Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби
39791

Декларация:

жисмоний шахслар томонидан товарларни олиб киришнинг божхона тўловлари ундирилмайдиган чекланган меъёрларидан ошадиган товарларга;

жисмоний шахснинг яшаш жойи ўзгарганда (аввалги яшаш жойидан ҳисобдан чиқарилганлиги тўғрисида қайд мавжуд бўлган ҳолда) унинг шахсий мол-мулки бўлган товарларга, бундан автотранспорт воситалари мустасно;

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 158 ва 160-моддаларида кўрсатилган ҳолларда, жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадлардаги транспорт воситаларига;

қонун ҳужжатларига мувофиқ ёзма декларацияланиши лозим бўлган нақд кўринишдаги Ўзбекистон Республикасининг миллий валютаси ва валюта бойликларига;

жисмоний шахслар томонидан республика ҳудудидан товарларни олиб чиқишнинг чекланган меъёридан ошадиган товарларга;

қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли тақиқлар ва (ёки) чекловлар белгиланган товарларга тўлдирилади.

Декларация 16 ёшга тўлган шахслар томонидан юқорида кўрсатилган ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидаги ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасини кесиб ўтганда тўлдирилади.

Божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган шахс ўзи эркин равишда Декларацияни тўлдира олмаса (руҳий касал, ақли заиф, жисмоний имконияти чекланган шахс ва бошқалар), Декларация унинг номидан ушбу шахсни кузатувчи шахс томонидан тўлдирилади. Бунда Декларацияда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги учун Декларацияни тўлдирган ва имзолаган шахс жавобгар бўлади.

Декларация божхона органларида расмийлаштирилган йилдан кейинги йилдан эътиборан уч йил давомида сақланади.

Декларация мазкур "Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисида"ги Йўриқноманинг иловасига мувофиқ шаклда икки нусхада тўлдирилади. Декларациянинг бир нусхаси божхона органида қолади, иккинчи нусхаси эса Декларацияни тўлдирган шахсга берилади. Ушбу Декларацияда кўрсатилган маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси, нақд чет эл валютаси, бошқа валюта бойликлари, ҳар қандай кўринишдаги ва ҳолатдаги қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар (бундан буён матнда қимматбаҳо буюмлар деб юритилади), товарлар ҳамда транспорт воситасини олиб кириш ёки олиб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Декларация резидентлар томонидан Ўзбекистон Республикасига киришда ва норезидентлар томонидан Ўзбекистон Республикасидан чиқишда бир нусхада тўлдирилиши мумкин. Бунда мазкур Декларация божхона органида қолади.

Декларация бланклари ўзбек, рус ва инглиз тилларида А-5 форматида тайёрланади. Шахс ўзи истаган тилдаги Декларация бланкини тўлдириши мумкин.

Декларацияда барча бандлар тўлдирилиши ва барча саволларга жавоб берилиши керак.

Тегишли бандлардаги маълумотлар ўзбек (кирилл ёки лотин алифбосида), рус ёки инглиз тилларида қатъий белгиланган жойларга ручка билан қўлда аниқ ва тушунарли ёки ёзув мосламаси ёрдамида ёзилади.

Тегишли саволлардаги керакли катакчаларга «Х» белгисини чизиш йўли билан жавоб берилади.

Декларация қуйидаги тарзда тўлдирилади:

1-бандда шахс тўғрисида маълумотлар (фамилияси, исми, туғилган санаси, жинси, паспортининг серияси ва рақами), доимий яшаш мамлакати, фуқаролиги, бирга ҳаракатланаётган 16 ёшга тўлмаган шахслар мавжудлиги ва уларнинг сони кўрсатилади;

2-бандда ҳаракат тури (кириш, чиқиш) ҳамда қайси мамлакатдан келганлиги, қайси мамлакатга бораётганлиги кўрсатилади;

3-бандда сафар мақсади кўрсатилади (хизмат, ўқиш, иш, саёҳат, қариндошларни йўқлаш, даволаниш, доимий яшаш жойи, тижорат);

4-бандда багаж мавжудлиги тўғрисида маълумотлар кўрсатилади;

5-бандда қонун ҳужжатларига мувофиқ ёзма декларацияланиши лозим бўлган Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси, нақд чет эл валютаси, бошқа валюта бойликлари ҳамда қимматбаҳо буюмларнинг мавжудлиги ва миқдори кўрсатилади;

6-бандда товарлар ва транспорт воситаси тўғрисида маълумотлар кўрсатилади.

16 ёшга тўлмаган шахсларга тегишли бўлган ва ёзма декларацияланиши лозим бўлган Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси, нақд чет эл валюталари, бошқа валюта бойликлари, қимматбаҳо буюмлар, товарлар ва транспорт воситаси тўғрисидаги маълумотлар улар билан бирга ҳаракатланаётган ота-оналари, бошқа қариндошлари ёки уларни кузатиб борувчи бошқа шахсларнинг Декларацияларида кўрсатилади.

Декларациянинг 6-бандида кўрсатилган товарларни тавсифлаш имкон қадар уларнинг номи, фарқлаш хусусиятлари, миқдори ҳамда уларнинг АҚШ долларидаги қийматларини кўрсатган ҳолда амалга оширилади.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ ёзма декларацияланиши лозим бўлган Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси, нақд чет эл валютаси, бошқа валюта бойликлари, қимматбаҳо буюмлар, шунингдек товарлар тўғрисидаги маълумотлар Декларациянинг 5 ва 6-бандларидаги сатрларга сиғмаган тақдирда, мазкур маълумотлар қўшимча Декларациянинг 5 ва 6-бандларида кўрсатилади ва у асосий Декларацияга илова қилинади. Бунда қўшимча Декларациянинг 1 — 4-бандлари тўлдирилмайди.

Декларациянинг 6-бандидаги Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган транспорт воситаси тўғрисидаги маълумотлар транспорт воситасини бошқараётган шахс томонидан автотранспорт воситасининг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома асосида тўлдирилади.

Декларация Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси, нақд чет эл валютаси, бошқа валюта бойликлари, қимматбаҳо буюмлар, товарлар ҳамда транспорт воситасини божхона назоратига тақдим этишга қадар уни тўлдирган шахс томонидан имзоланиши керак.

Божхона расмийлаштирувидан ўтказиш учун Декларация божхона органи ходими томонидан унда кўрсатилган Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси, нақд чет эл валютаси, бошқа валюта бойликлари, қимматбаҳо буюмлар, товарлар ҳамда транспорт воситасини божхона назоратига тақдим этиш билан бир вақтда қабул қилинади.

Декларацияда бўяб тузатишлар ва ўчириб ёзишлар бўлмаслиги лозим. Нотўғри тўлдирилган бандлар аниқланган тақдирда, Декларацияни божхона назоратидан ўтказгунга қадар шахс ушбу бандлардаги хато маълумотларни тўғри чизиқ билан ўчириб, тегишли маълумотларни қўлда ёзиб тўғрилаши мумкин.

Ҳар қандай бундай тўғрилаш Декларацияни тўлдирган шахснинг имзоси ҳамда божхона органи ходимининг шахсий муҳри билан тасдиқланади.

Декларациянинг 5 ва 6-бандларидаги ёзувлар (товарлар тўғрисидаги маълумотлар қисми) божхона органи ходими томонидан бирор-бир ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини олдини олиш мақсадида узлуксиз чизиқ билан доирага олинади ҳамда ёзув учун назарда тутилган барча бўш жойлар эса чизиб қўйилади.

Декларацияни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш божхона органи ходими томонидан Декларациянинг орқа томонига шахсий муҳрини қўйиш билан амалга оширилади.

Декларация йўқотилган тақдирда тикланмайди.

Декларация йўқотилган тақдирда шахс Декларацияни божхона расмийлаштирувидан ўтказган божхона органига мурожаат қилганда, Декларация нусхасини ва унда кўрсатилган Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси, нақд чет эл валютаси, бошқа валюта бойликлари, қимматбаҳо буюмлар ҳамда товарларни олиб ўтилганлигини тасдиқловчи маълумотни олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Асосий тушунчалар

резидентлар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойи бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

норезидентлар — резидентлар жумласига кирмайдиган шахслар;

чет эл валютаси — муомалада бўлган ҳамда хорижий давлатда қонуний тўлов воситаси ҳисобланган банкнотлар, хазина билетлари ва тангалар кўринишидаги чет эл пул белгилари.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 5 августда 2606 сон билан рўйхатдан ўтказилган "Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисида"ги Йўриқномадан олинди.

26.02.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг