Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Самарқанд” халқаро аэропортида авиақатновлар янги терминалда амалга оширила бошланди
7805
2022 йилнинг 1 апрелидан бошлаб “Самарқанд” халқаро аэропортида авиақатновлар янги терминалда амалга оширилади.
“Самарқанд” халқаро аэропортида авиақатновлар янги терминалда амалга оширила бошланди

Эндиликда халқаро йўналишлар бўйича парвозлар сони ҳафтасига 114 тагача, яъни 35 фоизгача кўпайтирилади.

Эски аэропорт соатига 400 та йўловчига хизмат кўрсатган бўлса, янги бинода соатига 1200 та йўловчига хизмат кўрсатилади.

Янги аэропортда хорижлик сайёҳлар ҳамда зиёратчилар учун замон талаблари даражасида хизмат кўрсатиш ва қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди.

Эндиликда йўловчи-сайёҳлар аэропорт олдигача шахсий ва жамоат транспортида келиш имконияти яратилди. Йўловчилар томонидан энг кўп эътирозларга сабаб бўлган ҳолат ҳужжатларни расмийлаштиришда узундан-узун навбатларга, юкларни назоратдан ўтказишда соатлаб кутишларга барҳам берилди.

Аэропорт орқали мамлакатимизга ташриф буюрувчи меҳмонлар, туристлар ҳамда йўловчиларга янада қулайликлар яратиш мақсадида  Самарқанд халқаро аэропортида илк бор “божхоначисиз-назорат” тизимини ташкил этилди.

Бунда йўловчилар республика ҳудудидан чиқиб кетишларида божхона хизматига бевосита дуч келмасдан, ҳатто божхона хизмати борлигини сезмасдан божхона назоратидан ўтишади.

Дастлаб, “Самарқанд-Истамбул” йўналишидаги авиарейс билан фаолият бошлаган янги терминалда йўловчилар учун яратилган қулайлик ва шароитлар юзасидан сайёҳлар ҳамда йўловчиларни суҳбатга тортдик.

Эсма Изги,
Туркия давлати фуқароси:

- Аэропорт энг янги технологиялар билан таъминланган. Мисол учун, багаж системаси тез ва сифатли хизмат кўрсатиш, рўйхатдан ўтиш устунлари энг сўнгги технологиялар қўлланилган. Йўловчилар барча шароитлар яратилган. Бу терминалнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, эндиликда йўловчилар “божхоначисиз-назорат” тизими орқали ҳаракатланишади. Мана гувоҳи бўлиб турибсизлар, йўловчилар божхоначи хизматига дуч келишмаяпти. Бу тизим ривожланган давлатлар тажрибасидан олинган. Дунёнинг саноқли халқаро аэропортларида бундай амалиётни кўришингиз мумкин.

Салтанат Назарова,
йўловчи:

- Тўғриси таассуротларимни сизга сўз билан ифодалаб беролмайман. 10 йилдан бери хорижга хизмат сафари билан чиқиб келаман. Кўплаб давлатларда бўлганман. Ўша хориждаги аэропортларни кўриб ҳавас қилардим. Мана ўзимизда ҳам ҳеч қайси аэропортдан кам бўлмаган, йўловчилар учун барча шароитларга эга терминални кўриб роса хурсанд бўлдим. Аввалгидек, тирбандлик йўқ. Йўловчилар божхона ходими билан умуман учрашмасдан божхона назорати зонасидан ўтишмоқда. Қойил қолмай илож йўқ.

Мадинабону Кулиева,
йўловчи:

- Туркияга оилам билан саёҳат қилиш учун кетаяпман. Янги аэропортдаги шароитларни кўриб кўзим қувонди. Аввалига айримларга савол бердим. Божхоначилар бизларни текширмайдими деб. Чунки бунақасини аввал кўрмаган манда. Бу жуда қулай. Вақтимиз тежалмоқда. Яна бир эътиборли томони йўловчилар учун ахборот бурчаги ҳамда экранлар ташкил этилиб, унда божхона чегараси орқали товарларни олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби белгиланган норматив ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти акс этирилган. Бу шароитларнинг барчаси инсон қадри учун қилинган.

Эндиликда йўловчи-сайёҳлар аэропорт олдигача шахсий ва жамоат транспортида келиш ҳамда яқинларини аэропорт ичидан туриб кузатиб юбориш имконияти яратилди.

Ўктам Зоҳидов,
кузатувчи:

- Ўғлим Японияда ўқийди. Ҳозир уни онаси билан бирга кузатиб қўйдик. Ўғлим ҳеч қандай тўсқинликларга учрамасдан учиш залига ўтиб кетди. Олдинлари аэропорт ёнига яқинлашиб бўлмас эди. Фарзандимизни кўчадан кузатиб, минг бир хавотир билан ўтирардик. Эсон-омон учиш залига ўтиб олдимикан деб. Мана бугун аэропортгача кириб, ўғлимизни хорижга кузатиб қўйдик. Энди кўнглимиз хотиржам бўлиб уйга қайтамиз.    

Ҳа, бундай шароитдан барча бирдек мамнун. Эндиликда юртимизга ташриф буюрувчи меҳмонлар ва сайёҳларнинг оқими ошаверади.

Дарҳақиқат, ушбу концепция Самарқанд халқаро аэропортида тажриба тариқасида йўлга қўйилгач, сўнгра республикамизнинг бошқа аэропортларида ҳам татбиқ этилиши кўзда тутилган.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси
Aхборот хизмати

2.04.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг