Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан товарларни импорт қилиш
44483
  1. Ўзбекистон Республикасига товарларни импорт қилиш импорт қилувчининг* импорт контракти (яъни, импорт, марказлаштирилган импорт, биржа ва ярмарка импорт шартномалари) ва инвойс асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги 283-сон қарори билан тасдиқланган “Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги Низом”га мувофиқ, импорт қилувчилар — юридик шахслар, шунингдек, юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар — товарлар (ишлар ва хизматлар) импортига Ўзбекистон Республикаси норезидентлари билан ташқи савдо келишувларини (контракт, инвойс) тузган Ўзбекистон Республикаси резидентларидир;

импорт контракти — товарлар (ишлар ва хизматлар) импортига импорт қилувчи билан Ўзбекистон Республикасининг норезиденти ўртасида тузилган контрактдир.

инвойс (ҳисоб-фактура) — халқаро тижорат амалиётида сотувчи томонидан харидорга тақдим этиладиган товарлар ва хизматлар рўйхати, уларнинг миқдори ва харидорга етказиб берилган нархлари, товарларнинг расмий хусусиятлари, етказиб бериш шартлари, жўнатувчи ва олувчи тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган ҳужжатдир.

  1. Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 55 ва 56-моддаларига мувофиқ, “Эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режими шундай режимки, бунда божхона ҳудудига олиб кирилган товар уни ушбу ҳудуддан қайтариб олиб чиқиш мажбуриятисиз шу ерда эркин муомалада қолади.

Божхона тўловлари тўланган ва иқтисодий сиёсат чораларига риоя этилган тақдирда товар “Эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимига жойлаштирилади ва божхона ҳудудида эркин муомалада турган товар мақомини олади.

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 20 июлдаги “Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда Давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 197-сон қарорига мувофиқ, «Эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида олиб кириладиган товарларни божхонада расмийлаштириш учун божхона органига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши лозим: 

– божхона юк декларацияси, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўловчи божхона декларациясини тўлдириш йўли билан товарларни декларациялаш ҳоллари бундан мустасно;

– транспорт ҳужжатлари, ўров варағи бундан мустасно;

– товарларнинг келиб чиқиши сертификати (манфаатдор шахснинг хоҳиши бўйича ва унинг зарурлиги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда). 

Экспорт қилувчи мамлакатнинг экспорт божхона юк декларацияси тақдим этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божидан ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик асбоб-ускуналар рўйхатига (2013 йил 20 март рўйхатдан ўтказиш рақами 2436) киритилган товарларнинг божхонада расмийлаштируви давлат божхона хизмати органлари томонидан бир иш куни мобайнида амалга оширилади. Божхона декларацияси тақдим этилмаган тақдирда божхона расмийлаштируви умумий белгиланган тартибда амалга оширилади.

Товарларнинг, шу жумладан электрон шаклдаги божхона расмийлаштируви хизмат кўрсатувчи банклар (ғазначиликлар) томонидан тақдим этиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида тўловчининг шахсий ҳисоб рақами бўйича божхона тўловлари тўланганлиги тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади (божхона тўловларини тўлаш кечиктирилиши ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилиши ҳоллари бундан мустасно).

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида рухсат берувчи тусдаги тегишли ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда давлат божхона хизмати органлари божхона расмийлаштирувини рад этиш ҳуқуқига эгадир. 

  1. Ташқи иқтисодий фаолият қатнашчисининг хоҳиши бўйича божхона расмийлаштируви учун барча зарур ҳужжатлар, шу жумладан ваколатли органларнинг ҳужжатлари қоғозда тақдим этилиши мумкин.

Товарларнинг электрон шаклдаги божхона расмийлаштируви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 июлдаги 605-сонли «Товарларни божхонада электрон шаклда декларациялаш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори мувофиқ амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда давлат божхона хизмати органлари томонидан:

ушбу қарорда назарда тутилмаган;

давлат божхона хизмати органлари ёки давлатнинг бошқа органлари ва давлат хизматлари кўрсатувчи бошқа ташкилотлар тасарруфидаги қўшимча ҳужжатларни талаб этиш тақиқланади.

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил
    14 майдаги 283-сон қарори билан тасдиқланган “Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги Низом”га мувофиқ, экспорт қилувчи ташқи савдо контрактлари ва инвойслар бўйича маълумотларни электрон шаклда электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ҳудудий бошқармаларининг божхона постлари хўжалик юритувчи субъект томонидан ТСОЯЭАТга киритилган контракт (шу жумладан, инвойс) маълумотларини «эркин муомалага чиқариш (импорт)», «экспорт» божхона режимларидаги божхона юк декларацияси маълумотлари билан, шунингдек, тижорат банклар томонидан ТСОЯЭАТга киритилган ҳисоб-китоб маълумотномасида кўрсатилган валюта миқдорини тўлов кафолатланган товарларнинг экспорт қийматига нисбатан мувофиқлиги ёки ортиқлиги билан солиштирадилар ҳамда фарқлар мавжуд бўлмаганда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда божхона юк декларациясини расмийлаштирадилар.

Экспорт қилувчилар қонун ҳужжатларида бошқача назарда тутилмаган бўлса, ТСОЯЭАТга инвойслар тўғрисидаги тегишли маълумотлар киритилиб, товарлар (ишлар, хизматлар) қиймати тўлиқ тўлангандан кейин ва экспорт қилувчиларнинг Ўзбекистон Республикасидаги банк ҳисобрақамларига маблағлар тушгандан сўнг товарларни (ишлар, хизматларни) божхона юк декларацияси асосида Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги онлайн дўконлар орқали экспорт қилишга ҳақли.

Бунда 5000 (беш минг) АҚШ долларигача бўлган товарлар электрон тижорат орқали божхона юк декларациясини расмийлаштирмасдан, почта хизматларини кўрсатиш қоидаларига мувофиқ реализация қилиниши мумкин.

26.02.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг