Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона қийматини аниқлашда биринчи усулни қўллашнинг хусусиятлари тўғрисидаги услубий қўлланма
40148

Божхона кодекси ва Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 6 апрелдаги 160-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш тартиби тўғрисидаги Низом талабларига асосан, олиб кириладиган товарга доир битимнинг қиймати бўйича аниқлаш усули олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашнинг асосий усули (1-усул) ҳисобланади.

Бунда Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасини кесиб ўтиши пайтида товар учун амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган битим қиймати Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қиймати ҳисобланади.

Битим қиймати деганда товарлар учун уларни Ўзбекистон Республикасига экспорт қилишга сотишда амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган ва битим нархига киритиладиган ҳамда чиқариб ташланадиган ҳаражатлар ҳисобга олинган ҳолда тузатилган нарх бўйича аниқлашни назарда тутади.

Мазкур усул ёрдамида импорт қилинган товарларни расмийлаштирувдан ўтказишда мавжуд бўлган қулайлик ва имкониятлар билан бир қаторда амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор талабларни ҳам қамраб олади.

Товарнинг божхона қиймати божхона қиймати декларациясини тўлдирган ҳолда товарларни декларациялашда декларант ёки божхона брокери томонидан божхона органига маълум қилинади.

Маълум қилинадиган товарнинг божхона қиймати ва уни аниқлашга тааллуқли тақдим этиладиган маълумотлар тўғри, миқдорий жиҳатдан аниқлаш мумкин бўлган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган ахборотга асосланиши керак.

Божхона қийматини 1-усул билан аниқлашнинг асосий шартлари қуйидагилардан иборат:

товарнинг олди-сотдиси билан боғлиқ бўлган ҳолда тузилган ҳамда валютага оид қонун ҳужжатлари талабларига зид келмайдиган ташқи савдо контрактининг (шартномасининг, келишувининг) мавжудлиги;

ташқи савдо контракти (шартномаси, келишуви) валютасидаги пул маблағи миқдори кўрсатилган ҳисобварақ-фактуранинг (инвойснинг) мавжудлиги;

товар учун пул маблағларининг амалда тўланганлиги ёки тўланиши лозимлиги.

Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, олди-сотдиси билан боғлиқ бўлган ҳолда тузилган ташқи савдо контракти (шартномаси, келишуви) асосида товарни экспорт қилинган мамлакатдан чегара орқали Ўзбекистон Республикасига олиб ўтилиши ва харидордан ана шу товар учун пуллик ҳисоб-китоблар (тўловлар)нинг амалга оширилиши ёки амалга оширилганлиги бўлиши лозим бўлади.

Юқорида кўрсатиб ўтилган шартларни ўрганиш жараёнида 6 та асосий жиҳатга эътибор қаратилиши лозим:

1-жиҳат. Сотиб олувчининг баҳоланаётган товардан фойдаланишга ёки уни тасарруф этишга бўлган ҳуқуқларига нисбатан чекловлар мавжуд бўлмаслиги керак.

Сотиб олувчининг баҳоланаётган товардан фойдаланишга ёки уни тасарруф этишга бўлган ҳуқуқларига нисбатан чекловлар мавжуд бўлганида ҳам 1-усулнинг қўлланилиши рухсат этиладиган чекловларнинг фақат учта тури белгиланган:

а) қонун ҳужжатларда белгиланган чекловлар.

Масалан, ядровий, кимёвий, заҳарловчи моддалар, гиёҳвандлик моддалари импорти фақат қатъий чекланган доирадаги ташкилотларга рухсат этилади;

б) товар қайта сотилиши мумкин бўлган географик минтақадаги чекловлар.

Бундай ҳолда товарнинг қайтадан сотилиши бўйича айрим шахслар учун ҳудудий чекловлар назарда тутилади.

Масалан, сотувчи товарни Ўзбекистон ҳудудида ўз сотувчиларига сотади ва бутун ҳудудни уларнинг ҳар бирида биттадан алоҳида сотувчи мавжуд 10 та қисмга бўлади. Бунда сотувчиларнинг ҳар бири товарни фақат муайян ҳудудда сотиши мумкинлиги тўғрисидаги шарт қўйилади;

в) товарнинг қийматига жиддий таъсир кўрсатмайдиган чекловлар.

