Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлашга оид янги ҳужжатлар қабул қилинди
4798
«Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони (ПФ–81-сон, 01.03.2022 й.) қабул қилинди.
Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни  қўллаб-қувватлашга оид янги ҳужжатлар қабул қилинди

Фармон билан Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси (Қўмита) ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди.
Қўмита оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.
Оила ва хотин-қизлар масалаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Қўмита билан мажбурий тартибда келишилади.
Фармон билан қуйидаги лавозимлар киритилди:
Вазирлар Маҳкамасига – Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига – Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси;
вилоят ҳокимликларига – ҳоким ўринбосарлари – оила ва хотин-қизлар бошқармалари бошлиқлари;
туман (шаҳар) ҳокимликларига – ҳоким ўринбосарлари – оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари лавозимлари.
Қуйидаги лавозимлар тугатилди:
маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири;
маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари бошлиқлари;
маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари бошлиқлари лавозимлари.
Ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, ҳар бир маҳаллада хотин-қизлар фаоли лавозими жорий этилди.
Фармонга кўра, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари негизида тегишинча Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди.
Вазирлик нуроний ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, маҳаллалар билан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.
Маҳалла, нуроний ва кексалар масалаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Вазирлик билан мажбурий тартибда келишилади.
Фармонга кўра, маҳалла раисига қўшимча ҳуқуқлар берилди.

Маҳалла раиси, жумладан, туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчиси, маҳалладаги ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли, ички ишлар органлари таянч пункти профилактика (катта) инспекторларини рағбатлантириш ёки уларга нисбатан эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларини қўллаш бўйича мазкур ходимларнинг юқори турувчи ташкилотларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиши мумкин.
2022 йил 1 июлгача «Маҳалла тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Фармон билан шунингдек, аҳоли муаммоларини ўрганиш, таҳлил қилиш ва ҳал этиш ҳамда мурожаатларни давлат органлари ва ташкилотлари томонидан кўриб чиқишнинг бир-бири билан узвий боғланган тўрт поғонали «маҳалла–туман–вилоят–республика» тизими жорий этилди.
Жорий йилнинг 2 мартида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ–146-сон қарори қабул қилинди.
Қарор билан:
Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси;
маҳаллий Кенгашларда Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар ташкил этилди.
Бош прокуратурада Хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳаларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси ташкил этилди.
Бош прокуратура хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳаларидаги қонунчилик ҳужжатлари ижроси устидан тизимли назорат ўрнатади.
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
вазифаларни амалга ошириш учун, давлат органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда мутахассисларини жалб қилиш, ишчи гуруҳлар тузиш;
статистик, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа маълумотларни сўраш ва олиш;
хотин-қизлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда оилани мустаҳкамлаш борасидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши юзасидан мажбурий тақдимномалар киритиш;
хотин-қизлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кўзлаб судларга ариза (шикоят) ва даъволарни киритиш;
хотин-қизлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда оилани мустаҳкамлашга доир ташаббуслар билан чиқиш ҳамда таклифлар киритиш.

2022 йил 1 майдан маҳалладаги хотин-қизлар фаолининг ойлик иш ҳақи миқдори у бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда қуйидагича белгиланади:
хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3,5 баравари (2 млн 877 минг сўм) миқдорида;
хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4 баравари (3 млн 288 минг сўм) миқдорида;
хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4,5 баравари (3 млн 699 минг сўм) миқдорида.

16.03.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг