Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан 2019 йил 28 февралда тасдиқланган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган ғоя асосида давлат ва жамият ҳаётидаги муҳим масалалар бўйича ўтказиладиган матбуот анжуманларининг 2019 йил 1 ярим йиллик режасига мувофиқ ташкил қилинди.
Унда Давлат божхона қўмитасининг Хавфларни мониторинг қилиш ва баҳолаш бошқармаси бошлиғи Илхом Мухторов ва бошқа мутасадди вакиллар иштирок қилиб, журналистлар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига жавоблар беришди.
Хавфни бошқариш тизимининг вужудга келиши силсиласи
Асосий жиҳатлар
Хавфни бошқари тизимни тўлақонли амалга киритиш орқали “ялпи” божхона назоратини ўтказишдан воз кечган ҳолда, хавф профиллари ёки тасодифий танлов асосида товар ва транспорт воситаларининг божхона назорати 4 та йўлаклардан бирига йўналтирилган ҳолда амалга оширилади.
«Сариқ йўлак», бунда божхона декларацияси, ҳужжатлар ва маълумотларни текшириш бўйича божхона назорати шакллари хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга ёки тасодифий танловда аниқланган товар ва транспорт воситаларига нисбатан амалга оширилади;
«Қизил йўлак», бунда божхона назорати шакллари хавф даражаси юқори кўрсаткичга эга ёки тасодифий танловда аниқланган товар ва транспорт воситаларига нисбатан амалга оширилади;
«Яшил йўлак», бунда хавф даражаси паст бўлган товар ва транспорт воситаларини чиқариб юбориш тўғрисидаги қарор қабул қилинганда, божхона назорати шакллари уларга нисбатан амалга оширилмайди;
«Кўк йўлак», бунда хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга ёки тасодифий танлов асосида аниқланган товарларга нисбатан божхона назорати шакллари улар чиқариб юборилгандан сўнг амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходими ўрнатилган тартибда тасдиқланган товарларни кўздан кечириш ҳамда намуна ва (ёки) синамалар олишда божхона тартиб-таомилларини амалга ошириш тўғрисидаги йўриқномага асосан хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими буюрган божхона операцияларини бажаришга мажбур.
Хўш, хавф ўзи нима? Бубожхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилмаслиги эҳтимолининг даражаси бўлиб, хавфни бошқариш — хавфнинг олдини олиш ва уларни имкон қадар камайтириш, уларнинг қўлланилиш самарадорлигини баҳолаш, шунингдек божхона операцияларининг бажарилиши устидан назорат қилиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалда бажаришни, божхона органларида мавжуд бўлган ахборотнинг узлуксиз янгиланишини, таҳлил этилишини ва қайта кўриб чиқилишини назарда тутувчи доимий ишлардир.
Божхона органларида хавфни бошқариш тизимини қўллаш орқали қуйидаги мақсадларга эришилади:
Хавфни бошқариш тизимини қўллаш орқали қонун ҳужжатларига риоя этилишини ҳамда божхона органлари зиммасига юклатилган вазифаларни бажарилишини таъминлаш;
Қонун ҳужжатларига мувофиқ, божхона назорати объектларига нисбатан божхона назоратини етарли даражада таъминлайдиган божхона назоратининг шаклларини ҳамда даражасини танлаш;
Божхона назоратини тезлаштириш ҳамда хавф даражаси кам бўлган товар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан олиб ўтилишида божхона назоратини соддалаштириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш.
Мазкур тизим тадбиркорга нима беради?
Энг аввало, ушбу тизим ташқи савдо айланмасининг ошишига ва халқаро савдонинг ривожланишига хизмат қилади;
Ташқи иқтисодий фаолиятнинг (ТИФ) ҳалол иштирокчиларини рағбатлантириш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш имконини беради;
Божхонаназорати ва расмийлаштирувига сарфланадиган вақт сезиларли равишда қисқаради;
Ҳарбир ТИФ қатнашчисига индивидуал баҳо бериш ва уларнинг ҳалоллигига қараб саралаш, бир-биридан фарқлаш имкони туғилади;
ТИФ қатнашчиларига божхона кўригидан енгиллик яратилади;
ТИФ қатнашчиларининг товарлари айланмаси даври қисқаради.
Эндиликда тадбиркорлар Давлат божхона қўмитасининг bojxona.uz сайтидаги http://service.customs.uz ҳаволаси орқали божхона юк декларациясининг мақоми ҳамда унинг қайси йўлакка жойлаштирилганлиги тўғрисида маълумотларни реал вақт режимида олишлари мумкин.
Мазкур тизим божхона органларига нима беради?
Товар ва транспорт воситаларини, божхона назоратидан ўтказишда Хавфни бошқариш тизими божхона назоратининг қўлланиладиган шакли ва даражасини белгилаб беради. Товарлар божхона чегараси орқали олиб ўтилаётганда божхона операцияларининг ўтказилишини тезлаштириш билан бир қаторда божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларини аниқлаш, прогноз қилиш ва уларнинг олдини олишда муҳим рол ўйнайди.
Маълумки, божхона органларига тақдим қилинадиган барча маълумотларни текшириш ва уларнинг ишончлилигини таъминлашнинг имконияти йўқ. Хавфни бошқариш тизми эса божхона органларининг чекланган ресурсларидан энг катта самарадорлик асосида фойдаланиш имконини беради.
Бунда асосий эътиборни юқори ставкали, доимий характердаги божхона қонунчилигининг бузилиши ёки маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатларига путур етказадиган ёхуд давлатнинг бошқа манфаатларига таҳдид соладиган, ҳимоя қилиш божхона органлари зиммасига юкланган энг хавфли ҳолатларга ва етказиб бериш жараёнларига қаратишга катта эътибор берилади.
Аксинча, хавф-хатарлар бўлмаса ёки унинг эҳтимолий қонунбузилишларининг оқибатлари минимал даражада бўлса, божхона расмийлаштирувининг энг содда технологияларини қўлланилади ва транспорт воситаларининг кутиб қолиши, юкларни ташиш, уларни божхона терминалларида сақлаш билан боғлиқ асоссиз харажатларга йўл қўйилмайди.
Дастлабки натижалар
Хавфни бошқариш автоматлаштирилган ахборот тизимидан самарали фойдаланилиши натижасида ўтган давр мобайнида 135 та ҳолат аниқланиб, 6,3 млрд. сўмлик қўшимча божхона тўловлари ҳисобланган.
25.03.2019