Агар нархга жиддий таъсир этадиган шарт мавжудлиги ҳақида маълум қилинса, унда 1-усулнинг қўлланилиши фақат бундай шарт натижасида нархнинг миқдорий ўзгариши ҳужжатлар асосида белгиланган ҳолдагина мумкин бўлади. Агар нархга миқдорий таъсир қилишни белгилаш ва ҳужжатлар асосида тасдиқлаш мумкин бўлмаса, унда божхона қийматини аниқлашнинг бошқа усулларига ўтилиши керак бўлади.

Масалан, сотувчи тиббий аппаратни сотиб олувчига ундан Ўзбекистон Республикасида фақат хайрия мақсадларида фойдаланади, деган шарт билан сотади. Бундай ҳолда 1-усул қўлланилиши мумкин эмас, чунки сотиб олувчининг товардан фойдаланиш ҳуқуқига нисбатан чеклов мавжуд ва бу хилдаги шарт битим қийматига таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун божхона қийматини аниқлашнинг бошқа усуллари қўлланилиши керак.

Чекловларнинг 1-усулдан фойдаланиш имкониятига таъсир этиши нуқтаи назаридан олганда, бундай чекловларни баҳолашдаги асосий мезон - у ёки бу шартнинг битим қийматига таъсир этиш даражасидир. Чеклов битим нархига жиддий таъсир қилмайдиган ҳолда у 1-усулнинг қўлланилишига тўсқинлик қилмайди.

Агар харидор ҳуқуқига нисбатан яна қандайдир бошқа чекловлар мавжуд бўлса, унда 1-усул қўлланилмайди.

2-жиҳат. Товар божхона ҳудудига қиймат асосига эга бўлмаган битим бўйича олиб кирилмаган бўлиши керак.

Ушбу шарт 1-усул қийматли негизга эга бўлмаган ташқи савдо контрактига (шартномасига, келишувига) нисбатан қўлланилиши мумкин эмаслигини назарда тутади:

а) товарнинг бепул етказиб берилиши.

Масалан, сотувчи харидорга намуна сифатида 5 та креслони етказиб берди. Бу ҳолатда олди-сотди шартномаси мавжуд эмас;

б) товар консигнация шартлари асосида етказиб берилган.

Масалан, етказиб берувчи ўз агентига бир туркум картошкани етказиб берувчи учун фойдалироқ шартлар асосида сотиш учун етказиб беради. Бу ҳолатда агент картошкани сотиб олмайди, яъни унинг эгасига айланмайди; картошкани сотишдан кўрилган фойдани етказиб берувчи олади (агентга унинг сотишга доир харажатлари ва иш ҳақи тўланиши ҳисобга олинган ҳолда);

в) товарнинг воситачига сотилмасдан воситачи орқали етказиб берилиши.

Масалан, юридик шахс бўлган компания Бельгияда жойлашган ва Тошкентда ўз номидан фаолият юритмайдиган ўз филиалига эга. Улар ўртасидаги товар етказиб берилиши олди-сотди битими тушунчасига кирмайди;

г) товарларнинг бартер ёки компенсацион операциялар доирасида етказиб берилиши, агар товарлар нархи кўрсатилмаган бўлса;

д) товарларнинг ижара шартномалари (лизинг) бўйича етказиб берилиши.

Бу ҳолатда товарга мулкчилик қилиш ҳуқуқи ижарага берувчидан ижарачига ўтмайди, мулкдор товардан фойдаланганлик ҳуқуқи учун фойданинг бир қисмини олади ва товарни муайян вақтдан сўнг унинг эгасига (ижарага берувчига) қайтариши мумкин;

е) товарларнинг вақтинчалик олиб кириш мақсадида етказиб берилиши.

Масалан, мулкдор (етказиб берувчи) томонидан муайян вақтдан сўнг етказиб берувчига қайтарилиши лозим бўлган машина истеъмолчига вақтинчалик олиб кириш шартлари асосида етказиб берилади;

ж) товарларнинг контрактда назарда тутилган кафолатлар ҳисобига етказиб берилиши.

Етказиб берилган ускуна учун кафолат муддати давомида айрим механизмлар ишдан чиқди. Уларни алмаштириш учун янги деталлар етказиб берилади.

3-жиҳат. Сотиш ёки битимнинг баҳоси таъсирини ҳисобга олиш мумкин бўлмаган шартларга риоя этилишига боғлиқ бўлмаслиги лозим (айирбошлаш, контрактация, қайта ишлаш шартномалари).

Битимнинг тузилишида, агар баҳоланадиган товарлар қийматини белгилашга ва бинобарин, битим қийматининг божхона мақсадлари учун қабул қилинишига тўсқинлик қиладиган шартлар битим шартлари сифатида илгари сурилган бўлса, бундай ҳолатда 1-усулнинг қўлланилиши мумкин эмас. Қуйидагилар ана шундай шартларга киради:

а) сотувчи импорт қилинадиган товарларга нархни сотиб олувчига, шунингдек, муайян миқдорлардаги бошқа турдаги товарларни ҳам товарнинг ҳар бир турига нарх кўрсатилмасидан сотиб олади деган шарт асосида белгилайди.

Масалан, 5000 пул бирлиги суммасидаги чарм буюмлари етказиб бериляпти. Етказиб берувчи импорт қилувчининг қиймати номаълум бўлган 2 минг жуфт пойабзални ҳам қўшимча равишда сотиб олишини шарт қилиб қўяди;

б) импорт қилинадиган товарлар нархи ана шундай товарлар харидорининг импорт қилинадиган товарларнинг сотувчисига сотадиган бошқа товарларнинг нархи ёки нархларига боғлиқ бўлади.

Масалан, сотувчи 1000 пул бирлиги суммасидаги электр товарларини сотяпти. Сотиб олувчи эса ушбу сотувчига бундай товарларни ишлаб чиқариш учун релени сотяпти. Бунда сотувчи реленинг нархи - 10000 пул бирлиги деган шартни қўяди. Шундай қилиб, электр ускуналари нархи реле нархининг таъсири “синовидан ўтади”;

в) нарх импорт қилинадиган товарларга алоқаси бўлмаган ҳақ тўлаш шакли негизида белгиланади.

Масалан, импорт қилинадиган товарлар сотувчи тайёр маҳсулотларнинг муайян миқдорини олиш шарти асосида етказиб берадиган ярим тайёр маҳсулотлардан иборат бўлади. Сотувчи 10000 пул бирлигига ёғоч-тахта сотаяпти. Харидор ёғоч-тахтадан жами 1000 дона столни ишлаб чиқаради. Сотувчи шарт қўяди: харидор ёғоч-тахта учун ҳақ тўлаш ҳисобига 500 та столни етказиб беради, столлар қиймати белгиланмаган;

г) олди-сотди шартномаси фақат ушбу сотувчидан сотиб олиш шартини назарда тутади;

д) олди-сотди шартномаси битим қийматини товарларни ўзаро сотиш (етказиб бериш) шарти асосида белгилайди.

Бундай шартлар мавжуд бўлганида уларнинг битим қийматига таъсир қилган ёки қилмаганлигини ва бундай таъсирни миқдорий жиҳатдан белгилаш мумкин ёхуд мумкин эмаслигини аниқлаш керак бўлади. Фақатгина шартнинг қийматга таъсири миқдорий жиҳатини белгилаш мумкин бўлса ҳамда маълум қилинган нарх амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нарх бўлсагина, 1-усулни қўллаш мумкин.

Бундай ҳолатда битим шартларини кўриб чиқишда, шунингдек, умум қабул қилинган тусга эга бўлган ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг барча қатнашчиларига тегишли бўладиган (ёки уларга тақдим этилиши мумкин бўлган) етказиб бериш шартларни ва танланган тусдаги ҳамда умум қабул қилинмаган етказиб бериш шартларини фарқлай билиш лозим.

Бунда умум қабул қилинган хусусиятга эга бўлган ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг барча қатнашчиларига тегишли бўладиган (ёки уларга тақдим этилиши мумкин бўлган) етказиб бериш шартларининг танланган бўлиши лозим.

Яъни:

а) товарнинг етказиб берилиши бўйича умум қабул қилинган шартлар (аввало, ИНКОТЕРМСга киритилган етказиб бериш шартлари);

б) битимларни тузиш ва товар етказиб берилишини амалга оширишнинг "экспертни жалб этиш (эксперт хулосаси мавжудлиги) шарти билан харид қилиш", "товарни муайян санагача етказиб бериш шарти билан харид қилиш" сингари умумий қабул қилинган шартлари, шунингдек, ташқи савдо операциялари учун умумий бўлиб ҳисобланадиган ва битим нархига таъсир қилмайдиган (товар сонига, мазкур сотувчининг "ишончлилиги" қараб чегирмалар бериш ва шу каби чегирмалар турлари) бошқа шартлар.

Масалан, агар мазкур сотиб олувчига товарни ҳар доим айни шу сотувчидан сотиб олганлиги учун қийматидан чегирма қилиниши умум қабул қилинган амалиёт деб ҳисобланадиган бўлса, унда бундай чегирма ва бинобарин, битим қиймати эътироф этилиши лозим ва 1-усул қўлланилиши мумкин;

в) сотиб олувчининг сотувчига Ўзбекистон Республикасида тайёрланган техник топшириқлар ёки чизмаларни тақдим этиши;

г) сотиб олувчининг у импорт қиладиган товарларнинг сотилишига доир қандайдир ҳаракатларни ўз ҳисобидан (эҳтимол, ҳатто сотувчи билан келишувга кўра) амалга ошириш.

Масалан, харидор ҳақини тўлайдиган рекламага оид фаолият.

4-жиҳат. Товарни кейинчалик қайта сотиш, ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этишдан тушган тушумнинг исталган қисми сотувчига бевосита ёки билвосита ўтмаган ва бунда товарнинг қийматига тегишли тузатишларни киритиш имконияти бўлиши лозим.

Агар тузилган шартномаси шартларига кўра сотиб олувчи товарнинг қайта сотиш, ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этишдан тушган тушумнинг бир қисмини сотувчига ўтказиши керак бўлса-ю, лекин, бундай қисм миқдори ёки уни белгилаш усули шартномада кўрсатилмаган бўлса, 1-усулнинг қўлланилиши мумкин эмас.

Бироқ шартнома шартларига кўра, тушумнинг бериладиган қисми миқдорини ҳисоблаб чиқиш мумкин бўлса, унда божхона қиймати икки босқичда белгиланади.

Биринчи босқич. Божхона қиймати товар олиб келиниши пайтида 1-усул билан аниқланади ва унинг олиб чиқиб кетилиши белгиланган тартибда божхона органининг белгиси қўйилган ҳолда амалга оширилади.

Иккинчи босқич. Товарни қайта сотган, ундан фойдаланган ёки уни тасарруф этгандан сўнг импорт қилувчи олинган сумма миқдори ва сотувчига бериладиган сумма ҳақидаги маълумотларни акс этувчи ҳужжатларни тақдим этади.

Ана шу маълумотлар асосида божхона қиймати ва бинобарин, ундирилиши лозим бўлган божхона тўловлари суммасига тузатишлар киритилади.

5-жиҳат. Товарнинг божхона қийматини аниқлашда декларант ёки божхона брокери томонидан фойдаланилган маълумотлар ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши шарт.

Бунда ҳужжатларнинг талаб этилиши икки хил хусусиятга эга бўлади:

1-хусусият – ташқи савдо контракти (шартномаси, келишуви) ишлаб чиқарувчи билан бевосита тўғридан-тўғри тузилган бўлса, бунда маълум қилинган божхона қийматини қуйидаги ҳужжатлар билан тасдиқланади:

1) ташқи савдо контракти (шартномаси, келишуви), амалдаги иловалари ва унга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар.

Ташқи савдо контракти (шартномаси, келишуви) деганда товарнинг у экспорт қилинган давлатдан чегара орқали Ўзбекистон Республикасига олиб ўтилиши ва харидордан ана шу товар ўрнига пуллик ҳисоб-китоблар (тўловлар)нинг қабул қилинган шаклларига мувофиқ тенг келадиган пул суммасини ёки товарни олиш учун асос бўладиган, қийматга доир баҳолаш ёки унинг ҳисоб-китоб усулини ўз ичига олган ташқи савдо контракти (шартномаси, келишуви) тушунилади.

Комиссия келишувини ҳам шу қаторга киритиш мумкин;

2) ҳисобварақ-фактура (инвойс);

3) ташқи савдо контрактида (шартномасида, келишувида) белгиланган битим шартларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 304 ва 305-моддаларига асосан маълум қилинган нархга тузатишлар киритиш лозим бўлганда:

суғурта ҳужжатлари;

товарнинг ташиш ва (ёки) юклаш, тушириш, қайта юклаш, бошқа жойга тўкиш бўйича шартномаси (транспорт экспедиция шартномаси), товарни ташишга, юклаш, тушириш, қайта юклаш, бошқа жойга тўкишга ҳисобварақ-фактура (инвойс), банк ҳужжатлари (агар ҳисобварақ-фактура (инвойс) тўланган бўлса), транспорт тарифлари тўғрисидаги ҳужжатлар (маълумотлар) ёки ташиш қийматини акс эттирувчи бухгалтерлик ҳужжатлари (агар сотиб олувчи ўзининг транспортида товарни ташишни амалга оширган бўлса);

воситачилик хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома (воситачилик шартномаси, брокерлик хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома), воситачилик хизматларини кўрсатиш учун ҳисобварақ-фактура (инвойс), банк тўлов ҳужжатлари;

лицензион ва (ёки) муаллифлик келишуви, ҳисобварақ-фактура (инвойс), банк тўлов ҳужжатлари, олиб келинаётган (олиб келинган) товарга тааллуқли бўлган интеллектуал мулк объектларидан фойдаланганлик учун тўловлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган бухгалтерлик ва бошқа ҳужжатлар;

олиб кирилган товарни кейинчалик қайта сотиш, ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этишдан сотувчига бевосита ёки билвосита ўтадиган тушумнинг исталган қисми тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳужжат (шу жумладан, бухгалтерлик) ва маълумотлар;

контейнер ва (ёки кўп марта ишлатиладиган бошқа идишларнинг, ўров-жойлов материалларининг ва ўраш-жойлаш ишларининг, агар мазкур харажатлар сотиб олувчи томонидан амалга оширилган, бироқ олиб кириладиган товар учун амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нархга қўшилмаган қиймати тўғрисидаги шартномалар, ҳисобварақлар, банк тўлов ҳужжатлари;

сотувчи томонидан сотиб олувчига муайян товар туркуми учун чегирма бериш асосини, уларнинг миқдорини кўрсатувчи маълумотлар;

4) божхона органлари қўллайдиган хавфни бошқариш тизими томонидан ўрта ёки юқори кўрсаткичга эга хавф даражаси аниқланган ҳолларда, агар маълум қилинган божхона қиймати охирги тўқсон календарь кун ичида олиб кирилиб, 1-усулда қабул қилинган товарнинг божхона қийматидан паст бўлса*:

жўнатувчи мамлакат божхона декларацияси**;

баҳоланаётган товарни етказиб берилишига алоқадор бўлган учинчи шахслар билан контрактлар***;

баҳоланаётган товарни етказиб берилишига алоқадор бўлган учинчи шахслар учун тўлов ҳисоблари***.

* Агар тўқсон календарь кун ичида айнан бир хил ёки ўхшаш товарлар 1-усулда олиб кирилганлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлмаса, бир юз саксон календарь кун ичида ушбу усулда олиб кирилган айнан бир хил ёки ўхшаш товарларнинг божхона қиймати солиштириш учун қўлланилиши мумкин.

** Агар жўнатувчи мамлакат божхона юк декларациясида товарнинг божхона қиймати кўрсатилмаган бўлса ёки ушбу мамлакатнинг қонунчилик ҳужжатларида товарни олиб чиқишда божхона декларациясини расмийлаштириш назарда тутилмаган бўлса, у ҳолда божхона юк декларацияси ўрнига жўнатувчи мамлакатнинг божхона органлари томонидан тасдиқланган товарнинг қийматини акс эттирувчи бошқа ҳужжат тақдим этилиши мумкин.

*** Агар бундай ҳужжатларни тақдим этишнинг имконияти мавжуд бўлмаса, сотувчи ёки сотиб олувчининг ёзма тушунтиришлари, шу жумладан бундай ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар қабул қилиниши мумкин.

 

6-жиҳат. Битимнинг тарафлари (сотиб олувчи ва сотувчи) бир-бирига ўзаро боғлиқ шахслар бўлмаслиги керак.

Бунда битим тарафларининг ўзаро боғлиқлиги битимнинг баҳосига таъсир этмаганлиги декларант ёки божхона брокери томонидан исботланиши лозим.

Ўзаро боғлиқ шахслар деганда қуйидаги белгиларнинг ҳеч бўлмаганда биттасига мос келадиган шахслар тушунилади:

битим тарафларининг бири (жисмоний шахс) ёки битим тарафларидан бирининг мансабдор шахси айни вақтда битим бошқа тарафининг мансабдор шахси бўлса;

битим тарафлари юридик шахсга биргаликда эгалик қилувчилар бўлса;

битим тарафларининг бири (жисмоний шахс) бошқа тараф билан меҳнат муносабатлари бўйича боғлиқ бўлса;

битим тарафларининг бири битим бошқа иштирокчисининг устав фондида (устав капиталида) овоз бериш ҳуқуқи билан устав фондининг (устав капиталининг) камида беш фоизини ташкил этувчи ҳиссага (пайга) эгалик қилса ёки акцияларининг эгаси бўлса;

битимнинг ҳар иккала тарафи бевосита ёки билвосита учинчи шахс томонидан назорат қилинаётган бўлса;

битимнинг тарафлари бевосита ёки билвосита учинчи шахсни назорат қилаётган бўлса;

битимнинг бир тарафи ва (ёки) унинг мансабдор шахси бевосита ёки билвосита битимнинг иккинчи тарафини назорат қилаётган бўлса;

битим тарафлари ва (ёки) уларнинг мансабдор шахслари қариндош бўлса.

Декларант ёки божхона брокери томонидан битим тарафларининг ўзаро боғлиқлиги олиб кириладиган товарлар билан тузилган битим қийматига таъсир қилмаганлигини тасдиқлаш мақсадида ихтиёрий равишда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши мумкин:

айнан бир хил ёки ўхшаш товарлар сотувчи билан ўзаро боғлиқ бўлмаган сотиб олувчиларга Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириш учун сотилганда, унинг қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар;

божхона қиймати 4 ёки 5-усуллар билан аниқланган айнан бир хил ёки ўхшаш товарларнинг божхона қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар;

сотувчининг Ўзбекистон Республикасидан бошқа мамлакатларга юборилган айнан бир хил товарлар тўғрисидаги маълумотлар.

Мазкур жиҳатлардан бошқа ҳолатлар божхона қийматини аниқлашда асосий усулни (1-усул) қўллаш учун тўсқинлик қила олмайди.

Бундан ташқари, божхона қийматини аниқлашда олиб кирилаётган товар божхона чегарасини кесиб ўтаётган пайтда товар учун амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нархга киритилмаган ёхуд чиқариб ташланадиган харажатлар ҳам мавжуд бўлиши мумкин.

Яъни, олиб кирилаётган товарнинг божхона қийматини аниқлашда битимнинг нархига қуйидаги харажатлар киритилади, агар бу харажатлар битимнинг нархига киритилмаган бўлса:

а) товарни божхона ҳудудига олиб кириладиган жойга етказиб берилгунга қадар қилинадиган харажатлар:

ташиш қиймати;

товарларни юклаш, тушириш, қайта юклаш ва бошқа жойга тўкиш харажатлари;

суғурта қиймати;

б) сотиб олувчи томонидан қилинган харажатлар:

воситачилик ва брокерлик ҳақлари, бундан товарни харид қилишдаги воситачилик харажатлари мустасно;

контейнерлар ва (ёки) кўп марта ишлатиладиган бошқа идишларнинг қиймати, агар улар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасига мувофиқ баҳоланаётган товар билан бир бутун деб қаралса;

ўров-жойлов қиймати, шу жумладан ўраш-жойлаш материалларининг ва ўраш-жойлаш ишларининг қиймати;

в) сотувчи сотиб олувчига бепул ёки арзонлаштирилган нархда бевосита ёхуд билвосита тақдим этадиган хизматларнинг ва бошқа товарларнинг қиймати;

г) интеллектуал мулк объектларидан фойдаланганлик учун сотиб олувчи баҳоланаётган товарни сотиш шарти сифатида бевосита ёки билвосита тўлаши керак бўлган лицензия тўловлари ва бошқа тўловлар;

д) олиб кирилган товарни кейинчалик қайта сотиш, ўзгача тарзда тасарруф этиш ёки ундан бошқа тарзда фойдаланишдан тушган тушумнинг бевосита ёки билвосита сотувчига тегиши керак бўлган ҳар қандай қисмининг қиймати.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган, битимнинг нархига киритиладиган харажатлар тегишли товарлар, ишлар ва хизматлар (ташиш, суғурта қилиш, брокерлик хизмати) учун ҳақ тўланганлиги тўғрисида ваколатли шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар, тўлов топшириқномалари, чеклар) асосида аниқланади.

Ушбу моддада кўрсатилмаган харажатларни битим нархига қўшишга йўл қўйилмайди.

Турли номдаги товарлардан ташкил топган товарларнинг битта туркуми етказиб берилганда, божхона ҳудудига олиб кирилган товарлардан ҳар бирининг божхона қийматига қўшилиши лозим бўлган ҳамда товарларнинг бутун туркуми учун белгиланган харажатларни аниқлаш ҳар бир товар қийматининг товарлар туркумининг қийматига нисбати билан аниқланадиган катталикка мутаносиб равишда, транспорт харажатларини ҳисобга олишда эса, товарларнинг оғирлигига ёхуд ҳажмига мутаносиб равишда амалга оширилади.

Шунингдек, олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашда битим нархидан қуйидаги тўловлар ва харажатлар, башарти улар божхона ҳудудига олиб кириладиган товар учун ҳақиқатда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нархдан ажратиб олинган бўлса, чиқариб ташланади:

саноат қурилмалари, машиналар ёки ускуналар каби товарлар божхона ҳудудига олиб кирилганидан кейин амалга оширилган ускуналарни қуриш, ўрнатиш, йиғиш, монтаж қилиш, созлаш ва уларга хизмат кўрсатиш ёки техник кўмаклашиш харажатлари;

товар божхона ҳудудига олиб кирилганидан кейин қилинадиган транспорт харажатлари;

товарни олиб кириш ёки сотиш билан боғлиқ ҳолда Ўзбекистон Республикасида тўланадиган божхона тўловлари ва бошқа тўловлар, агар контракт (шартнома, келишув) шартларига кўра бу тўловлар сотувчи томонидан тўланса.

Битимнинг нархидан чиқариб ташланадиган тўловлар ва харажатлар, бундан Ўзбекистон Республикасида тўланадиган божхона тўловлари мустасно, тегишли товарлар, ишлар ва хизматлар (ташиш, суғурта қилиш) учун ҳақ тўланганлиги тўғрисида ваколатли шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар, тўлов топшириқномалари, чеклар) асосида аниқланади.

 

27.02.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг