Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Халқаро ҳамкорлик умумий маълумот
40613

Мустақил Ўзбекистоннинг халқаро алоқалари тобора ривожланиб борар экан, бу эса энг биринчи галда божхона фаолияти замон талабларига жавоб бера оладиган даражада мукаммал йўлга қўйилишини талаб этади. Айниқса, турли халқаро шартномалардаги божхона ишларига оид бандларнинг Ўзбекистонда сифатли ва ўз вақтида бажариб борилишини таъминлаш жуда ҳам муҳим.

Ўзбекистон 1992 йил 28 июлда Жаҳон божхона ташкилотининг фаол аъзосига айланди ва мунтазам равишда ташкилотнинг йиллик анжуманларида мамлакатимиз вакиллари самарали иштирок этиб келмоқдалар. Дунёнинг 179 давлатини ўзида бирлаштирган мазкур ташкилот дунё ҳҳамжамияти томонидан “Халқаро божхона тажрибаси маркази” деб эътироф этилади. Божхона хизматини жаҳон стандартларига яқинлаштириш мақсадида мамлакатимиз халқаро божхона амалиётлари билан боғлиқ 15 дан ортиқ халқаро конвенцияларга аъзо бўлган

Мамлакатимиз Жаҳон божхона ташкилоти ишида фаол иштирок этяпти. Ўзбекистоннинг 1995 йилда Сиёсий комиссия аъзоси этиб, 2001 йилда эса Молия қўмитаси таркибига сайланиши ҳам мамлакатимиз халқаро божхона ҳамжамияти томонидан муносиб эътироф этилганидан далолат беради. Ушбу кўп йиллик ҳамкорлик республикамиз ҳуқуқий базасини халқаро конвенциялар ва божхона ишининг бошқа халқаро меъёрларига яқинлаштиришга имкон берди. Божхона соҳасидаги қонунчилигимиз умумқабул қилинган халқаро стандартлар, меъёрлар ва амалиёт билан бирхиллаштириш ҳамда уйғунлаштириш йўналишида ривожланмоқда, бу эса республика божхона сиёсати ютуқларини мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим далили деб эътироф этишни таъминлайди.

Божхона таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисида халқаро конвенциянинг (Киото конвенцияси) 1999 йил июнда маъқулланган янги версияси ЖБТнинг энг ката ва муҳим ютуғига айланди. Кенгашнинг 2005 йилдаги сессияларида Хавфсизлик ва жаҳонда савдони енгиллаштиришнинг ҳадли стандартлари қабул қилиниши ҳам халқаро божхона ҳамжамияти учун муҳим воқеа бўлди.

Давлат божхона қўмитасининг халқаро божхона ҳамкорлиги фақатгина Жаҳон божхона ташкилоти билан кифояланмайди. Республикамиз божхона органлари бошқа йирик халқаро ташкилотларнинг ҳам божхона ишига доир дастур ва лойиҳаларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.

Жумладан, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бошқармасининг гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланувига қарши курашиш бўйича тажриба алмашишга доир халқаро тадбирларида, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Божхона ҳамкорлиги бўйича махсус ишчи гуруҳи йиғилишларида, МДҲ Божхона хизматлари раҳбарларининг кенгаши мажлислари, Осиё тараққиёт банкининг Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги дастури, Япониянинг JICA ва Кореянинг KOIKA халқаро ҳамкорлик бўйича ташкилотлари ўқув курсларида фаол иштирок этиб келинмоқда.

Истиқлол йилларида МДҲга аъзо давлатларнинг божхона хизматлари ўртасида божхона ҳамкорлигининг ҳуқуқий асослари ва йўналишларини ўзида қамраб олган 100 дан ортиқ ҳукуматлараро ва идоралараро Битимлар имзоланди. Сўнгги 20 йил мобайнида эса мазкур Битимлар имзоланган давлатлар вакиллари билан 100 дан ортиқ икки томонлама ишчи учрашувлар ташкил этилди. Мазкур олий даражада ўтказилган учрашувларнинг самараси ўлароқ Тошкентда ўтказилган бир қатор тадбирларни мисол келтиришимиз мумкин:

- 1997 йилда Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Жеймс Шавер иштирокида Марказий Осиё давлатлари божхона хизматлари раҳбарлари билан ўтказилган минтақавий учрашув;

- 2002 йилда Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Мишел Дане иштирокида “Буюк ипак йўли давлатларида гиёҳванд моддаларнинг ғайриқонуний айланишига қарши курашиш” мавзусида халқаро конференция (конференция якунида Тошкент Декларацияси имзоланган);

- 2004 йилда Япония ҳукумати кўмагида божхона процедурасини соддалаштириш ва уйғунлаштириш бўйича қайта ишлаб тўлдирилган Халқаро конвенцияни таништириш мақсадида ташкил этилган минтақавий семинар (Киото конвенцияси) ;

- 2008 йилда Миллий кинология марказига Жаҳон божхона ташкилотининг минтақавий ўқув маркази мақомини бериш бўйича Давлат божхона қўмитаси ва Жаҳон божхона ташкилоти ўртасида Англашув меморандуми имзоланиши.

- 2010 йил 3 май куни Жаҳон Божхона ташкилоти Бош котиби Кунио Микуриянинг Тошкентда бўлиб ўтадиган Осиё тараққиёт банки (ОТБ) бошқарувчилар Кенгашининг 43-йиллик мажлиси доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига расмий ташрифи. Ташриф чоғида Жаноб Микурия Жаҳон божхона ташкилотининг яқин йилларга мўлжалланган стратегик мақсад ва вазифалари тўғрисида Давлат божхона қўмитаси шахсий таркиби олдида чиқиш қилиб, божхона хизмати - қонуний савдо айланмасини ташкил этиш, иқтисодий тараққиёт ва хавфсизликни таъминлашда муҳим роль ўйнашини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Олий даражадаги меҳмонларнинг мамлакатимизга ташрифи мазкур халқаро ташкилот билан Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганлигининг яққол далилидир.

Ўзбекистон божхона органлари томонидан халқаро ҳамкорлик йўналишида олиб борилаётган фаол ва муваффақиятли чора-тадбирлар жаҳон ҳамжамияти томонидан ижобий баҳолаб келинмоқда. 

20.02.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг