Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан товарларни экспорт қилиш
41555
  1. Ўзбекистон Республикасидан товарларни экспорт қилиш экспорт қилувчининг экспорт контракти (яъни, экспорт, экспорт-консигнация, марказлаштирилган экспорт, биржа ва ярмарка экспорт шартномалари) ва инвойс асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги 283-сон қарори билан тасдиқланган “Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги Низом”га мувофиқ, экспорт қилувчилар — юридик шахслар, шунингдек, юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар — товарлар (ишлар ва хизматлар) экспортига Ўзбекистон Республикаси норезидентлари билан ташқи савдо битимлари (контракт, инвойс) тузган Ўзбекистон Республикаси резидентларидир.

экспорт контракти — товарлар (ишлар, хизматлар) экспортига экспорт қилувчи билан Ўзбекистон Республикасининг норезиденти ўртасида тузилган хўжалик шартномаси, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ экспорт контрактларига тенглаштирилган контрактлардир (бартер контрактларидан ташқари).

инвойс (ҳисоб-фактура) — халқаро тижорат амалиётида сотувчи томонидан харидорга тақдим этиладиган товарлар ва хизматлар рўйхати, уларнинг миқдори ва харидорга етказиб берилган нархлари, товарларнинг расмий хусусиятлари, етказиб бериш шартлари, жўнатувчи ва олувчи тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган ҳужжатдир.

  1. Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 29 ва 30-моддаларига мувофиқ, “Экспорт” божхона режими шундай режимки, бунда Ўзбекистон товари уни қайтариб олиб кириш мажбуриятисиз божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқилади.

“Экспорт” божхона режимига жойлаштирилган ва амалда божхона ҳудудидан олиб чиқилган товар Ўзбекистон товари мақомини йўқотади.

Товарни “Экспорт” божхона режимига жойлаштириш талаблари ва шартлари божхона тўловларини тўлаш ҳамда иқтисодий сиёсат чораларига риоя этишдан иборатдир.

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 20 июлдаги “Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда Давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 197-сон қарорига мувофиқ, «Экспорт» божхона режимида олиб чиқиладиган товарларни божхонада расмийлаштириш учун божхона органига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши лозим: 

– божхона юк декларацияси, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўловчи божхона декларациясини тўлдириш йўли билан товарларни декларациялаш ва электрон тижорат орқали битта инвойс бўйича беш минг АҚШ долларигача бўлган товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилиш ҳоллари бундан мустасно;

– транспорт ҳужжатлари, ўров варағи бундан мустасно.

  1. Ташқи иқтисодий фаолият қатнашчисининг хоҳиши бўйича божхона расмийлаштируви учун барча зарур ҳужжатлар, шу жумладан ваколатли органларнинг ҳужжатлари қоғозда тақдим этилиши мумкин.

Товарларнинг электрон шаклдаги божхона расмийлаштируви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 июлдаги 605-сонли «Товарларни божхонада электрон шаклда декларациялаш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори мувофиқ амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда давлат божхона хизмати органлари томонидан:

ушбу қарорда назарда тутилмаган;

давлат божхона хизмати органлари ёки давлатнинг бошқа органлари ва давлат хизматлари кўрсатувчи бошқа ташкилотлар тасарруфидаги қўшимча ҳужжатларни талаб этиш тақиқланади.

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги 283-сон қарори билан тасдиқланган “Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги Низом”га мувофиқ, экспорт қилувчи ташқи савдо контрактлари ва инвойслар бўйича маълумотларни электрон шаклда электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ҳудудий бошқармаларининг божхона постлари хўжалик юритувчи субъект томонидан ТСОЯЭАТга киритилган контракт (шу жумладан, инвойс) маълумотларини «эркин муомалага чиқариш (импорт)», «экспорт» божхона режимларидаги божхона юк декларацияси маълумотлари билан, шунингдек, тижорат банклар томонидан ТСОЯЭАТга киритилган ҳисоб-китоб маълумотномасида кўрсатилган валюта миқдорини тўлов кафолатланган товарларнинг экспорт қийматига нисбатан мувофиқлиги ёки ортиқлиги билан солиштирадилар ҳамда фарқлар мавжуд бўлмаганда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда божхона юк декларациясини расмийлаштирадилар.

Экспорт қилувчилар қонун ҳужжатларида бошқача назарда тутилмаган бўлса, ТСОЯЭАТга инвойслар тўғрисидаги тегишли маълумотлар киритилиб, товарлар (ишлар, хизматлар) қиймати тўлиқ тўлангандан кейин ва экспорт қилувчиларнинг Ўзбекистон Республикасидаги банк ҳисобрақамларига маблағлар тушгандан сўнг товарларни (ишлар, хизматларни) божхона юк декларацияси асосида Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги онлайн дўконлар орқали экспорт қилишга ҳақли.

Бунда 5000 (беш минг) АҚШ долларигача бўлган товарлар электрон тижорат орқали божхона юк декларациясини расмийлаштирмасдан, почта хизматларини кўрсатиш қоидаларига мувофиқ реализация қилиниши мумкин.

26.02.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг