Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
«Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонун мазмун-моҳияти ва аҳамияти
6320
Қонунга кўра, Ер участкаларини қуйидаги мақсадларда компенсация эвазига олиб қўйиш жамоат эҳтиёжлари деб эътироф этилади:

мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни, эркин савдо зоналарини ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун ерлар бериш;
халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;
фойдали қазилмалар конларини қидириш ва қазиб олиш (бундан кенг тарқалган фойдали қазилмалар конлари мустасно);
республика ҳамда маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль ва темир йўлларни, аэропортларни, аэродромларни, аэронавигация объектларини ҳамда авиатехника марказларини, темир йўл транспорти объектларини, кўприклар, метрополитенлар, туннелларни, энергетика ва алоқа тизимининг муҳандислик объектлари ҳамда тармоқларини, космик фаолият объектларини, магистраль қувурларни, муҳандислик-коммуникация тармоқларини, ирригация ва мелиорация тизимларини қуриш (реконструкция қилиш);
тасдиқланган аҳоли пунктлари бош режаларининг объектларни Давлат буджети маблағлари ҳисобидан қуришга оид қисмини бажариш;
давлат инвестиция дастурларида кўрсатилган давлат таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш муассасаларининг бинолари ҳамда иншоотларини марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан қуриш назарда тутилган лойиҳаларни амалга ошириш.
Ер участкаларининг ҳар қандай бошқа мақсадларда олиб қўйилишини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш сифатида талқин этиш тақиқланади.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий Кенгашнинг ер участкасини олиб қўйиш бўйича ташаббусни дастлабки тарзда кўриб чиқишга доир мажлислари ОАВ ва жамоатчилик вакиллари иштирокида очиқ ўтказилади.
Маҳаллий Кенгашнинг ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан кейин ҳокимликлар ҳуқуқ эгалари билан компенсациянинг шартлари, турлари ва миқдори бўйича келишувга эришишга доир ишларни амалга оширади.
Ҳуқуқ эгаси билан келишувга эришилмаган тақдирда, ҳуқуқ эгасини келишувни имзолашга мажбур қилиш мақсадида кўчмас мулкни эркин тасарруф этишига монелик қиладиган хатти-ҳаракатларни содир этишга, ҳуқуқ эгасининг муносиб ҳаёт кечириши учун монелик қиладиган шарт-шароитларни яратишга йўл қўйилмайди.

Қонунга асосан, ер участкаси олиб қўйилиши муносабати қуйидагилар компенсация қилинади:
олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулкнинг бозор қиймати;
олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати (бундан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга бўлган ижара ҳуқуқи мустасно);
олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўп йиллик дов-дарахтларнинг бозор қиймати;
кўчиш, шу жумладан бошқа кўчмас мулкни вақтинчалик ижарага олиш билан боғлиқ харажатлар;
ер участкасидан ва унда жойлашган кўчмас мулкдан фойдаланишдан олиниши мумкин бўлган бой берилган фойда (бунда ер участкаси ва унда жойлашган кўчмас мулк бўшатиб қўйилган пайтдан эътиборан аввалги фаолиятни тиклашгача бўлган, бироқ 1 йилдан ортиқ бўлмаган муддатдаги фойда ёки мавсумий ҳосилдан олиниши мумкин бўлган фойда ҳисобга олинади);
ҳуқуқ эгасининг қонунчиликда ёки келишувда назарда тутилган бошқа харажатлари ва зарарлари.
Ер участкаси олиб қўйилганлиги муносабати билан ҳуқуқ эгасига ноқулайликлар келтириб чиқарилганлиги учун компенсация сифатида ер участкасида жойлашган кўчмас мулк бозор қийматининг 5 фоизи миқдорида бир марталик тўлов амалга оширилади.
Қонунчиликка мувофиқ, ҳуқуқ эгасига тегишли бўлган, олиб қўйилган ерда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойлар (яшаш учун мўлжалланмаган жойлар), ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҳамда бошқа бинолар ва иншоотлар мавжуд бўлган тақдирда, уларнинг бозор қиймати ҳам тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.
Шунингдек, турар жойга нисбатан ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлари мавжуд бўлмаган, ушбу турар жойга 15 йил (эгалик қилиш ҳуқуқини юзага келтирувчи муддат) мобайнида худди ўз мулкидек ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахсларга, ушбу кўчмас мулк объектлари учун солиқлар тўлаб келинганлиги тасдиқланган тақдирда, мазкур кўчмас мулк объектлари қийматининг ўрни қопланади.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

12.07.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг