Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Жисмоний шахслар томонидан почта ва курьерлик жўнатмалари орқали товарларни жўнатиш тартиби
47309

Жисмоний шахслар томонидан почта ва курьерлик жўнатмалари орқали товарларни жўнатишни тартибга солишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига жисмоний шахслар номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарлар назоратини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 19 июлдаги ПҚ-3873-сон қарори муҳим роль ўйнамоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ-5414-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига жисмоний шахслар номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарларни божхона назоратидан ўтказиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида почта алоқаси операторлари ва провайдерлари томонидан давлат божхона хизмати органларига жисмоний шахслар номига халқаро курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарлар ҳақида мажбурий равишда хабардор этиш белгиланган.
Почта алоқаси оператори ва провайдерлари томонидан халқаро курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган товарлар тўғрисида олдиндан электрон тарзда хабар беришда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган маълумотлар рўйхати тасдиқланди. Рўйхатга ушбу ҳужжатлар киритилган.
1. Қабул қилувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми.
2. Қабул қилувчининг манзили.
3. Қабул қилувчининг паспорт серияси ва рақами ёки солиқ тўловчининг идентификация рақами.
4. Почта алоқаси оператори ёки провайдерининг номи.
5. Жўнатувчи давлат.
6. Жўнатманинг тавсифи.
7. Жўнатманинг қиймати.
* Ёзма хат-хабарлар (майда пакетлардан ташқари), дипломатик почта ва консуллик почта қопларига татбиқ этилмайди.

Халқаро курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган товарлар тўғрисида давлат божхона хизмати органларини олдиндан электрон тарзда хабардор қилиш жараёнларини амалга ошириш схемаси тасдиқланди.

Кириб келаётган халқаро курьерлик жўнатмаларини божхона назорати ва расмийлаштируви:
темир йўл ва автомобиль транспорти орқали етказишда — махсус белгиланган божхона постларида;
ҳаво транспорти орқали етказишда — халқаро аэропортлар ёки унга яқин ҳудудларда жойлашган божхона постларида амалга оширилади.
Халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудига юридик шахслар номига келаётган қиймати 100 (юз) АҚШ долларига тенг бўлган товарлардан божхона тўловлари ундирилмайди.
Халқаро курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган товарларнинг бож ундирилмайдгиан миқдори бир календарь чорак мобайнида 1 000 (бир минг) АҚШ долларини ташкил қилади.
Товарларни жисмоний шахс томонидан божхона чегарасидан олиб кирилиши ва олиб чиқилиши мажбурий ёзма декларациясиз амалга оширилади, бундан халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари ҳамда тадбиркорлик фаолияти учун мўлжалланган товарлар мустасно;
жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларнинг қандай мақсадга мўлжалланганлигини аниқлашда товарларнинг миқдори ҳисобга олинади ва бунда товарларни олиб ўтаётган жисмоний шахс ва унинг оила аъзолари эҳтиёжларидан ортиқ миқдордаги бир турдаги товарларга, агар товарларни олиб ўтаётган шахс аксини исботлаб бермаса, тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун олиб кирилаётган товарлар деб қаралади.

Қандай товарларни халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали юбориш тақиқланган?

Жавоб: Жўнатилиши тақиқланган ва чекланган предметлар ва моддалар рўйхати Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидалари (рўйхат рақами 2219, 18.04.2011 й.) билан тасдиқланган. Ички ва халқаро почта, курьерлик жўнатмаларида қуйидагиларнинг жўнатилиши тақиқланган:

а) ўқотар, сигналли, пневматик, газли қуроллар, ўқ-дорилар, совуқ қурол (жумладан, отиладиган), электрошок қурилмалари ва учқунли разрядниклар, шунингдек, ўқотар қуролнинг асосий қисмлари, жиҳозланмаган портлаш қурилмалари ва ўқ-дорилар, шу жумладан жиҳозланмаган гранаталар, снарядлар ва бошқа ўхшаш предметлар, шунингдек, шундай қурилмалар ва предметларнинг муляжлари;

б) гиёҳвандлик воситалари, психотроп, кучли таъсир этадиган, радиоактив, портлайдиган, заҳарли, ўювчи, осон алангаланадиган ва бошқа хавфли моддалар (мазкур Рўйхатнинг 3-банди «в» ва «г» кичик бандларининг олтинчи хатбошисида санаб ўтилганлардан ташқари);

в) Ўзбекистон Республикасининг пул белгилари ва хорижий валюта (Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва унинг муассасалари томонидан юбориладиганларидан ташқари);

г) ахлоқсизлик ёки бузуқлик хусусиятидаги предметлар;

д) контрафакт ва қароқчилик предметлари;

е) олиб кириш ёки муомалада бўлиши тайинланган мамлакатда тақиқланган предметлар чиқувчи (халқаро почта жўнатмалари учун);

ж) ўзининг хусусиятига ёки ўровланишига кўра, почта ходимлари ёки оддий аҳоли учун хавф туғдириши, бошқа жўнатмаларни ва почта ускунасини ифлос қилиши ёки бузиши мумкин бўлган предметлар;

з) жорий ва шахсий ёзишма мазмунидаги ҳужжатлар, шунингдек, жўнатувчи ва олувчи бўлмаган шахслар ёки улар билан яшовчи шахслар алмашинадиган оддий ва буюртма хатлар, почта варақчалари ва бандероллар;

и) тирик ҳайвонлар.

к) ускунада мавжуд бўлган ва ускунадан алоҳида жўнатиладиган литийли элементлар ёки литийли батареялар.

Бундан ташқари, халқаро почта, курьерлик жўнатмаларида қуйидаги предметлар ва буюмларни жўнатиш тақиқланган:

Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш, шунингдек белгиланган мамлакатга олиб кириш тақиқланган;

Умумжаҳон почта иттифоқи ҳужжатларига мувофиқ жўнатилиши тақиқланган;

рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган ташқи савдо фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ўрнатилган чекловлар қўлланиладиган предметлар ва буюмлар.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига хориж мамлакатларидан келиб тушадиган халқаро почта жўнатмаларида уруғлар ва экиш материали, мевалар, янги мевалар ва сабзавотларни жўнатиш тақиқланади.

Тегишлича ўровдаги босма нашрлар ва кўзи ожизлар учун мўлжалланган жўнатмалар:

ҳеч қандай аннотацияга эга бўла олмайди, жорий ёки шахсий ёзишма мазмунидаги ҳеч қандай ҳужжатларни ичига ололмайди;

тамғаланган ёки тамғаланмаган ҳеч қандай маркаларни, тўлов бланкларини, пул қийматига эга бўлган ҳеч қандай ҳужжатларни ичига ололмайди, жўнатмада жойланма сифатида жўнатувчининг манзили босилган бандероль ёки варақча, конверт бўладиган ҳоллардан ташқари.

3. Маълум шарт-шароитларда халқаро почта, курьерлик жўнатмаларида жўнатиш рухсат этилган предметлар:

а) маданий бойликлар — Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг махсус қарорлари билан ва бошқа ваколатли органлар томонидан шундай ҳуқуқ берилган ташкилотлар томонидан;

б) Ўзбекистон Республикаси миллий валютасидаги тангалар ва банкнотлар, хорижий банклар билан валюталар намуналарини алмашиниш тартибида ва нумизматика мақсадларида;

в) ташкилотлар томонидан, ваколатли органлар томонидан бериладиган рухсатномалар бўйича қуйидагиларни жўнатишга рухсат этилади:

илмий-тадқиқот ишларининг натижалари, ноу-хау, ихтиролар — Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан;

санъат асарлари — Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан;

Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоби»га киритилган ўсимликлар ва ҳайвонлар — Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан;

доривор воситалар, тиббиёт мақсадларидаги маҳсулотлар (буюмлар) ва тиббиёт техникаси — Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Дори воситалари ва тиббий техникалар сифатини назорат қилиш бош бошқармаси томонидан;

гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тиббиёт ёки илмий мақсадларда, уларни жўнатиш рухсат этиладиган мамлакатларга ва расмий келишувга мувофиқ — соғлиқни сақлаш органлари томонидан миллий хавфсизлик хизмати, ички ишлар идоралари билан келишилган ҳолда бериладиган сертификатлар асосида ва гиёҳвандлик воситалари устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат комиссиясининг тегишли рухсатномаси билан;

ов қилиш чекланган ёки вақтинчалик тақиқланган ўсимликлар ва ҳайвонлар — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини бош давлат инспекцияси, Давлат ветеринария бош бошқармаси ва Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тегишли тақиқлар ва чекловлар амал қилиши даврида.

Маданий бойликлар бўлган почта, курьерлик жўнатмаларини жўнатишда, жўнатувчи почта алоқаси объектига Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Маданий бойликларни чет эллардан олиб келиш ва чет элга олиб кетиш назорати бўйича бадиий экспертизалар бошқармасининг рухсатномасини тақдим этишлари керак, бу рухсатнома почта, курьерлик жўнатмасининг ичига қўйилади.

г) гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар, улар Ўзбекистон Республикасида таркибида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар бўлган доривор воситаларни рўйхатга олиш ёки қайта рўйхатга олиш учун намуналар сифатида юборилганда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Соғлиқни сақлаш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаментининг кўрсатилган юкларнинг гуманитар ёрдамга тегишлилиги тўғрисидаги хулосасига мувофиқ улар Ўзбекистон Республикасидаги муайян юридик шахсларга юборилаётганда, уларни гуманитар ёрдам кўринишида жўнатишга рухсат берилади.

Халқаро хатлар ва қиймати эълон қилинмаган посилкаларда тангалар, банк чипталари, кредит чипталари ёки даъвогарнинг бирор-бир қимматбаҳо буюмлари, йўл чеклари, платина, олтин ёки кумушдан ясалган буюмлар ёки ишлов берилмаган кўринишдаги қимматбаҳо тошлар, заргарлик буюмлари ва бошқа қимматбаҳо предметларни жўнатиш тақиқланади.

Истисно тарзида буюртма майда пакетларда куйидагилар жўнатилишига рухсат этилади:

тирик асаларилар, зулуклар ва ипак қуртлари;

паразитлар ва ҳашаротларни ўрганиш учун мўлжалланган ва расман тан олинган муассасалар ўртасида алмашинадиган зарарли ҳашаротларни қирувчилар;

расман тан олинган муассасалар учун, тиббий-биологик тадқиқотлар учун дрозофил (Drosophilidae) оиласига кирадиган майда пашшалар.

25.08.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг