Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Она тилим - ўзингсан буюк!
1380
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида “Она тилим ўзингсан буюк” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди
Она тилим - ўзингсан буюк!

Тадбирда Нукус шаҳар 38-сонли умумий ўрта таълим мактабининг Ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Д.Холмуратова ва бошқарма шахсий таркиби иштирок этди. Д.Холмуратова божхона ходимларига ўзбек тили тарихи ва Давлатимиз раҳбари ҳамда ҳукуматимиз томонидан ўзбек тилини ривожлантириш, ёшларни китобхонликка бўлган қизиқишини янада ошириш борасида амалган оширилаётган ишлар бўйича батафсил сўзлаб берди.

Ҳар бир миллатнинг ўз тили, маданияти, урф-одати бор бўлиб, улар орасида тил алоҳида ўрин тутади. Тил – ҳар бир миллатнинг тимсоли ва бебаҳо бойлиги ҳисобланиб, ундан ҳар бир миллат вакили кундалик турмуш тарзида фойдаланиб келади. Жамиятда ҳар бир инсон ўз ички туйғуларини, дилидаги гапларини суҳбатдошига тил орқали етказишга сазовар бўлади. Ўзбек тили жаҳонда бой ва энг қадимий тиллардан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда давлат тили ўзбек тили ҳисобланиб, бу бош қомусимиз ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4 моддасида ҳам белгилаб ўтилган.

Ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланилиб, халқаро минбарларда баралла янграмоқда. Ҳозирги кунда хорижий давлатларда ҳам тилимизга бўлган эътибор ва уни ўрганишга қизиқиш тобора кучаймоқда.

Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада аввало ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиийдир.

Сўнги йиллари юртимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатида халқимиз ижтимоий ҳаёти ва халқаро миқёсдаги нуфузи ва мавқеинини янада ошириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш бўйича бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, бу ҳозирда ўз самарасини бермоқда.

Шунингдек, тадбир давомида бошқарма ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

Н.Розибаев

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси

Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар гуруҳи катта инспектори, божхона хизмати капитани

23.10.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг