Давлатимиз раҳбари иштирокида 2022 йил 17 февраль куни божхона органлари ходимлари билан “2022 йилда божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш ва уни коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш бўйича устувор вазифалар тўғрисида” ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирилган ишонч божхона органи ҳодимларининг зиммасига яна бир карра маъсулият юклади.
Навоий вилояти божхона бошқармасининг раҳбарияти, Шахсий хавфсизлик бўлими, адлия бошқармаси, прокуратура, божхона ходимлари ва уларнинг оила аъзолари билан навбатдаги давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда дастлаб, божхона ходимлари томонидан Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига ҳамда божхона чегаралари орқали товарларни ноқонуний олиб ўтилишига қарши курашиш борасида бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилиб, Ватанимиз сарҳадлари орқали республикамиз ҳудудига қурол-яроқ, наркотик ва психотроп моддалар, диний экстремистик адабиётлар ҳамда сифатсиз товар-моддий бойликларни кириб келишини олдини олишдаги эришаётган ютуқлари тўғрисида гапирилди.
Тадбир давомида бошқарма шахсий таркиби ўртасидаги муҳит, коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқарадиган омиллар ҳамда божхона ходимлари томонидан йўл қўйилган салбий ҳолатлар бирма-бир аниқ мисоллар келтирилган ҳолда шахсий таркиб эътиборига етказилди.
Шуни таъкидлаш жоизки, ходимлар томонидан жиноят содир этиш ҳолатларига айрим ҳолларда уларнинг оиласидаги муҳит ҳам таъсир этиши тушунтирилди.
Шу сабабли, ота-оналарга божхона тизимида хизмат қилаётган фарзанди ёки яқинларининг хатти-ҳаракатларига бефарқ бўлмасликлари, уларда салбий ўзгаришлар, дабдабавозлик, манманлик ва бошқаларни менсимаслик каби иллатлар пайдо бўлганлигини сезишса, бундай ҳолатларни ўз вақтида олдини олиб, тўғри йўлга йўналтириш кераклиги тушунтирилди.
Шу каби ҳолатларни кўриб, билиб туриб бефарқ бўлишлик ўз фарзандининг келажагига, юрт келажагига бефарқ бўлиш билан тенг эканлиги таъкидланди. Зеро, коррупция бу – мамлакат тараққиётининг кушандасидир.
Тадбир сўнгида, божхона соҳасига оид саволлар юзага келганда, Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 ҳамда Навоий вилояти божхона бошқармасининг (79)-223-08-65 рақамли ишонч телефонига мурожаат этишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.
27.06.2022