Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона тарихи
36409

БУЮК ИПАК ЙЎЛИ ДАВРИДА БОЖХОНА

Марказий Осиёда Сўғдиёна ва Бақтрия-Тоҳаристон савдо йўллари қадим-қадимдан Буюк ипак йўлининг энг гавжум тармоқларидан ҳисобланган. Сўғдий савдогарлар узоқ Шарқ ва Вьетнамгача борганликлари тўғрисида маълумотлар сақланиб қолган бўлса, Бақтрия-Тоҳаристоннинг ушбу ҳудудларда буддавий ва монехийлик динлари ёйилишидаги ўрни ҳам каттадир. Мазкур ўлкаларни бевосита боғлаб турган жанубий Ҳисор тоғларидаги савдо йўлларининг асосий йўналиши ва мавсумий тармоқлари эса, археологик ва ёзма маълумотларга қараганда Буюк ипак йўли шаклланишидан минг йиллар аввал амалда бўлиб, уч йўналишга ажралган: ғарбий – дашт йўналиши, ҳозирги Сурхондарё вилояти билан Туркманистонни боғлаб турувчи темир йўл шохобчасига деярли мос келади.

Темирдарвоза орқали ўтадиган марказий йўналиш энг қулай, яқин ва табиийки, доимий йўл ҳисобланган. Сўнгра асосий йўл Темирдарвоза, Зоғхона довони (ҳозирги Сайроб қишлоғи) ва Шеробод дарёси бўйлаб Шеробод шаҳри, Амударёнинг Шўроб кечуви орқали Балхга борган.

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, Ҳисор савдо йўллари кўплаб тош деворлар ва назорат қўрғонлари воситасида муҳофаза қилиб турилган. Бу эса савдо йўлларига бўлган юксак эътибордан яққол далолатдир.

Шеробод даҳанасида, дарёнинг чап соҳилидаги қоя устида жойлашган Тавка қалъасида олиб борилган изланишлар Буюк ипак йўлини ўрганишда ўзига хос кашфиёт бўлди.

Тавка деворий суратларининг таҳлили ва бошқа археологик топилмалар асосида бу қалъани милоднинг VI-VII асрлари билан боғлаш мумкин. Маълумки, ўша даврда Тоҳаристон Ўрта Осиёнинг кўплаб ҳудудлари сингари Ғарбий Турк ҳоқонлиги таркибига кирган. Бу ҳоқонлик билан Сосонийлар ва Византия империясининг Буюк ипак йўлидаги ўзаро рақобати уларнинг йўлга бўлган муносабатларидан, яъни йўлнинг улар иқтисодиётига аҳамиятидан келиб чиққан.

Кейинги йилларда очилган қатор археологик ёдгорликлар Шеробод даҳаналари, жўғрофий шароитга кўра, тоғ ҳудудидан текисликка чиқиш йўли бўлганлигини тасдиқламоқда. Даҳана тош деворлари шу даврларда ҳам амалда бўлган. Юқорида қайд қилинган асосий ва мавсумий тармоқларда жойлашган ёдгорликлар ичида Тавка қўрғонининг алоҳида ўрни бўлган. У сўзсиз Буюк ипак йўлининг жанубий Ҳисор тоғлари бўйлаб ўтган қисмидаги муҳим манзилгоҳлардан биридир. Ўзаро ҳамоҳанг ягона меъморий мажмуани ташкил қилувчи қўрғон ва тош девор, изланишларнинг дастлабки натижаларидаёқ, “Божхона” деб талқин қилинган. Аввало, қўрғоннинг бевосита шимоли-ғарбий Тоҳаристон тоғ ва текислик воҳалари чегарасида ёхуд бу ҳудуддан ўтган савдо йўлининг асосий йўналиши бўйида, яъни тарихий-маданий чегара (Темир дарвоза) яқинида жойлашганлиги уни “Давлат Божхонаси” деб аталишига асос бўлади. Чунки Даҳана тоғ ва текислик воҳалари учун ҳам дарвоза вазифасини бажариб келган бўлиб, бу ерда божхонанинг жойлашганлиги табиийдир. Ёдгорликнинг ихчам ва айни бир пайтда маҳобатли кўриниши, ҳашаматли безатилганлиги, қишки, ёзги қабулхоналари, савдо карвонларидан тушган божларни вақтинча сақлашга мўлжалланган хоналари, карвонлар етиб келгунларига қадар уларни кузатиш имконияти бу чиндан ҳам Давлат божхонаси бўлганлигини исботлайди.

Маълумки, божхоналар қадим-қадимдан фақат бож олиш масканигина бўлиб қолмай, балки савдо карвонларига хизмат кўрсатиш муассасалари ҳисобланиб, улар яқинида карвонсаройлар фаолият кўрсатган.

АМИР ТЕМУР ВА ТЕМУРИЙЛАР ДАВРИДА БОЖХОНА

13-14   асрларда  буюк  аждодимиз   Соҳибқирон  Амир  Темур  томонидан  пойтахти Самарқанд шаҳри бўлган улкан  марказлашган  давлатга  асос солиниши миллий божхона тизими тарихида ҳам муҳим ўрин тутади.

Темурийлар давлатининг харитасини кузатар экансиз, унинг ҳудуди Ҳиндистон ҳамда Хитойдан Қора денгизга қадар, Сирдарё  ва  Орол денгизидан Форс қўлтиғига қадар ғоят катта ҳудудни қамраб олганлигига гувоҳ бўлишади. Дарҳақиқат, Темур давлати таркибига Кичик Осиё, Сурия, Миср   ва   шимолий   ғарбда   Қуйи  Волга,   Дон   бўйлари, шимолий-шарқда    Балхаш   кўли   ва   Или   дарёсигача, жанубий-шарқда эса Шимолий Ҳиндистонгача бўлган мамлакатлар қарашли бўлган.

Ўша   даврда  Европа,  Осиё   ва   яқин  Шарқ   давлатлари  билан  савдо-сотиқ   ишлари   олиб   борилган.   Давлат чегаралари   яқинида   қурилган  карвонсаройларда  карвонлар  кутиб  олинган.   Карвонсаройларда   товарлар  кўздан кечирилиб,  бож  ундирилган.  Бож  тўланган  юкларга  тамға  босиб берилган. Ушбу бож тўланганлигини билдирувчи тамға босиш амалиёти Амир Темур даврида кенг тарқалган.         Айрим   манбаларда  “тамға”  сўзидан  рус  тилидаги  “таможня”  сўзи  келиб чиққанлиги қайд этилган. Яъни, бож ундириб,  тамға  қўйишни  “тамжить”,  бу  ишни  амалга  оширадиган  жойни  “таможня”  деб  юритишган.

Амир  Темур  барпо  этган  давлатнинг  қудрати   Франция,   Англия,   Генуя,   Византия,  Испания каби  давлатлар ҳукмдорларининг  Соҳибқирон  билан  сиёсий,  иқтисодий, савдо алоқалари  ўрнатишга интилишларига сабаб бўлган. Шу боис улар Соҳибқирон ҳузурига мунтазам элчилар юбориб туришган.       

Жумладан,  1404  йили  Кастилия  (Испания)  қироли  Генрих III   элчиси  Руи  Гонсалес  де  Клавихо Самарқандга ташриф буюриб, бир мунча муддат яшаган ва “Темур саройига сайёҳат” номли эсдаликларини ёзган.

Ушбу  эсдаликларда:  "Темур дарвозаси"  деб аталган,  салтанат  ҳудудига  киришда  божхона маскани вазифасини бажарган  икки  жой  тўғрисида  ҳам  сўз  юритган.  Жумладан, “...Амир Темур учун булар, айниқса, даромадли манба эди.  Буларнинг  биттаси  Кавказ  тизмасининг  шарқий  тоғ  тизмасида,  Каспийга  тушадиган  Дарбандда  жойлашган бўлиб,  иккинчиси  эса  Самарқанд  ва  Балх  ўртасидаги  тоғ тизмасида, Шаҳрисабздан икки кунлик йўлда жойлашган ерда эди.”- деб кўрсатган.

Соҳибқироннинг  учинчи  ўғли,  Ғарбий  Эрон, Ироқ ва Озарбайжон ҳокими Мироншоҳ эса Франция, Англия каби мамлакатлар  ҳукмдорлари  билан  дипломатик  мактублар  ёзишиб  турган.  Уларнинг   айримлари  ҳозирда  Британия музейи ва Париж Миллий кутубхонасида сақланмоқда.

 Соҳибқирон   даврида  салтанат  ҳудудидаги  Бухоро,  Шаҳрисабз,  Тошкент каби кўплаб шаҳарлар савдо-сотиқ ва турли ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш марказлари сифатида машҳур бўлган. Ишлаб  чиқарилган  товарлар  чет  элларга  ҳам  сотилган  ва  хориждан  турли хил товарлар олиб келинган. Бошқа мамлакатлар билан савдо-сотиқнинг кенгайиши ўз навбатида божхона тизимининг ҳам такомиллашувига олиб келган.

Мамлакат ҳудудида барча карвонларнинг хавфсизлигига ва адолатли  бож  сиёсати юритилишига алоҳида эътибор қаратилганлиги кўплаб манбаларда қайд этилган.    Жумладан,  ўша  давр  тарихчиси  Низомиддин  Шомий  ўзининг  “Зафарнома”  асарида  шундай  ёзади : “... унинг адолатию сиёсати  ўрнатилган  кунларда Мовароуннаҳрнинг энг чекка жойларидагина эмас, балки Хўтан чегарасидан Деҳли  ва  Канбойит  атрофигача,  Бобил  Абвобдан  то  Миср  ва  Рум ҳудудигача бўлган ерлардан савдогарлар у ерда турсин,  болалару,  бева  хотинлар  ҳам ипакли матолар, олтин-кумуш ва энг зарур тижорат моллари келтирардилар ва олиб   кетардилар.  Ҳеч  бир  кимса  уларнинг  бир  донига  ҳам  кўз  олайтира  олмайди  ва  бир  дирҳамига  ҳам  зиён етказмайди. Бу  чексиз неъмат ва поёнсиз марҳаматлар Амир Соҳибқироннинг сиёсати ва адолати натижасидандир”. 

Темурий  ҳукмдорлар  ҳузурига   ташриф   буюрган  элчилар,   зодагонлар   томонидан  кўплаб  қимматбаҳо,  ноёб буюмлар  совға  сифатида  олиб  келинган. Бундай  товарлар  роҳномалари(йўл ёрлиғи)га  оддий  муҳр ўрнига шоҳона  қизил  муҳр босилганлиги боис, “қизил мол” деб аталган ва бождан тўлиқ озод қилинган.

Амир  Темур  ва  кейинчалик  аксарият  темурийлар ҳукмронлик қилган даврларда мулкчилик ишлари вазиринингасосий  вазифаларидан  бири  бож  ва  солиқларни ундиришни назорат қилиш, бу соҳада адолатни таъминлаш бўлган.      

“Темур тузуклари”да  мансабни  суистеъмол  қилиш,  порахўрлик   кабилар оғир жиноятлар ҳисобланиши, уларнисодир этувчилар қаттиқ жазоланиши кўрсатилган.

Умуман,   Амир   Темур   даврида   мамлакатдаги   барқарорлик,   бунёдкорлик,   турли  хорижий  давлатлар  билан дипломатик муносабатлар ўрнатилиши натижасида ташқи савдо, божхона иши ривожланган.

ХОНЛИКЛАР ДАВРИДА БОЖХОНА

Бухоро    амирлиги   (XVI - XX  асрлар  боши)  жанубда Хуросоннинг  шарқий  қисмини  ўз  ичига олган,  шарқда  Қашқар  билан чегарадош   бўлган,  ғарбий  чегара   Орол  ва   Каспий   денгизи  соҳил-ларигача,   шимолий   чегара  Туркистон   ва   Сайрамга   етиб   борган.    1753 йилда   Муҳаммад   Раҳим  тахтни эгаллаган ва ўзини “амир” деб эълон  қилган.  Шундан  кейин  хонлик – “Бухоро амирлиги” деб юритил-ган. Бухоро  амирлиги   асосан   Чор  Россияси,  Афғонистон, Эрон, Хитой давлатлари  ҳамда  Хива   ва  Қўқон  хонликлари  билан    савдо-сотиқни амалга  оширган.Ташқи савдо алоқалари божхона назорати юритилишинитақозо  этган  ва  бир  нечта чегара божхона масканлари ташкил этилган.    Ўша  даврда  Афғонистон  билан  чегарада Карки, Калиф, Чушкагузар, Термиз, Айвож, Сарой   ва  Чебек  божхона масканлари фаолият юритган.        Чунончи, 1895  йилда   Афғонистон   ва  Бухоро   амирлиги   ўртасида чегарани  кесиб   ўтиш   қоидалари   ва   тартиби  тўғрисида  имзоланган келишувга асосан Термизда “Паттакесар” божхонаси ташкил этилган.           Божхона  масканлари орқали Бухорога кириб келган чет эл товарлари-дан бож тўлови божгирлар томонидан ундирилган. Ўша    даврларда   Бухорода   12  та   дарвоза  бўлиб,  шундан   Хўжа, Намозгоҳ,   Саллахона    дарвозаларидан   четдан   келтирилган товарлар божхона   кўригидан  ўтказилиб,  шаҳарга  киритилган.   Бевосита  ушбу дарвозалар  ёнида  божгирлар  томонидан  хориждан келтирилган  товар-лардан бож олинган.       Бухорода   хивалик,  қўқонлик,  афғон ва рус савдогарлари  билан бир қаторда  ҳиндлар  ҳам  ўзларининг  карвонсаройларига эга бўлишган.   Чет  мамлакатларга  товарларини   чиқарган  маҳаллий  савдогарларгаўша даврларда муайян имтиёзлар берилган. Жумладан, Бухоро товарлари Афғонистон,   Англия   ва   Ҳиндистон    товарлари   билан рақобатлаша олиши  учун   савдогарларга  товарлар  қийматининг маълум  бир  фоизи миқдорида махсус мукофот пуллари тайинланган. Бундай  имтиёзли товарлар кўздан кечириш ва уларга махсус тамғалар осиш   учун  Самарқанддаги  божхона   омборига   жойлаштирилган.  Шу жойдан товарлар карвонларга юкланиб Афғонистонга жўнатилган. Афғонистон   чегарасида  жойлашган  божхона  масканларида экспорт қилинаётган  товарлар кўздан кечирилиб, тамғалар олиб қолинган  ҳамда   Самарқанд  божхона омборига қайтарилган ва улар эвазига товар эгасига махсус мукофот пуллари берилган.

Қўқон хонлиги (XVIII-XIX асрлар)  энг шимолий вилояти Туркистон, Бетпақдала  чўлларига  бориб  тақалган,   шунингдек  хонлик таркибига Олой ҳудуди, Балхаш кўли билан  Сирдарёнинг юқори оқими оралиғида-ги ерлар кирган.

Қўқон хонлигининг Бухоро амирлиги, Хива хонлиги, Хитой, Ҳиндис-тон, Эрон, Туркия, Чор Россияси  каби мамлакатлар билан  савдо муно-сабатлари мавжуд бўлган.   Қўқон карвонсаройларида  Ҳиндистон,  Тибет, Кошғар, Бухоро амир-лиги, Афғонистон, Чор Pоссиясидан  олиб   келинган моллар тўпланган ва  божхона  кўригидан ўтказилгач, бож ҳисобланиб, ундирилган. Шун-дан сўнг, божбонлар  томонидан  товарлар жойланган хуржунларга божолинганлигини тасдиқловчи тамға босилган.   Хонликка  кираётган  карвонларни ички ҳудудда ҳарбийлашган бож-хона гуруҳлари кузатиб борган,  карвонларни кўздан кечириш  ва  бож ундиришни божбонлар таъминлаган.

Хитойнинг  Бухоро  ва  Хива  хонликлари, Эрон ҳамда Чор Россияси билан  савдо  алоқаларида  хонлик  транзит   ҳудуд  вазифасини ўтаган. Карвонлар  хонлик  ҳудудидан  ўтганлиги учун улардан бож йиғимлари ундирилган. Ҳиндистонда  Қўқон  ипагига  талаб катта бўлган ва шу сабабли ҳарйили Қўқондан Ҳиндистонга  1000 туяда ипак жўнатилган. Бундан таш-қари, Қўқондан Ҳиндистон ва Афғонистонга “чилла” деб аталувчи ипакгазламаси, қўқон қоғози ҳам олиб кетилган. Ўз навбатида, ушбу мамла-катлардан  Қўқонга  олиб келинган қанд, гул тикилган кўйлаклик мато-лар, шакар, индиго, бомбей  чойи ва бошқа товарлардан хонлик хазина-сига бож ундирилган.

Манбаларда  Қўқон  савдогарларининг  карвонлари  Туркиягача етиб борганлиги  тўғрисида маълумотлар мавжуд. Жумладан, таниқли венгер шарқшунос сайёҳи Вамбери: “Қўқондан Туркияга келган бир карвонда-ги  зиёратчилар  ўзлари  билан   40  дюжина  (480  дона)  ипак, бухоро  рўмоллари, 2000 атрофида пичоқ, 30 бўлак наманган ипак матоси, кўп-лаб қўқон дўппилари олиб келган” - деб ёзиб қолдирган.  Шунингдек, маълумотларга кўра 1832 йилда Хитой императоринингмахсус  фармони  билан  Қўқон савдогарларига Кошғарда божсиз савдо қилишига ҳамда чой ва равоч олиб кетишига рухсат берилган.

Хива  хонлиги  ( XVI-XX  асрлар )  жанубда   Эрон,  шарқда   Бухоро амирлиги, ғарбда Каспий денгизи билан  чегарадош  бўлган.  Хива  хонлигида  савдо-сотиқ  асосан  Бухоро  ва  Қўқон хонликлари, Чор  Россияси, Хитой, Эрон, Ҳиндистон каби мамлакатлар билан амалга оширилган.

Ўша  даврларда  савдогарлардан  бож,  тамға  каби  тўловлар олиниб, бож ундирувчилар “божбон” деб аталган.         Ичан-Қалъага  кирадиган  Ота  дарвозанинг  ўнг тарафида икки хона мавжуд бўлиб, улардан бирида четдан мол олиб келаётган  савдогарлар-дан бож  ундирилган (божхона), иккинчисида эса хориж пуллари хоразмпулига алмаштирилеган (сар-рафхона).

Манбаларга  кўра, Хива хони Муҳаммад Раҳим I ҳукмронлиги даври-да  Хўжа Маҳрам исмли сарой амалдори божхона идораси бошлиғи этибтайинланган. Хивадаги  Ичан-Қалъа  марказида 1839 йили Хўжа Маҳрам раҳбарли-гида божхона  иш бўйича  мутахассисларни  тайёрлайдиган махсус мад-раса  қурилган.  Ушбу  мадрасада  бир  вақтнинг ўзида 30 киши таълим олган.

XIX асрга келиб хонлик савдогарлари ўз молларини Бухоро ва Қўқонхонликлари  билан бир қаторда, Чор Россияси, Хитой, Эрон, Ҳиндистонкаби  давлатларга  олиб  боришган.  Бу  мамлакатлардан  эса  турли хил хорижий  товарлар  Хива  хонлигига  олиб келинган ва улардан тегишли бож тўловлари ундирилган.  Карвонсаройларда  божбонлар  томонидан мусулмон бўлмаган савдо-гарлар  товарлари  миқдоридан  5%,  мусулмонларникидан   эса 2% бож олинган.

Хива  хонлиги даврида муайян савдогарларни бож, хирож ва шу кабитўловлардан  озод  қилиш  тўғрисида хон фармонлари чиқарилган.   Ўзбекистон  Республикаси  Фанлар  Академиясининг Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида Хива хонлари:

-Иранг Муҳаммад Баҳодурхон (1687-1688 йиллар)

-Абул-Ғози Саййид Шер-Ғози Муҳаммад Баҳодурхон (1715-1716 йиллар)

-Абул-Ғози Саййид Муҳаммад-Раҳим Баҳодурхон (1867 йил)кабилар томонидан қабул  қилинган солиқлар ва бож тўловларидан озодқилиш тўғрисидаги фармонларнинг асл нусхалари сақланмоқда. Умуман, хонликлар ўртасидаги ўзаро низо, келишмовчиликлар савдо-сотиқ   ривожига  ва  бу  ўз  навбатида  божхона  ишига -жиддий салбий таъсир кўрсатган.

СОВЕТ ТУЗУМИ ДАВРИДА БОЖХОНА

Мустабид совет тузуми даврида бож-тариф сиёсати, божхона иши ва қонунчилиги марказлашган ҳолда, тўлиқ Москва томонидан идора қилинган, соҳага оид масалалар иттифоқ республикалари, хусусан Ўзбекистон манфаатлари эътиборга олинмасдан ҳал этилган.

Жумладан, 1917 йил 29 октябрда Молия ишлари бўйича халқ комиссарлиги томонидан “Товарларни олиб кириш ва олиб чиқиш ҳақида”ги декрет қабул қилиниб, ташқи савдо операцияларининг амалга оширилиши ва божларнинг ундирилиши давлат томонидан назорат қилиниши белгиланган.

1918 йил бошида Молия ишлари бўйича халқ комиссарлиги қошида “Божхона йиғимлари” департаменти иш бошлаган ва шу йилнинг 29 май куни “Жойлардаги Божхона муассасалари фаолиятини тартибга солиш ҳамда божларни йиғишда Марказий ва маҳаллий шўролар ҳукумати ҳуқуқларини чегаралаш ҳақида”ги декрет қабул қилинган.

Ташқи савдо халқ комиссарлигининг 1921 йил 24 декабрдаги 133-сонли буйруғига асосан 283 та маҳаллий божхона муассасаларини ўз ичига олган Петрозаводск, Ғарбий, Украина, Жанубий, Кавказ орти, Семипалатинск, Сибир ва Туркистон округлари ҳамда Петрозаводск ва Қрим участкаларидан иборат Божхона бошқармаси ташкил этилган.

1923 йил 12 ноябрда СССР Ташқи савдо халқ комиссарлигининг Божхона бош бошқармаси ташкил топган.

1924 йил 12 декабрда собиқ СССР Марказий Ижроия комитети Президиумида Божхона устави тасдиқланган.

Архив ҳужжатларида, 1924-25 йилларда Бухоро, Патта-Кесар божхоналари ва Туркманистон божхона участкаларида ўтказилган текширувларда ходимларнинг билим савияси паст даражадалиги, чегаралар орқали контрабанда товарларини олиб ўтиш ҳолатлари кўплиги, божхона ишини ташкил этишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд эмаслиги ҳамда махсус кийим-бош йўқлиги каби камчилик ва етишмовчилик аниқланганлиги кўрсатилган.

1925 йил 18 ноябрдан Божхона бош бошқармаси Савдо халқ комиссарлиги қошида фаолият олиб  борган.

1930 йил 21 ноябрда Божхона бош бошқармаси ўз фаолиятини яна СССР Ташқи савдо халқ комиссарлиги қошида бошлаган. Унинг таркибида божхонанинг 11 та инспекторлик органлари ва 266 та божхона бўлиб, уларда 5710 нафар ходим ишлаган. Ўша йили Афғонистон билан чегарадош  бўлган Ўзбекистондаги “Патта-Кесар” божхона пости “Термиз божхонаси”га айлантирилган.

Халқ комиссарликлари вазирликларга айлантирилиб, 1946 йил 15 март куни Божхона бош бошқармаси СССР Ташқи савдо вазирлиги қошида ўз фаолиятини бошлаган.

1953 йил январь ойидан Божхона бош бошқармаси СССР Ташқи ва ички савдо вазирлиги таркибида фаолият юритган.

1955 йилда Божхона бош бошқармаси СССР Ташқи савдо вазирлиги таркибига киритилган.

1955-1956 йилларида халқаро ҳаво йўлларида юк ва йўловчи ташиш оқимининг ортиши туфайли Тошкент аэропортида бир қатор транзит ҳаво йўллари очилган. Уларга божхона хизматини кўрсатиш мақсадида 1958 йилда Тошкент аэропортида Термиз божхонасига буйсундирилган 3 та штат бирлигига эга Тошкент божхона пости ташкил этилган.

СССР Ташқи савдо вазирлигининг 1959 йил 14 апрелдаги 111 - сонли буйруғи билан Тошкент аэропортида халқаро юклар ва йўловчилар ҳажмининг кўпайганлиги эътиборга олиниб, Тошкент божхона пости Тошкент божхонасига айлантирилган. Тошкент божхонасида штат бўйича 4 та ходим фаолият олиб борган ва улар томонидан 1959 йилда қиймати 1780 рубллик 4 та ҳуқуқбузарлик иши юритилган. Ўша пайтлари Тошкент ва Термиз божхоналарида бирорта маҳаллий кадрлар бўлмаган.

1984 йилда Афғонистонга юборилаётган ва улардан Тошкентга келаётган ҳарбий юклар устидан назоратни кучайтириш мақсадида, Тошкент шаҳри яқинида “Тузель”  божхона пости фаолият бошлаган.

1986 йил 12 февралда собиқ СССР Вазирлар Кенгаши қошида Давлат божхона назоратининг Бош бошқармаси ташкил этилган.

1988 йилда Тошкент ва Термиз божхоналари асосида Ўзбекистон ССР божхонаси ташкил топган.

1990 йил 16 июлда СССР Божхона қўмитаси ташкил этилиб, мустабид тузум барҳам топгунча фаолият кўрсатган.

1.12.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг