Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Гендер тенглик – жамиятни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади
3308
Юртимизда сўнгги тўрт йилда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Гендер тенглик – жамиятни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади

Гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага оид 25 та қонунчилик ҳужжати қабул қилинди. Бу борада, Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди.

Ўзбекистон тарихида илк маротаба парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етиб, парламентдаги хотин-қизлар сони қарийб 32 фоизга етди ва дунёдаги 190 та парламент орасида 37-ўринга кўтарилди. Бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга, партияларда 44 фоизга, олий таълимда 40 фоизга, тадбиркорликда 35 фоизга етди.

Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро рейтинглардаги мамлакатимиз ўрнига ижобий таъсир кўрсатиб, Жаҳон банкининг Аёллар, бизнес ва қонун индексида Ўзбекистон 2020 йилда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган 27 та давлат қаторига киритилди ва 5 поғонага юқорилаб, 190 та давлат орасида 134-ўринни эгаллади.

Бугун ўзбек тадбиркор аёллари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар чет давлатларга экспорт қилиниб, юқори натижаларни қўлга киритилаётгани қувонарли ҳолдир. Айни чоғда юртимизда ишбилармон аёлларнинг илғор ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариш, инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга зарур ташкилий, ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилган.     

Қолаверса, гендер тенглик — бу мамлакатнинг демократик тараққиёт даражасини кўрсатувчи индикаторлардан бири ҳисобланади. Шу боис, бугунги глобаллашув даврида жамиятда бу масалага устувор эътибор қаратилмоқда.

Бу борада, Давлат божхона хизмати органларида ҳам қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Давлат божхона қўмитаси Европа Иттифоқи ва Халқаро савдо маркази томонидан ташкил этилган “Ready4Trade Central Asia (R4TCA)” лойиҳаси доирасида бугун Хоразм вилоятидаги тадбиркор аёллар, Хоразм вилояти божхона бошқармасининг аёл ходимлари учун бошқарманинг мажлислар залида Марказий Осиё мамлакатларида минтақалараро ва халқаро савдони ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича “Гендер муаммоларни инобатга олган ҳолда савдо-сотиқ тартиботларини соддалаштириш” мавзусида ўқув семинар тренинги ўтказилди.

Семинарда Давлат божхона қўмитасининг Хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилоти раиси Умида Пирмухамедова, Божхона институти катта ўқитувчиси Нилуфар Ахмедова, лойиҳа маслаҳатчиси Акмал Азимов, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Хоразм вилояти бўлинмаси раҳбари Зевар Палванова, вилоят тадбиркор аёллари ҳамда бошқарманинг масъул ходимлари иштирок этишди.

– Президентимизнинг доимо аёлларни қўллаб-қувватлаш, ҳар томонлама кўмак беришга қаратилган ташаббуслари бугун минглаб хотин-қизларнинг қалбида ишонч, шижоат ҳамда миннатдорлик туйғуларини уйғотмоқда. Бу каби ўтказилаётган ўқув семинарлари вилоятимиз тадбиркор аёллари учун муҳим аҳамият касб этади — дейди “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Хоразм вилояти бўлинмаси раҳбари Зевар Палванова.

Ўқув семинари 23 ноябрга қадар давом этади.

Л.Ганиева
Хоразм вилояти божхона бошқармасининг
Хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич
ташкилоти раҳбари

22.11.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг