Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Миллий кинология маркази
39829
Миллий кинология маркази

Миллий кинология маркази

Давлат божхона қўмитасида 1993 йил октябр ойидан кинология хизмати ташкил этилган. Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази 1996 йил 24 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг 364-сон қарори билан ташкил этилган бўлиб, кинология соҳаси мутахассислари ва хизмат итларини тайёрловчи асосий маскан ҳисобланади.

Марказ зиммасига қуйидаги асосий вазифалар юклатилган:

- Ўзбекистон Республикаси божхона органлари ва бошқа хуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар кинология хизматларининг услубий таъминоти;

- кинологларни турли йўналишлар бўйича касбий ҳамда хизматга янги қабул қилинган кинологларни (йўналишидан келиб чиқиб, 2 ойдан 6 ойгача) бошланғич тайёргарликдан ўтказиш;

- кинологларни мунтазам равишда малакасини ошириш, қайта тайёрлаш (ҳар бир кинолог бириктирилган хизмат ити билан ҳар йили икки ҳафталик ўқув курсидан ўтказилади);

- зотдор итларни танлаб олиш, насл кўпайтириш ҳамда уларни кинология хизматининг барча йўналишлари бўйича ўргатиш.

Марказ Тошкент шахрининг Сирғали туманида жойлашган бўлиб, миллийлик уйғунлашган ўзига хос замонавий меъморчилик услубида қурилган бино ва иншоотлар мажмуаси ҳамда манзарали дарахтлар ва нафис гуллар билан ободонлаштирилган сўлим ҳудудни ташкил этади.

Марказ ҳудудида маъмурий бино, меҳмонхона шаклидаги ётоқхона, жисмоний ва жанговор тайёргарлик мажмуаси, итлар билан турли йўналишлар бўйича ўқув машғулотлар ўтказиш майдони, шунингдек хизмат итлари питомниги ва улар билан машқ ўтказиш ҳамда ўқув-услубиёт ва таҳлил бўлимлари, туғруқ бўлинмаси ва ветеринария хизмати жойлашган.

Марказ питомниги волерлар, овқат тайёрлаш учун махсус ошхона, хўжалик майдони ва итларни чўмилтириш жойидан иборат. Хизмат итлари питомниги мунтазам равишда чидамли ва ишчан ҳолатидаги аъло сифатли зотдор итлар билан тўлдириб борилади.

Туғруқ бўлими иришга рухсат чекланган бўлиб, унда турли ёшдаги ит болаларини сақлаш учун волерлар, бассейн, тренажёрлар, сайр ва ўйин майдончалари мавжуд.

Марказдаги ветеринария бўлими хизмат итларига ветеринария ва профилактика хизматларини кўрсатишга мўлжалланган, шу билан бирга лаборатория текширувларини ўтказиш, ташхис қўйиш, терапия ва жарроҳлик операцияларини мустақил амалга ошириш учун зарур ускуналар билан жиҳозланган.

Ўқув-услубиёт ва таҳлил бўлимида ҳар бир йўналиш бўйича ихтисослаштирилган ўқув хоналари, компютер синфи ва кутубхона мавжуд бўлиб, кинологларни назарий ўқитиш, амалий машғулотлар ўтказиш, ўқув жараёнларини ташкиллаштириш, такомиллаштириш учун барча шароитлар яратилган.

Марказнинг авто хўжалиги марказ фаолияти учун зарур бўлган махсус транспорт воситалари, меҳмонлар ва ходимларга хизмат кўрсатиш учун автобус ва енгил автомобиллар билан жамланган.

Марказда қуйидаги йўналишлар бўйича хизмат итлари тайёрланади:

1. Гиёҳванд моддаларни қидириш;

2. Портловчи моддалар, қурол-яроғ ва ўқ-дориларни топиш;

3. Антитеррор;

4. Из-қидирув фаолияти;

5. Ҳимоя-қоровул хизмати;

6. Қидирув-қутқарув ишлари.

Шу билан бирга, янги йўналиш бўлган чет эл валютасини қидириб топишни ўзлаштириш бўйича хизмат итларини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Марказда ўргатилаётган хизмат итларида турли шароитларда юклатилган вазифани бажариш кўникмасини шакллантириш учун реал шароитга максимал даражада яқинлаштирилган инфратузилма яратилган.

Хусусан, ўргатиш майдонларига контейнерлар, енгил ва юк автоуловлари, автобуслар, темир йўл вагонлари, катер, самолёт ва бошқа ўргатиш елементлари макетлари ўрнатилган (сунъий харобалар, тоғ-тошли релеф, божхона назоратидан ўтказиш пункти, осма норвонлар, турли тўсиқлар ҳамда қидирув машқини ўтказиш учун алоҳида жой ва тренажёрлар).

Марказ Давлат божхона қўмитасининг “Кинология хизмати” автоматлаштирилган ахборот тизимига масъул бўлиб, соҳавий назорат юритиш, хусусан, кинологлар жалб етилган божхона кўриклари ҳамда хизмат итларини қўллаш натижалари бўйича маълумот тўплаш ва таҳлил қилишда тизимдан самарали фойдаланиб келмоқда.

Шу билан бирга, Марказ томонидан амалга ошириладиган тери остига электрон чиплар жойлаштириш механизми ҳар бир хизмат ити тўғрисида индивидуал характердаги муфассал маълумотлар базасини шакллантириш имконини беради.

Марказнинг юқори малакали ходимлари илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ етишда Австрия, Франция, Латвия, Корея, Россия каби турли давлатлар кинология хизматлари мутахассислари билан доимий равишда тажриба алмашиб келмоқда.

Шунингдек, Марказда халқаро лойиҳалар доирасида хорижий давлатлар кинология хизматлари вакиллари ҳам ўқитиб келинмоқда.

Бугунги кунда Марказ томонидан кинология соҳасининг барча йўналишлари бўйича 30 дан ортиқ ўқув-услубий қўлланмалар тайёрланган. Бундан ташқари, хизмат итларини ўргатишда турли хизмат шароитларини қамраб олиш учун ўқув моделлари мунтазам равишда янгилаб келинмоқда.

Марказ турли даражаларда ўтказилаётган мусобақа, кўрик ва кўргазмаларда муносиб ўринларни егаллаб келмоқда.

Таъкидлаш лозимки, 2008 йилда Марказга Жаҳон божхона ташкилотининг Минтақавий кинология маркази мақоми берилган бўлиб, бу ўз навбатида унда яратилган инфратузилма ҳамда ўқув-машғулот жараёнларининг жаҳон стандартларига мос эканлигини исботлайди.

2010 йилда Жаҳон божхона ташкилотининг Бош котиби Кунио Микурия Марказга ташрифи чоғида унинг фаолиятига юқори баҳо берган.

Ўтган даврда божхона органлариа томонидан хизмат итлари ёрдамида гиёвандлик воситалари, психотроп моддалар, қурол-яроғ ва ўқ дориларнинг  ноқонуний айлануви билан боғлиқ кўплаб ҳуқуқбузарликлар фош этилган.

Хизмат фаолиятидаги фидоийлиги, эришган ютуқлари ва самарали хизматлари учун 25 нафар божхоначи-кинологлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат мукофотларига муносиб топилган.

Шунингдек, юқори натижаларга эришган кинологлар Давлат божхона қўмитаси Раҳбарияти томонидан ҳам мунтазам равишда рағбатлантириб келинмоқда.

20.02.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг