Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхонада кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишда янги тизим
2149

Ҳар қандай соҳа ривожини, тараққиётини етук ва билимдон кадрлар белгилаб беради. Бунинг учун энг аввало ишга қабул қилиш жараёнлари адолатли, очиқ ва шаффоф бўлиши шарт!

Мазкур йўналишда божхона органларида ҳам кенг миқёсдаги чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Президентимизнинг жорий йил 27 апрелдаги “Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-122-сон Фармони билан 2022 йил 1 июндан кадрларни очиқлик вa шаффофлик тамойиллари асосида танлаш ҳамда танлов жараёнларининг натижалари Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида эълон қилиб борилиши йўлга қўйилди.

Бунинг учун махсус ахборот тизими - Давлат божхона қўмитаси вакант лавозимларининг ягона очиқ портали ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий қилинди.

ДБҚ расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ишга қабул қилиш юзасидан эълонлар берилгач, номзодлар аввалгидек йиғма жилдларда қоғоз кўринишида эмас, балки илк бора Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайти орқали ариза ва ҳужжатларни электрон шаклда топширишди.

Амалиётда ушбу янгилик ўзини тўла оқлади дейишимиз мумкин. Масалан, яқинда Давлат божхона қўмитаси таркибий тузилмаларида бўш бўлган 12 та кичик инспекторлик лавозимлари учун хотин-қизларни хизматга қабул қилиш бўйича эълон қилинган танловда 616 нафар хотин-қизлар ариза йўллаб, иштирок этишди.

Божхона органларига хизматга қабул қилиниш талабларидан келиб чиқиб, ушбу аризалар кўриб чиқилди ва улардан 291 нафари дастлабки саралаш тадбирларига йўлланма олди.

Шу муносабат билан яқинда ушуб номзодлардан дастлабки тест синовлари олинди, уларнинг интеллектуал ривожланганлик ва психоэмоционал барқарорлик даражаси психологик жиҳатдан ўрганилди.

Муҳими шундаки, синов жараёнлари видеоназорат тизими ўрнатилган хоналарда ўтказилди ва номзодларнинг яқинлари учун трансляция қилиб борилди. Очиқ ва шаффоф тарзда ўтказилган синов натижалари ҳам шу куннинг ўзида номзодларга маълум қилинди.

Табиийки, буларнинг барчаси тизимга билимли, етук профессионал кадрларни жамлаш билан бир қаторда божхона органларига ишга қабул қилишда инсон омилини сезиларли даражада қисқаришига ва коррупцион хатти-ҳаракатларнинг олдини олишга муносиб ҳисса қўшади.

30.11.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг