Ҳозирги кунда Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг ислоҳотлар жараёнида бу борадаги устувор вазифалар ижросига қаратилган доимий эътибор инсон ҳуқуқларини муҳофазалаш, хотин-қизларнинг оиладаги ва жамиятда фаоллигини ошириш, барча соҳаларни ривожлантиришда муҳим самара бермоқда.
Юртимизда гендер тенгликни таъминлашнинг қонунчилик ва институционал негизини мустаҳкамлаш йўлида таъсирчан чоралар кўрилди. Хусусан, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларни ҳимоясига қаратилган 24 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, 2 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 6 та фармон ва қарорлари, Вазирлар Махкамасининг 16 та қарорлари қабул қилинди. Шу билан бирга, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда хотин-қизлар ҳамда эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш мақсадида 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинди. Мазкур стратегиядаги барча йўналишлар БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ ишлаб чиқилган. Зеро, жамиятда гендер тенгликка эришиш борасида амалга оширилаётган ишлардан кўзланган мақсад халқимизнинг демократик давлат, эркин фуқаролик жамиятини барпо этишдек эзгу ниятларни рўёбга чиқариш, юрт тараққиётини юксалтиришдан иборат.
Бу борада, Давлат божхона хизмати органларида ҳам қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Давлат божхона қўмитаси Европа Иттифоқи ва Халқаро савдо маркази томонидан ташкил этилган “Ready4Trade Central Asia (R4TCA)” лойиҳаси доирасида 2021 йил 19-20 ноябрь кунлари давомида Қорақалпоғистон Республикасидаги тадбиркор аёллар, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг аёл ходимлари учун Нукус шаҳрида жойлашган Ёшлар марказида Марказий Осиё мамлакатларида минтақалараро ва халқаро савдони ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича “Гендер муаммоларни инобатга олган ҳолда савдо-сотиқ тартиботларини соддалаштириш” мавзусида ўқув семинар ўтказилди.
Семинарда Давлат божхона қўмитасининг Хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилоти раиси Умида Пирмухамедова, Божхона институти катта ўқитувчиси Нилуфар Ахмедова, лойиҳа маслаҳатчиси Акмал Азимов, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Қорақалпоғистон бўлинмаси раҳбари Зоя Калиева ҳамда бошқарманинг масъул ходимлари иштирок этди.
Шубҳасиз, ушбу хайрли мақсад сари ташланган ҳар бир дадил қадам ёруғ истиқболга, юксалиш ва фаровонликка эришиш учун муҳим пойдевордир.
Г.Абилкасимова
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг
Хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилоти раҳбари
20.11.2021