ойлик статистик маълумотни ҳар бир божхона пости кесимида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси расмий веб-сайтида эълон қилиш учун ҳар бир автотранспорт воситасининг кириш ва чиқиш вақтини автоматлаштирилган қайд этиш тизимини, шунингдек, юк транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктида божхона расмийлаштируви вақтини тақсимлаш имкониятини берадиган навбатларни бошқариш электрон тизимини жорий этиш орқали божхона постларида автотранспорт воситалари бўлиш вақтининг чекланган муддати белгиланади;

✅Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда “Ўздавкарантин” инспекцияси билан биргаликда товарларнинг алоҳида турлари учун мўлжалланган лаборатория ускуналари билан жиҳозланган ва энг оптимал манзилларда жойлаштирилган махсус ўтказиш пунктлари ва божхона постларини ташкил этиш масаласи ўрганиб чиқилади ва зарур ҳолларда уларнинг очилиши таъминланади;

***

Қарорга мувофиқ: 

✅уч ой муддатда Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ва ваколатли органлар билан биргаликда чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратидан ўтишнинг аниқ муддатларини (дақиқаларда) белгилашни, божхона пости ҳудудига кириш ва чиқиш вақтини қайд этиш, шунингдек, бир-бирини такрорловчи назорат функцияларини бекор қилишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида текширув тартиб-таомилларидан ўтиш регламентини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилади;

✅товарларнинг божхона қийматини хатарларни бошқариш тизимининг хавф кўрсаткичлари қаторига киритилади, шунингдек, қонунга хилоф мақсадларда давлат божхона хизмати органлари мансабдор шахслари томонидан мезонларни манипуляция қилишга йўл қўймаслик бўйича аниқ чоралар кўрилади;

✅ваколатли органлар билан биргаликда муаммоли масалаларни ечиш учун ташқи иқтисодий фаолият жараёнларининг соддалаштирилиши бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида йилига икки марта Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгашининг йиғилишларида ҳисобот тақдим этиб боради.

✅Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда 2019 йил 15 июнга қадар назорат пунктлари ва ваколатли органларининг бошқа объектларини маълумотларни узатиш тармоғига улашни таъминлайди.

✅Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва АТ “Халқ банки” харажатларни тўлиқ қоплашни таъминлаган ҳолда чегара олди божхона постларида кечаю кундуз ишлайдиган, тегишли органлар томонидан чегара постларида кўрсатилган хизматларга тўловларни амалга ошириш, валюта айирбошлаш, пул маблағларини нақд пулга алмаштириш ҳамда бошқа нақд ва нақдсиз ҳисоб-китоб банк операцияларини амалга ошириш имконини берадиган ўз-ўзига хизмат кўрсатиш терминалларини ташкил қилади.

✅2019 йил 1 июнга қадар жорий этилаётган рухсатномалар бериш тартиби доирасида ҳар бир турдаги назорат қилинадиган товарни ўрганишнинг алоҳида муддатларини белгилаган ҳолда, назорат қилинадиган товарларнинг ветеринария нормалари ва талабларига мувофиқлигини аниқлашнинг мураккаблик даражасидан келиб чиқиб, таснифлашни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади.

✅мамлакатимиз ҳудудини юқумли касалликларни қўзғатувчилардан муҳофаза қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида автотранспорт воситаларини замонавий юқори самарали дезинфекция қилиш асбоб-ускуналари босқичма-босқич ўрнатилади.

✅коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни назарда тутган ҳолда, карантинга олинган маҳсулотлар учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беришда ушбу маҳсулотлар фитосанитария ҳолати ва эпизоотик вазиятини ўрганиш мақсадида мутахассисларни хорижий мамлакатларга юбориш заруратини аниқлаш мезонлари ва юбориш тартиби ишлаб чиқилади.

✅ “Ягона дарча” БАТ платформасида ваколатли органлар томонидан танлаб олиш асосида фитосанитария, санитария-эпидемиология, ветеринария ва экологик назорат ўтказиш имконини берадиган хавф-хатарларни таҳлил қилиш тизими ишлаб чиқилади, шунингдек, рухсат этувчи ҳужжатлар дастлабки маълумотлардан фойдаланган ҳолда товарлар Ўзбекистон Республикасига амалда етиб келишига қадар берилади.

✅Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси маъмурий тартиб-таомиллардан ўтиш қулайлиги ва давлат божхона органлари, шунингдек, уларнинг ходимлари томонидан хизматлар кўрсатишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши, ходимларнинг профессионаллиги ва тезкорлиги, уларнинг аҳоли билан муомала қилиш этикети даражасини мунтазам баҳолаб бориш учун “давлат хизматларининг сирли мижози” институтидан фойдаланади.

24.04.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг