Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Таҳлилий маълумот
2236

Жамоатчилик кенгашнинг очиқликни таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш ва давлат органи фаолиятини такомиллаштириш борасида амалга оширган чора-тадбирлар ҳақида таҳлилий маълумот

 

Божхона органлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши фаолиятнинг очиқлигини таъминлаш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширган чора-тадбирлар доимий равишда таҳлил қилиб келинмоқда.

Сўнгги йилларда давлат божхона хизмати органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, ушбу йўналишдаги чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, очиқликни таъминлашда илғор, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Божхона қўмитасининг расмий веб-сайти ва Ўзбекистон Республикасининг очиқ маълумотлар порталида давлат божхона хизмати органлари фаолиятига доир очиқ маълумотларни доимий равишда ёритиш йўлга қўйилди.

Божхона қўмитаси ва ҳудудий божхона бошқармаларининг ижтимоий тармоқлардаги расмий ахборот каналлари ва саҳифалари ишга туширилди.

Оммавий ахборот воситалари орқали божхона органлари фаолиятини кенг тарғиб қилиш, оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ва блогерлар учун матбуот анжуманлари, брифинг ва пресс-турларни тизимли ташкил қилиш йўлга қўйилди.

Божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Давлат божхона қўмитаси Раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси мақомига эга бўлди.

Шунга қарамай, божхона органлари фаолиятининг очиқлигини тўлақонли таъминлашга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар ҳамон сақланиб қолмоқда.

Жумладан, божхона органлари фаолиятига доир очиқ маълумотлар рўйхати ташқи иқтисодий фаолият иштирокчлари ва кенг жамоатчилик манфаатларидан келиб чиқиб, шакллантирилмаган.

Расмий веб-сайтга ахборотлар жойлаштириш ва очиқ маълумотларни эълон қилиб боришни таъминлашга қаратилган ички идоравий ҳужжатлар тарқоқ ҳолатда ҳамда мазкур жараёнларда бюрократик омиллар сақланиб қолган.

Айниқса, ҳудудий божхона бошқармаларининг ўз фаолиятига доир очиқ маълумотларни эълон қилиб боришнинг расмий веб платформасига эга эмас.

Божхона органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича тадбирларни мониторинг қилиш ҳамда доимий равишда комплекс баҳолаш механизмлари йўлга қўйилмаган.

Божхона органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳозир бўлиши учун шароитлар яратилган бўлишига қарамай, бу амалда ўз самарасини бермаяпти.

Божхона органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровлар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга доир умумий тартиблар асосида кўриб чиқиляпти, бу турдаги сўровларни қабул қилиш ва ҳисобини юритишнинг алоҳида механизмлари мавжуд эмас.

Мазкур муаммоларни ҳал этишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 апрелдаги “Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–122-сон Фармони муҳим рол ўйнамоқда.

Ушбу ҳужжатнинг 4-иловаси 9-банди билан очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларига тўлиқ риоя этиш ҳамда божхона тизими фаолиятида очиқлик принципларига амал қилиш даражасини ошириш ва божхона органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш концепциясини тасдиқлаш вазифаси юкланди.

Шу мақсадда 2022 йилнинг июнь ойида илк бор Божхона органларининг очиқлиги концепцияси тасдиқланди. Концепцияни ишлаб чиқишда Жамоатчилик кенгаши ҳам фаол иштирок этди.

Концепция божхона органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш учун қулай шароитлар яратиш, очиқ маълумотларнинг долзарблиги ва тезкорлигини таъминлаш, кенг жамоатчилик ва ТИФ иштирокчиларининг божхона органлари фаолиятига доир ахборотлар юзасидан эҳтиёжларини тўлиқ қондириш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг Очиқлик индексида Давлат божхона қўмитасининг юқори кўрсаткичларга эришишини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Божхона органлари фаолияти очиқлигининг асосий принциплари божхона органлари фаолиятига оид ахборотнинг ошкоралиги ва шаффофлиги, ундан барчанинг фойдаланиши мумкинлиги, ахборотнинг ўз вақтида берилиши ва ишончлилиги, ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олади.

Эндиликда божхона органлари фаолиятида очиқликни таъминлашнинг асосий йўналишлари қуйидагилар ҳисобланади:

божхона соҳасида очиқликни таъминлаш, расмий веб-сайт ва порталга ахборотлар жойлаштиришга доир ички идоравий ҳужжатларда ягона ёндашувни таъминлаш ва ижрочиларни аниқ белгилаш мақсадида ҳужжатларни инвентаризациядан ўтказиб, мавжуд норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш;

божхона органлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг институционал асосларини ривожлантириш, жумладан, ушбу фаолиятни тартибга солувчи алоҳида ихтисослаштирилган бўлинмани ташкил этиш;

расмий веб-сайтда ва порталда божхона органлари фаолиятига доир очиқ маълумотлар рўйхатини қайта кўриб чиқиш ҳамда жамоатчиликнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда рўйхатни янгилаш юзасидан таклифларни тегишли вазирлик ва идораларга тақдим этиш;

Божхона қўмитасининг расмий веб-сайти, портал, ижтимоий тармоқлардаги саҳифа ва каналлари орқали ахборотлар тақдим этишнинг визуал усулларини тубдан такомиллаштириш;

божхона органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича тадбирларни мониторинг қилиш ҳамда доимий равишда комплекс баҳолаш, мазкур йўналишда божхона ходимларини рағбатлантиришга қаратилган ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;

божхона органларининг Жамоатчилик кенгаши ҳамда нодавлат-нотижорат ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш орқали жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларидан самарали фойдаланиш;

божхона органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни ахборот-кутубхона ва архив фондлари орқали тақдим этиш;

божхона органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳозир бўлишларини таъминлаш;

божхона органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровларни кўриб чиқишнинг шаффоф тизимини яратиш;

жисмоний ва юридик шахслар билан сайёр қабулларни онлайн тарзда йўлга қўйиш;

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор янги қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида фуқаролар ва кенг жамоатчиликни хабардор қилиш тизимини янада такомиллаштириш;

божхона органлари фаолияти очиқлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш ҳамда баҳолаш индикаторларини белгилаш бўйча Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;

очиқликни таъминлаш соҳасида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар божхона хизматлари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш.

Концепцияда Божхона органлари фаолиятида очиқлик индексининг қуйидаги асосий индикаторлари белгилаб олинди:

божхона органларида очиқликни таъминлашга масъул бўлган ходимларнинг самарадорлиги;

Божхона қўмитаси расмий веб-сайтида ахборотларни жойлаштириш ва электрон давлат хизматлари кўрсатиш ҳолати;

ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни қонунчиликда белгиланган ахборот ресурсларида эълон қилиш ва жамоатчилик олдида ҳисобдорлик тизимини йўлга қўйилиши;

бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлашга оид маълумотларнинг расмий веб-сайтда ва очиқ маълумотлар порталига жойлаштирилиши;

оммавий коммуникация технологияларининг жорий қилиниши;

коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишда очиқлик тамойилларидан фойдаланиш ҳолати;

жамоатчилик кенгаши фаолиятининг самарадорлиги.

Ишонамизки, концепцияда белгиланган вазифаларни тўлиқ ва сифатли бажариб, божхона хизмати органлари фаолиятининг янада очиқлиги ҳамда шаффофлиги таъминланиши орқали қатор натижаларга эришилади.

Хусусан, очиқлик индексида Божхона қўмитасининг ўрнини яхшилаш, коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш самарадорлигини ошириш ҳамда коррупциявий хавф-хатарларни минималлаштириш, божхона соҳасига доир бир ҳил маъзмундаги маълумотларни олиш бўйича мурожаатлар сонини қисқартириш, жамоатчиликнинг божхона органларига нисбатан ишончини ошириш
ва тизим нуфузини яхшилаш кутилмоқда.

Бу жараёнларда Жамоатчилик кенгаши ҳам фаол иштирок этиб. божхона ишига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнларига кенг жамоатчилик вакилларини жалб этиш орқали ушбу ҳужжатларни қабул қилиниши натижасида йўл қўйилиши мумкин бўлган хатоликларнинг барвақт олдини олишга ҳам ўз ҳиссасини қўшади.

 

Ҳусан Тангриев,

Жамоатчилик кенгаши аъзоси

26.12.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг