Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона хизмати органларининг очиқ ҳайъат ва кенгаш мажлисларида ахборот излашни амалга ошираётган жисмоний ёки юридик шахсларнинг ҳозир бўлиш тартиби
37943

Божхона органлари фаолиятининг очиқлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш бўйича очиқ мажлислар ишини ташкил этиш Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни ва амалдаги бошқа тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда мазкур cоҳада қабул қилинган тегишли Низомга мувофиқ амалга оширилади.

Очиқ мажлислар Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар божхона бошқармалари ва “Тошкент-АЭРО” ИБКда (бундан буён матнда божхона органлари деб юритилади) фаолият олиб борувчи ҳайъат ва кенгашларда ташкил қилинади.

Божхона органлари ҳайъат ёки кенгаш мажлисларида тингланадиган ахборотлар давлат сирлари ва қонун билан қўриқланадиган бошқа маълумотлар жумласига киритилса, ушбу ҳайъат ёки кенгаш мажлислари божхона органлари ходимлари иштирокида ёпиқ тарзда ўтказилади.

Божхона органлари томонидан очиқ мажлисларда ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳозир бўлишлари учун барча зарур шарт-шароитлар яратилади.

Божхона органлари ахборотдан фойдаланувчилар танишиши учун очиқ ҳайъат ёки кенгаш мажлисларини ўтказиш режалари, кун тартиби, ўтказиш санаси, жойи, вақти ва бошқа зарур маълумотлар ахборотдан фойдаланувчилар кириши мумкин бўлган бинолар ва ДБҚ расмий веб-сайтида (бундан буён матнда веб-сайт) жойлаштирилади.

Ахборотдан фойдаланувчиларнинг очиқ мажлисларда ҳозир бўлишлари уларнинг тегишли божхона органига Ўзбекистон Республикаси “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунининг 20-моддаси ҳамда ДБҚнинг “Давлат божхона хизмати органлари фаолиятига доир маълумотларни олиш бўйича сўровларни кўриб чиқиш Регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2014 йил 30 августдаги 258-сон буйруғи талабларга риоя қилинган ҳолда киритган ёзма сўровига асосан амалга оширилади.

Бундай сўров ахборотдан фойдаланувчилар томонидан очиқ мажлис ўтказиладиган санадан камида 20 кун олдин киритилиши лозим.

Сўровлар белгиланган тартибда рўйхатга олиниб, кўриб чиқиш учун очиқ мажлис котибига берилади. Ахборотдан фойдаланувчининг идентификациялаш имкониятини берадиган маълумотлар кўрсатилмаган сўров аноним ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.

Очиқ мажлис котиби сўровни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқиб, натижасига мувофиқ мажлис раиси кўрсатмасига асосан ахборотдан фойдаланувчиларни мажлисда иштирок этувчилар рўйхатига киритади ҳамда бу ҳақда ахборотдан фойдаланувчига мажлис ўтказиладиган санадан камида уч кун олдин ёзма тартибда маълум қилади. Сўров рад этилган тақдирда ахборотдан фойдаланувчига асослантирилган жавоб юборилади.

 Очиқ ҳайъат ёки кенгаш мажлисларида ҳозир бўлиш истагини билдирган шахсларнинг ҳисоби алоҳида журналда юритилади.

Ахборотдан фойдаланувчилар очиқ мажлисларга ўзларининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини кўрсатган ҳолда киритиладилар.

Божхона органлари тизимида ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ахборотдан фойдаланувчилар томонидан очиқ мажлисларга уяли телефон, компьютер ва бошқа ахборот ташувчи воситаларни олиб киришга йўл қўйилмайди.

Очиқ мажлисда қатнашишга розилик берилган ахборотдан фойдаланувчи узрли сабабларга кўра очиқ мажлисда ҳозир бўла олмаса ва бу ҳақида божхона органларига хабар берган бўлса, унинг келгусидаги очиқ мажлисларда ҳозир бўлиши юқоридаги бандларига мувофиқ амалга оширилади.

Очиқ мажлисда қатнашиши лозим бўлган ахборотдан фойдаланувчи мажлисга келмаган тақдирда, ҳайъат ёки кенгаш масъул котиби томонидан бу тўғрисида далолатнома тузилади.

Ташкилий-техник имкониятлардан келиб чиқиб, мажлис ўтказиш залида ахборотдан фойдаланувчилар учун жойлар жиҳозланади. Ахборотдан фойдаланувчилар учун жойлар сони ҳозир бўлиш истагини билдирганлар сонидан келиб чиқиб ҳисобланади. Жойлар рўйхатга олиш журналидаги ёзувнинг кетма-кетлигидан келиб чиқиб тақсимланади.

Агар очиқ мажлисларда ҳозир бўлиш тўғрисида сўров билан мурожаат қилган ахборотдан фойдаланувчилар ҳаддан ташқари кўпчиликни ташкил қилса ва уларни мажлис ўтказиладиган хонага бир вақтнинг ўзида жойлаштиришнинг имкони бўлмаса, уларнинг бир қисми мажлис ўтказиладиган бинодаги зарур техник воситалар билан жиҳозланган хоналардан бирига жойлаштирилиб, мажлис жараёнини кузатиб (эшитиб) бориш учун зарур шароитлар яратиб берилади.

Ҳайъат ёки кенгаш масъул котиби очиқ мажлисларда ҳозир бўлувчи ахборотдан фойдаланувчиларни мазкур Низом ва ҳайъат ёки кенгаш мажлисини ўтказиш регламенти талаблари билан таништириши шарт. Ушбу таништирув қайд этилган ҳужжатлардан кўчирмаларни веб-сайтга жойлаштириш ва (ёки) ахборотдан фойдаланувчиларни очиқ мажлисда иштирок этиш масаласида берган сўровига юбориладиган жавоб хати орқали амалга оширилиши мумкин.

Ахборотдан фойдаланувчилар очиқ мажлисда ҳозир бўлганда мажлисни ўтказиш регламенти талабларига қатъий риоя этишлари лозим. Агар ахборотдан фойдаланувчи ўрнатилган ички тартиб-қоидаларга риоя қилмаса, раислик қилувчи тартиб бузувчига танбеҳ беради, тартиб қайта бузилганда эса, уни мажлис залидан чиқариб юборади.

Ахборотдан фойдаланувчилар томонидан ҳайъат ёки кенгаш мажлисларида ҳозир бўлиш давомида фикр-мулоҳазалар билдирилса ёки саволлар билан мурожаат этилган тақдирда, уларга ушбу масалалар бўйича ахборот олиш тартиби тушунтирилади.

Очиқ мажлисларда фақат аккредитация қилинган оммавий ахборот воситалари (бундан буён матнда ОАВ деб юритилади) вакиллари қатнашишларига йўл қўйилади.

Очиқ мажлислар баённомаларига ахборотдан фойдаланувчиларнинг иштирок этганлиги тўғрисида маълумот қайд этилиши лозим.

21.07.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг