Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетаётган жисмоний шахслар учун божхона қоидалари
81332

Агар Сиз Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетаётган бўлсангиз, шуни ёдда тутинг-ки, жисмоний шахсларга умумий қиймати 5 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган товарларни божхона декларацияси тақдим этмасдан Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишга рухсат этилади.

Аммо, айрим турдаги товарларни олиб чиқишнинг чекланган меъёрлари мавжуд.  Жумладан, гуруч – 3 кг.гача, нон маҳсулотлари – 5 кг.гача, гўшт ва гўшт маҳсулотлари, шакар ва ўсимлик ёғи – 2 кг.гача, шунингдек янги мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва мевалардан 40 кг.гача олиб чиқиш мумкин.

Унутманг! Гиёҳвандлик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорлар, озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотлар, маданий бойликлар, ўқотар қурол ва патронлар, ёввойи ўсимликлар, уларнинг қисмлари, мевалари, уруғлари ва ботаника коллекциялари, ёввойи ҳайвонлар, уларнинг қисмлари, зоология коллекциялари, ҳаёт фаолияти маҳсулотлари, ўлжалар, тулумлари, экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларини олиб чиқишда ваколатли органларнинг тегишли рухсатномалари талаб этилади.

Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг нақд валютасини ва чет эл нақд валютасини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш чекловларсиз амалга оширилади.

Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг нақд валютасини ва чет эл нақд валютасини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиш юз миллион сўм эквивалентдан ортиқ бўлмаган суммада амалга оширилади. Нақд валютани белгиланган эквивалентдан ортиқ суммада олиб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.

Юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг нақд валютасини ва чет эл нақд валютасини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ҳамда Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш тақиқланади, бундан Ўзбекистон Республикаси банклари мустасно.

Агар Сиз божхона қоидалари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмасангиз, у ҳолда чегара-божхона постида хизмат олиб бораётган божхона ходимларига мурожаат қилишингиз мумкин.

13.02.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг