Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган жисмоний шахслар учун божхона қоидалари
47474

Ҳурматли йўловчилар!

Агар Сиз Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган бўлсангиз, қуйидаги божхона қоидаларини албатта ёдда тутинг!

Агар Сиз республикамизга халқаро аэропортлар орқали кириб келаётган бўлсангиз, 2000 АҚШ доллари, темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали кириб келаётган бўлсангиз 1000 АҚШ доллари ҳамда автомобилда ёки пиёда равишда кириб келаётган бўлсангиз, 300 АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги товарларни божсиз олиб киришингиз мумкин!  

Бунда уларни йўловчи божхона декларациясида кўрсатиш талаб этилмайди.

Аммо, айрим турдаги товарларни божсиз олиб киришнинг чекланган меъёрлари мавжуд. Хусусан, Ўзбекистон Республикасига алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво – 2 литргача, барча турдаги тамаки маҳсулотлари – 10 қутигача, атир ва атирсимон суюқликлар – 3 донагача, қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари – 65 гр.гача олиб кириш мумкин.

Унутманг, Ўзбекистон Республикасига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, прекурсорлар, портловчи моддалар ва портлатиш воситалари, давлат ва жамият қурилишига раҳна солишга, уруш, терроризм, зўравонлик, экстремизм, порнография ва бошқаларни тарғиб этишга қаратилган ҳар қандай турдаги материалларни, шунингдек этил спирти, лазерли нур тарқатгичлар, учувчисиз учиш аппаратлари пиротехника махсулотлари, пул ютуғи билан боғлиқ бўлган ўйин автоматлари, “М2”, “М3” ва “N2” тоифадаги олдин фойдаланувда бўлган автотранспорт воситалари, заҳарлилик даражаси “Евро-3” экологик синфи талабларига жавоб бермайдиган, бензин ёки дизел ёқилғисида ҳаркатланадиган янги автотранспорт воситаларини,  бундан ташқари энергия самарадорлигининг «G» ва «F» классига мансуб бўлган маиший электр приборларини ҳамда қуввати 40 ваттдан ортиқ бўлган чўғланма лампочкаларни  четдан олиб кириш таъқиқланади.

Озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни, саноат мақсадидаги портловчи материалларни, алюминий кукуни ва қурумини, ўқотар қурол ва патронларни, ёввойи ўсимликлар, уларнинг қисмлари, мевалари, уруғлари ва ботаника коллекциялари, ёввойи ҳайвонлар, уларнинг қисмлари, зоология коллекциялари, ҳаёт фаолияти маҳсулотлари, ўлжалар, тулумлари, радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали ускуналар экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндилар, диний адабиётлар ва маданий бойликларни олиб киришда ваколатли органларнинг тегишли рухсатномалари ёки хулосалари талаб этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 ноябрдаги “Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида” ПҚ-4508-сон қарорига мувофиқ,  2020 йил 1 январдан бошлаб, республикамизга кириб келаётган жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадлардаги товарлари божсиз олиб киришнинг чекланган меъёрларидан ортган ҳолатларда божхона тўловлари соддалаштирилган тартибда ундирилиши йўлга қўйилди.

Яъни, божхона божи, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи ўрнига товарнинг божхона қийматидан 30 фоиз, лекин ҳар бир килограми учун 3 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда ягона божхона тўлови ставкаси жорий қилинди.

Мазкур ставкалар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодидан ва келиб чиқиш мамлакатидан қатъи назар товарларнинг барча тоифалари бўйича божхона қийматидан келиб чиққан ҳолда тадбиқ қилинади.

Шунингдек, жисмоний шахслар томонидан ҳайвонот оламига мансуб озиқ-овқат маҳсулотлари олиб кирилаётганда ушбу товарларда ишлаб чиқарувчининг ўров варағи бўлиши мажбурийдир.

Яна бир жиҳат - жисмоний шахслар томонидан олиб киришда божхона тўловларига тортилмайдиган айрим турдаги товарлар олиб кириш меъёрларидан ортган тақдирда уларга ягона божхона тўлови ставкаси татбиқ этилмайди.

Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг нақд валютасини ва чет эл нақд валютасини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш чекловларсиз амалга оширилади.

Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг нақд валютасини ва чет эл нақд валютасини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиш юз миллион сўм эквивалентдан ортиқ бўлмаган суммада амалга оширилади.

Нақд валютани белгиланган эквивалентдан ортиқ суммада олиб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.

Юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг нақд валютасини ва чет эл нақд валютасини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ҳамда Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш тақиқланади, бундан Ўзбекистон Республикаси банклари мустасно.

Агар Сиз божхона қоидалари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмасангиз, у ҳолда чегара-божхона постида хизмат олиб бораётган божхона ходимларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Жисмоний шахслар томонидан айрим товарларни божхонадан олиб ўтиш нормалари тасдиқланди

2018 йилнинг 22 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 463-сон қарори қабул қилинди. Қарор билан жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдорий нормалари тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 октябрдаги 828-сон қарори билан ушбу қарорга тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Яъни, эндиликда Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг даврийлиги ўзгарди.

Рўйхатдан ўрин олган 20 турдаги маиший техника буюмлари, офис техникалари ва бошқа жиҳозларни эндиликда ҳар 6 ойда чегарани биринчи маротаба кесиб ўтаётганда фақат 1 донадан олиб кириш мумкин.

Бошқа турдаги товарларни эса 1 календарь ойда 1 маротаба ҳар бир номдаги товардан 2 кг.гача (бўлинмайдиган товарлар бундан мустасно) олиб киришга рухсат этилади. Аммо, мазкур товарларнинг умумий оғирлиги 10 кг.дан ошмаслиги керак.

Унутмаслик керак-ки, ушбу товарлар сирасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 6 февралдаги ПҚ-3512 сон қарори 1-иловасида келтирилган товарлар кирмайди.

Ушбу иловада алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво – 2 литргача, барча турдаги тамаки маҳсулотлари – 10 қутигача, атир ва атирсимон суюқликлар – 3 донагача, қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари – 65 гр.гача божхона тўловларисиз олиб киришга рухсат этилган.

Олиб ўтилаётган товарлар қиймати республикага жисмоний шахслар томонидан пиёда, автомобилда, темир йўл ёки дарё ўтказиш пунктлари орқали товарларни божхона тўловлари ундирмасдан олиб ўтишнинг чеклаган меъёрларидан ошмаслиги керак.

Мазкур меъёрлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 6 февралдаги ПҚ-3512 сон қарорида белгиланган бўлиб, унга кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидаги темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 1000 АҚШ доллари миқдорида ҳамда автомобиль йўли (пиёдалар йўли) ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 300 АҚШ доллари миқдоридаги товарларни божхона тўловларисиз олиб киришга рухсат этилган.

Унутманг, товарларни божхона тўловлари тўламасдан олиб ўтишнинг миқдорий нормалари жисмоний шахс Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасини чегара ўтказиш пунктидан белгиланган даврда биринчи марта ўтишида қўлланилади. Бунда божхоначилар чегара хизматлари органлари томонидан жисмоний шахснинг паспортига қўйиладиган белгидаги санага асосланишади.

Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдорий нормалари

Товарларнинг номи

Сони

Даврийлик

1.

Совутгич

1 дона

6 календарь ой

2.

Музлатгич

1 дона

6 календарь ой

3.

Кондиционер

1 дона

6 календарь ой

4.

Кир ювиш машинаси

1 дона

6 календарь ой

5.

Чанг ютгич

1 дона

6 календарь ой

6.

Газ плитаси

1 дона

6 календарь ой

7.

Электр плита

1 дона

6 календарь ой

8.

Телевизор

1 дона

6 календарь ой

9.

Микротўлқинли печь

1 дона

6 календарь ой

10.

Духовкали печь

1 дона

6 календарь ой

11.

Электр гўшт қиймалагич

1 дона

6 календарь ой

12.

Дазмол

1 дона

6 календарь ой

13.

Фен

1 дона

6 календарь ой

14.

Ошхона комбайни

1 дона

6 календарь ой

15.

Телефон аппарати, шу жумладан қўл телефони

1 дона

6 календарь ой

16.

Компьютер техникаси

1 дона

6 календарь ой

17.

Принтер ва кўп функцияли офис қурилмаси

1 дона

6 календарь ой

18.

Планшет компьютер

1 дона

6 календарь ой

19.

Ноутбук

1 дона

6 календарь ой

20.

Ошхона идиши

1 тўплам

6 календарь ой

21.

Бошқа товарлар

ҳар бир номдаги товардан 2 кг (бўлинмайдиган товарлар бундан мустасно), аммо умумий оғирлик 10 кг дан ошмаслиги керак

1 календарь ой

26.02.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг