Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Корея Республикаси божхона хизмати делегацияси Ўзбекистонда
3961
Юртимизга Корея Республикаси божхона хизмати Комиссари Лим Джэ Хён раҳбарлигидаги божхона делегацияси ташриф буюрди.
Корея Республикаси божхона хизмати делегацияси Ўзбекистонда

Ташрифнинг илк кунида юқори мартабали меҳмонлар билан Давлат божхона қўмитасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. 

Учрашувда Давлат божхона қўмитаси раиси меҳмонларни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, сўнгги йилларда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон-Корея ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга ва янги поғонага кўтаришга қаратилган фаол ташқи сиёсат юритилаётганлигини алоҳида қайд этди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур давлат Ўзбекистоннинг Осиё-Тинч океан минтақасидаги етакчи савдо-иқтисодий шериги ҳисобланади. Пандемия даврига бўлишига қарамай, иккала мамлакат ўртасидаги ўзаро ташқи савдо айланмаси жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида 1 млрд. 130 млн. АҚШ долларига етди.

Икки мамлакат ўртасида тобора ўсиб бораётган савдо-иқтисодий ҳамкорлик божхона соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни ҳам янада кенгайтиришни тақозо этади. Айни шу заруратдан келиб чиқиб, Давлат божхона қўмитаси ва Корея Республикаси божхона хизмати билан фаол ҳамкорлик алоқалари изчил олиб борилмоқда.

Хусусан, томонларнинг бугунги учрашуви Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Корея Республикаси божхона хизмати раҳбарлари ўртасидаги Божхона ҳамкорлигининиг 4-йиғилиши ҳисобланади.

Ўзбекистон ва Корея ўртасида божхона соҳасидаги ҳамкорликнинг асосини бундан 22 йил аввал имзоланган Битим ташкил қилади ва ҳозирда ушбу Битимни қайта кайта кўриб чиқиб, янги таҳрирда имзолаш, иккала мамлакат ўртасидаги Эркин савдо битимига мувофиқлаштириш зарурати юзага келган.

Шунингдек, иккала мамлакатнинг божхона институтлари ўртасида касбий тайёргарлик соҳасида ҳамкорлик қилиш, шунингдек, божхона назорати ва экспертизаси, хавфни бошқариш ҳамда контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити йўналишларида ўзаро тажриба алмашиш масаласи ҳам учрашувда атрофлича муҳокама қилинди.

Бундан ташқари корейс делегацияси халқаро темир йўл транспортида юк ташишда қўлланиладиган божхона жараёнлари бўйича Ўзбекистон тажрибасини ўрганишга қизиқиш билдирди.

Учрашув якунида “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Корея Республикаси Корея божхона хизмати ўртасида таълим соҳасида тажриба алмашиш ва ҳамкорлик” тўғрисида ўзаро англашув Меморандуми мзоланди.

Мазкур меморандум икки мамлакат божхона хизматларининг олий таълим муассасалари ҳамда кинология хизматлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Жумладан, момерандум доирасида келгусида ҳар йили божхона ходимлари ва Божхона институти тингловчилари Корея чегара ва божхона институтида малака оширишлари назарда тутилмоқда. Шунингдек, Корея божхона хизмати юқори малакали мутахассисларини Ўзбекистонга консультант сифатида жалб этиш ҳам режалаштирилган.

Учрашувдан сўнг меҳмонлар Давлат божхона қўмитасининг Ситуацион маркази ва Божхона тарихи музейи билан танишишди ҳамда Фахрий меҳмонлар китобига ўз таассуротларини ёзиб қолдиришди.

Ташриф доирасида Корея Республикаси божхона хизмати делегацияси Самарқанд шаҳрида ҳам бўлади.

 

Давлат божхона қўмитаси
Матбуот хизмати

13.09.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг