Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
ДЕМОКРАТИК ЖАРАЁНЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА ГЕНДЕР ТЕНГЛИГИНИНГ АҲАМИЯТИ
2668

«Давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш –ислоҳотларимизнинг энг устувор йўналишларидан биридир...»

Ш.М.Мирзиёев

 

Дунё ривожининг ҳозирги даврида  инсон тараққиёти, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, ижтимоий адолат ва инсон хавфсизлигини таъминлаш борасидаги олиб борилаётган ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш учун аёллар ва эркакларнинг жамият ҳаётининг барча жабҳаларидаги тенглигини амалда таъминлаш масалалари устувор вазифаларнинг бирига айланмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)га аъзо давлатлар ўртасида аёллар ва эркаклар тенглигини таъминлашга доир миллий мажбуриятларни тўлиқ бажариш ҳар бир давлатнинг олдига қўйган ўз эзгу мақсадларига эришиш ва БМТ тамойилларини қўллаб-қувватлашга муносиб ҳисса қўшиш демакдир. Барчага маълум, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йилнинг сентябрида Барқарор ривожланиш бўйича ўтказилган саммитида қабул қилинган 70-сон резолюциясига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 23 сентябрь Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясидаги ўз  нутқида “биз учун гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучаймоқда. Янги Парламентимизда аёл депутатлар сони икки баробарга кўпайди”, деб мамлакатимизда хотин-қизлар сиёсати бўйича амалга оширилаётган ишларни назарда тутди. Ҳақиқатан ҳам  мамлакатимизда хотин-қизларнинг ўз имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқаришлари учун барча шарт-шароитларни таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Мамлакатимизда гендер тенглигини таъминлаш борасида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва амалиётга татбиқ этилмоқда. Бу борада, 2030 йилгача бўлган даврда БМТ глобал кун тартибининг барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон барқарор ривожланишнинг бешинчи мақсадини амалга ошириш доирасида “Гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”га оид тўққизта вазифани ишлаб чиқди. Жумладан:

  • ҳамма жойда барча хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш;
  • хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини, шу жумладан, одам савдоси, жинсий эксплуатация ҳамда эксплуатациянинг бошқа шаклларини тугатиш;
  • эрта никоҳлар ва зўрлаб никоҳлашни тугатиш;
  • коммунал хизматлар, инфратузилма ва ижтимоий ҳимоя тизимларини тақдим этиш орқали парваришлаш ва уй хўжалигини юритиш бўйича ҳақ тўланмайдиган меҳнатни тан олиш ва қадрлаш, миллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда оилада хўжалик юритиш учун умумий масъулият тамойилини рағбатлантириш;
  • хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётнинг барча босқичларида ҳар томонлама иштирок этишларини ҳамда қарор қабул қилишда етакчилик қилишлари учун тенг имкониятларни таъминлаш;
  • репродуктив саломатликни асраш соҳасида умумқамровли тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш учун соғлиқни сақлаш хизматларидан умумий фойдаланишни таъминлаш;
  • хотин-қизларни уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширишларида қўллаб-қувватлайдиган дастурларни кенгайтириш;
  • хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга кўмаклашиш мақсадида юқори самарали технологиялар, хусусан, ахборот-коммуникация технологияларидан фаолроқ фойдаланиш;
  • “Гендер тенглик” тамойилларини бошқарувнинг турли босқичларида давлат дастурларини қабул қилиш жараёнига тўла сингдириш.

Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган туб ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад,  хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, уларнинг бандлигини таъминлаш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини оширишга қаратилгандир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга қилган Мурожаатномаларида энг асосий вазифа этиб, мамлакатимизда истиқомат қилаётган 17 миллиондан зиёд опа-сингилларимиз, қизларимиз, онахон ва момоларимизга муносиб шароит яратиб бериш учун барча имкониятларни ишга солишимиз лозимлиги ҳамда ҳаётни ва аёллар муаммоларини яхши биладиган, фаол ва ташаббускор опа-сингилларимиздан иборат Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини ташкил этишни таклиф этдилар. Шунингдек, жойларда аниқланган хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш учун бюджетдан қўшимча равишда 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилганлиги таъкидлаб ўтилди.

Мамлакатимизда хотин-қизларга катта эътибор қаратилмоқда. Жамиятимизнинг турли соҳаларида уларнинг фаол иштирок этишлари учун барча шароитлар яратилмоқда. Мамлакатимизда аёлга бўлган муносабат ўз тарихий илдизларига эга, аждодларимиз доимо аёлларни қадрлашга, уларга нисбатан ҳурмат ва иззатда бўлишга даъват этишган.

Хотин-қизларнинг давлат ва жамият қурилиши ва бошқарувидаги ролини кучайтириш, уларнинг сиёсий ҳуқуқларини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли уларнинг жамиятдаги тутган ўрни юксалди. Ўзбек аёли исми-шарифи ёнига “Ўзбекистон Қаҳрамони”, “Депутат”, “Сенатор”, “Вазир”, “Вазир ўринбосари”, “Академик”, “Олима”, “Мўътабар аёл”, “Тадбиркор”, “Директор” атамалари қўшиб айтилиши бунинг яққол мисолидир. Зеро, бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 50 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг умумий аҳоли сонига нисбатан ёшлари бўйича таҳлил қилганимизда қуйидаги маълумотларни кўришимиз мумкин (1-расм).

Улар ижтимоий-маънавий, сиёсий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида самарали ва фаол меҳнат қилиб келишмоқда. Юксак маънавиятли ва маърифатли, намунали одоби ва тарбияси билан эътироф этилган оналаримизнинг издошлари бугун давлат ва жамият қурилишида, ишлаб чиқаришда, илм-фан, маданият, тиббиёт, таълим ва ҳатто ҳарбий соҳада хизматлари беқиёс.

Шундай экан, Республикамиз БМТнинг ― Хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг барча шаклларини йўқ қилиш ҳақидаги конвенцияси, Халқаро меҳнат ташкилотининг ― Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисидаги, Меҳнат ва машғулотлар соҳасидаги камситишлар тўғрисидаги конвенцияларига МДҲ давлатлари орасидан биринчилар қаторида қўшилди. Шунингдек, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунларнинг қабул қилиниши  хотин-қизлар манфаатларини муҳофаза қилиш, уларнинг оила ва умуман жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар комплексининг таркибий қисмидир. Ушбу Қонунларга кўра гендер тушунчаси - хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳати эканлиги очиб берилди.

Янги қонун билан гендер тенгликни таъминлаш кафолатлари яратилгани Ўзбекистонда бу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилганини кўрсатди ва бу мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор қадамидан нишонадир.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳнамолигида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, саломатлигини муҳофаза қилиш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Гендер тенглик бўйича институционал чораларга келсак, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати таркибида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш бўйича миллий қонунчиликда халқаро стандартларни уйғунлаштириш билан шуғулланувчи янги Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил қилинган. Бундан ташқари, меҳнатга оид ҳуқуқларнинг кафолатлари ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уйдаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш мақсадида зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази ва Хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази, Ҳукумат ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази каби янги тузилмалар ташкил топди.

Мазкур янги ташкил этилган барча институционал механизмлар Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда БМТ Конвенциясига мувофиқ аёллар ҳуқуқлари, гендер тенглиги ва хотин-қизларга нисбатан камситишларга барҳам беришнинг ягона яхлит механизмига айланиши масаланинг муҳим томонидир. Шу боис, ушбу йўналишда давомий изчил ишларни амалга ошириш талаб этилади. Бу ерда нафақат қабул қилинган кўрсатмалар, балки уларнинг халқаро мажбурият ва стандартларга мувофиқлиги, жойларда ўз вақтида ва аниқ бажарилиши ҳам муҳим ахамиятга эга.

Ҳозирда жамиятимизда “илғор аёл” образини янада ошириш масалалари мавжуд. Бутун замон талаби  жамиятимизда аёл ҳокимлар, олий таълим муассасаларидан ректорлик лавозимларида аёллар бўлишлиги, аёл вазирлар ва вазир ўринбосарларни ҳамда аёл элчиларимиз бўлишлигини тақозо этмоқда. Дунё бўйича ҳукм сураётган пандемия мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий соҳаларига ҳам ўз таъсирни кўрсатмоқда. Айниқса хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга бўлган талабни ортишига сабаб бўлмоқда. Бугунги кунга қадар 834 минг аёлларнинг ишсизлиги расман рўйхатга олинган. Уларни ижтимоий фаоллигини ошириш ва иш билан таъминлаш учун барча даражадаги депутат аёлларни бирлаштирувчи  “Депутат аёллар клуби” аъзолари рахнамолигида “Депутат билан юзма-юз”, “Уйма уй”, “Хизмат-беминнат” каби амалий лойиҳаларни янада ривожлантиришни талаб этади.

Шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномаларида 6 миллиондан ортиқ хотин-қизларнинг муаммолари пухта ўрганилганлиги ҳамда хотин-қизларни қийнаётган кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммоларга амалий ечим топиш мақсадида “Аёллар дафтари” ва “Темир дафтар” шакллантирилганлиги ушбу муаммоларни ҳал этишда маҳаллаларда янги ташкил этилган “Аёллар маслаҳат кенгашлари” ҳам яқиндан кўмак бериб келаётганлиги таъкидлаб ўтилди. Бу борада хотин-қизларнинг жамиятдаги ва давлат бошқарувидаги мавқеини янада оширишга қаратилган яхлит тизим яратиш бўйича таклиф ишлаб чиқиш вазифаси белгилаб берилди.

Юқорида таъкидлаб ўтилган миллий мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, бу борада божхона органларида ҳам бир қатор ишлар олиб борилмоқда. 2020 йил мобайнида божхона қонунчилиги бузилиш ҳолатлари натижасида қиймати 424,1 млрд. сўмлик товар моддий бойликлар ушлаб қолинган. Давлат бюджетига 24,7 трлн. сўм пул маблағи ўтказилиб, белгиланган режа 1,4 трлн. сўм ортиғи билан бажарилган. Бу эса республикамиз аҳолисини, шу жумладан, кам таъминланган, ёлғиз боқувчи ҳисобланган ёки касалманд бўлган аёлларимизни ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни амалга ошириш имконияти демакдир.

Божхона органларида 300 ортиқ хотин-қизлар мавжуд бўлиб, улар яъни шахсий таркибнинг 8 фоизини ташкил этади. Улар ватанпарварлик ва садоқат билан    мамлактимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлашда ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Божхона органларида гендер тенглигини таъминлаш борасида хотин-қизлар  масалалари бўйича бошланғич ташкилоти билан ҳамкорликда бир қатор вазифалар амалга оширилган. Жумладан, ДБҚ тизимида “Гендер тенглик” борасида хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш борасида улар томонидан бир қатор тадбирлар ўтказилган.

ДБҚ органлари хизмат фаолияти давомида 2 нафар аёл ходим докторлик дисертацияларини ҳимоя қилди. Божхона тизимида 228 нафар ходим юқори лавозимларга тайинланган бўлса, шундан 48 нафари аёлларни ташкил этди.

Доимий равишда хотин-қизлар ўртасида спорт машғулотларини кенг тарғиб қилиш мақсадида, барча  таркибий тузилмаларда спорт заллари ташкил этилиб, хотин-қизларнинг исталган спорт тури билан шуғулланиш имконияти яратилган.  Ҳозирда улар стол тенниси, шахмат, шашка, фитнес, югуриш каби спорт турлари билан мунтазам шуғулланиб келмоқдалар.

Республика вазирлик ва идораларида фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар ўртасида “Спорт–нафислик ва саломатлик манбаи” шиори остида ўтказилган мусобақада спорт гимнастрадаси тури бўйича 1-ўринни эгаллаб, мусобақанинг “Энг чаққон жамоаси” номинацияси ғолиби бўлган ДБҚ жамоаси муносиб рағбатлантирилди.

Давлат божхона қўмитасининг 2020 йил 29 июндаги “Давлат божхона хизмати органларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат-кенгаши тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида” 115-сон буйруғи билан “Давлат божхона хизмати органларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат-кенгаши тўғрисидаги Низом” тасдиқланди.

Мазкур Низом талаблари асосида Давлат божхона хизмати органларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат-кенгашлари тузилди. Жумладан, Давлат божхона қўмитаси 2020 йил 30 июндаги йиғилиш баёнига асосан, Давлат божхона қўмитаси Марказий аппаратида ҳамда  барча ҳудудий бошқармалар ва Божхона институти ҳамда Миллий кинология маркази томонидан хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат-кенгаши таркиби тасдиқланди.

Божхона ходимлари томонидан чегара олди ҳудудларда яшовчи ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этган 3325 нафар фуқаролар профилактик суҳбатлар ўтказилган бўлиб, шулардан 646 нафари аёлларни ташкил этган. Давлат божхона қўмитасига келиб тушган мурожаатлар бўйича таҳлил қилганимизда қуйидаги рақамларни кўришимиз мумкин.

Маълумки, божхона органларида раҳбар кадрларга бўлган эҳтиёж асосида амалдаги ва истиқболли ёш кадрлар захирасини шакллантириш, уларни бугунги кун талабларига мувофиқ қайта тайёрлаш ва малакасини узлуксиз ошириб бориш, замонавий раҳбар кадрлар тизимини яратиш, шунингдек, раҳбар кадрлар алмашинуви (ротация) эҳтиёжларини комплекс мониторинг қилиш ҳамда уларни босқичма-босқич мўлжалланган лавозимларга тайёрлаб бориш долзарб ҳисобланади. Бу борада, божхона органлари шахсий таркибида эркак раҳбар ходимлар билан бир қаторда аёл раҳбар ходимлар захиралари шакллантирилган.

Республикамизнинг узоқ  вилоятларидаги божхона чегара постларида да хизмат фаолияти олиб бораётган хотин қизларимиз учун шарт-шароитлар яратилган. Қорақалпоғистонда “Қорақалпоғистон” ва “Довут ота” постларида ишлайдиган ходимлар учун барча шароитларга эга 2 та кўп хонали уй, Нурафшон шаҳрида, 36 та хонадонли хизмат уйи ва Сурхондарё вилоятининг Шарғун шаҳарчасида 32 та хонадонли уй-жой қурилиб, уй-жойга муҳтож бўлган 550 нафар божхона ходимлари хизмат хонадонларига жойлаштирилди, 630 нафар божхона ходимларига уй-жой ижараси учун компенсация тўловлари ажратиб келинмоқда.

Ходимларни, шу жумладан аёлларимизни ўқитиш ва иқтидорларини кенг намоён этишлари учун ҳам тегишли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бугунги кунда Давлат божхона қўмитаси ҳузурида Божхона институти фаолият кўрсатиб келаётган бўлиб, божхона органларига малакали кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш учун ихтисослаштирилган олий таълим муассасаси ҳисобланади. Мазкур даргоҳда 551 нафар курсант таҳсил олаётган бўлиб, шундан 69 нафари қизларни ташкил этади.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг феврал-март  ойида Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан ҳамкорликда “Гендер тенглик фаоли” миллий танловининг “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол вазирлик, давлат муассасаси, ташкилот ва идоралар”, “Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилган энг яхши ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи”, “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳокимлик”, “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ННТ”, “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол тадбиркорлик фаолияти субъекти” каби йўналишлар бўйича танлов ташкил этилган бўлиб, ишчи гуруҳ ва танлов комиссияси аъзолари томонидан 60 нафардан зиёд мурожаатлардан тушган аризалар ўрганиб чиқилди ва  энг мақбуллари танлаб олинди. Ушбу танловда Давлат божхона қўмитаси «Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилган энг яхши ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи» йўналиши бўйича мукофот билан эътироф этилди ва қимматбаҳо совға билан тақдирланди.

Хулоса ва таклифлар

Фикримизча, жамиятда аёллар ва эркаклар тенглиги тамойилини илгари суриш демократик бошқарувнинг асосий ва ажралмас қисми бўлиб, дунёдаги юз бераётган иқтисодий ривожланиш сиёсати гендер жиҳатдан нейтрал бўлиш мумкин эмаслигини тасдиқламоқда, гендер тенглик ва иқтисодий самарадорлик ўртасида бевосита алоқа мавжуд.

Шундай экан, Ўзбекистон Республикасида гендер тенглигига эришиш стратегиясини 2021 — 2023 йилларда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ҳамда мақсадли кўрсаткичларни ишлаб чиқиш ҳамда давлат хизмати, таълим, илм-фан ҳамда соғлиқни сақлаш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишда, оилавий муносабатлар ҳамда болалар тарбиясида
хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш борасида божхона органлари шахсий таркиби ўз ҳиссаларини юқори даражада амалга ошириб борадилар. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар таркибида фаолият олиб бораётган аёлларимиздан “Полковник” ҳамда “Генерал” махсус унвонларга эга аёлларимиз сафлари ортиб бориши мақсадга мувофиқдир.

 

Каримжонова Мунаввар Ибрагимовна

Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти

“Иқтисодий фанлар”кафедраси катта ўқитувчиси, PhD

21.09.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг