Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Гендер тенглик - демократик тараққиёт белгиси
2788
Маълумки, сўнгги йилларда республикамизда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни яратишга, аёлларнинг жамият ва давлат бошқарувида фаол иштирок этишини таъминлашга, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга ҳамда ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Гендер тенглик - демократик тараққиёт белгиси

Навоий вилояти божхона бошқармаси ташаббуси билан Навоий шаҳар хокимияти, ИИБ ва Навоий вилояти аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази билан ҳамкорликда “Гендер тенглик- демократик тараққиёт белгиси” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда бошқарма бошлиғи ўринбосари Н.Османов гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги, ўз ўрнида божхона органларида хотин-қизларнинг самарали фаолият олиб боришлари, спорт билан мунтазам шуғулланишлари, китобхонликка бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ва яратилган имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, Навоий шаҳар ИИБ хотин-қизлар масалалари бўйича масъули Л.Тўраева 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ЎРҚ-561-сон ҳамда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ЎРҚ-562-сон Қонунларининг мақсади ва мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритди. Шунингдек, ҳозирда мазкур йўналишда олиб борилаётган амалий чора-тадбирлар сезиларли даражада   ўзининг самарасини бераётганлигини таъкидлади.

Суҳбатни Навоий шаҳар ҳокимининг Хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Р.Ризаева давом эттириб, Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ташкил этилганлиги, юртимиз тарихида илк маротаба Парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган кўрсаткичларга етганлиги ва бошқарув лавозимларида, партияларда, олий таълимда, тадбиркорликда аёллар сони кескин ортганлиги ҳақида батафсил маълумотлар берди.

Шунингдек, Навоий вилояти Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази директори Н.Эрмаматова ҳозирда ушбу йўналишда мавжуд муаммо ва камчиликлар маҳаллабай тарзда жойларга чиқиб ўрганилаётгани, уларнинг зудлик билан ечимини топиш ва бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида ўз фикр мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Суҳбат давомида, бошқарма ходимлари “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”нинг юритилиши, 2021 йил 28 майда Олий Мажлис Сенатининг “2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ижроси бўйича жойларда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ўзларини қизиқтирган саволларга ҳам батафсил жавоб олдилар.

                              Нилуфар Отамуродова
     Навоий вилояти божхона бошқармаси

                                 

18.12.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг