Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона тизими фидойиси
1613
— Давлат божхона қўмитасининг Фарғона вилояти божхона бошқармаси бошлиғи марҳум Бегали Рахмоналиев табиатан қаттиқўл, интизомли, меҳнатсевар ва масъулиятли инсон эди,— дейди Давлат божхона қўмитасининг собиқ раҳбари, истеъфодаги генерал-майор У.Абдуғаниев.
Божхона тизими фидойиси

Б.Рахмоналиев узоқ йил шу тизимда фаолият юритди. Турмуш ўртоғи марҳума Ҳидоят ая билан биргаликда  3 ўғил ва 2 қизни ўқимишли қилиб, элга қўшишди.  Бу инсон ҳақида вилоятдаги қайси мансабдор шахсдан фикр сўрасангиз, уларнинг барчаси илиқ хотиралар билан ёдга олади. Бундан кўринадики, марҳум ҳаёт кечирган ва  фаолият юритган йиллари мобайнида ҳеч кимнинг дилига озор бермаган. Уларнинг оғирини енгил қилиш ва ёрдам беришга доим тайёр бўлган. Бундай одамларни хотирлаш, унинг яқинларидан хабар олиш ҳам инсоний фазилатлардан биридир. Фарғона вилояти божхона бошқармасида анъанага айланган эзгу ташаббус мана бир неча йилдирки давом этмоқда. Бу ҳам бўлса, шу соҳада узоқ йиллар фаолият юритган,  бу оламни тарк этган божхона ходимларининг оила аъзолари холидан хабар олишдир.

Фарғона вилояти божхона бошқармаси бошлиғи И.Азимов бир гуруҳ бошқарма ходимлари, Ўзбекистон божхона хизмати фахрийлар уюшмаси Фарғона вилояти бўлинмаси раиси М.Мирзажонов ва божхона фахрийлари У.Умаров, У.Қандақжоновлар иштирокида узоқ йиллар давомида вилоят  божхона бошқармаси бошлиғи лавозимида хизмат қилган, марҳум божхона хизмати полковниги Бегали Рахмоналиевнинг хонадонига ташриф буюриб, унинг оиласи ҳолидан хабар олишди.

Дастлаб марҳум Б.Рахмоналиев хотирланиб, унинг ҳаққига  дуойи фотиҳа ўқилди. Унинг яқинларига байрам табриги етказилди.  Шундан сўнг, Давлат божхона қўмитасининг собиқ раҳбари, истеъфодаги генерал-майор У.Абдуғаниевнинг божхона органлари фаолиятига бағишланган “Ҳаёт ҳақиқатлари” китобида Б.Рахмоналиев ҳақида билдирилган илиқ фикрлар ўқиб эшиттирилди.

Ташриф сўнгида Б.Рахмоналиевнинг фарзандларига, марҳум отаси ҳақида ёзилган китоб ҳамда  бошқарманинг эсдалик совғалари топширилди.

— Божхона ходимлари ва дадамнинг шогирдлари уни хотирлаб тез-тез хонадонимизга ташриф буюришади. Дадам бутун ҳаётини бежизга божхона тизимига сарфламаган экан. Ўзлари йўқ бўлсаларда ортларидан йўқлаб келадиган яқинлари кўп. Мана шундай эътибор ва ғамхўрликдан жуда мамнунмиз,—дейди Умиджон Раҳмоналиев.

 Ташрифдан кўзланган мақсад ҳам, айнан инсон қадри ва унинг хотираси абадий эканлигини англашдан иборатдир.

Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан божхона фахрийлари ҳолидан хабар олиш, уларнинг тажрибаларидан ёш авлодни тарбиялашда фойдаланиш, улар билан мунтазам учрашувлар ташкил этишга қаратилган тадбирлар давом этмоқда.

13.09.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг