Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона экспертизаси – тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг янги босқичида
1512
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасига мувофиқ товарнинг таснифланиши тўғри бўлишини назорат қилиш, уларни қайта ишлаш маҳсулотларида, интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларга риоя этилиши учун идентификациялаш учун божхона экспертизаси тайинланади.
Божхона экспертизаси – тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг  янги босқичида

Ўзбекистон Республикаси Божхона Кодексининг 52-бобига асосан божхона органлари томонидан тадбиркорлик фаолиятларини олиб бориш ҳамда расмийлаштирув жараёнини тезлаштириш мақсадида товарларнинг Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасига мувофиқ таснифланиши юзасидан дастлабки қарор қабул қилиниши мумкинлиги белгилаб берилган.

Бугун ушбу йўналишда ҳам божхона органлари томонидан салмоқли ишлар амалга оширилиб, давлатимиз ташқи савдо айланмасининг таянчи бўлган тадбиркорлик субъектларига божхона расмийлаштируви жараёнларида яқиндан амалий кўмак кўрсатилмоқда.

Хусусан, биргина Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан йил бошидан 96 та дастлабки қарор қабул қилинган бўлиб, бу орқали тадбиркорлик субъектларининг ҳеч қандай тўсиқларсиз ва янада тез фурсатларда божхона расмийлаштирувини амалга оширишлари учун замин яратилган.

Таъкидлаш жоизки, товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарорлар очиқ ахборот бўлиб, барча юридик ва жисмоний шахсларга уларнинг ёзма сўровларига кўра ҳеч бир чекловларсиз тақдим этилади, бундан тижорат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир бўлган ахборот мустасно.

Рухсатнома ҳужжатларини олиш учун тадбиркорлик субъекти илгари идорама-идора юрган бўлса, ҳозирда ушбу жараёнлар онлайн “Ягона дарча” ахборот тизими орқали амалга оширилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан 2021 йилнинг январь-август ойлари давомида “Ягона дарча” Божхона ахборот тизими орқали жами 3120 та фитосанитария, 109 та ветеринария ва 153 та санитария-эпидемиологик осойишталик марказларидан хулосалар, рухсатнома тусидаги ҳужжатлар олинган.

Хорижда ишлаб чиқарилган товарларнинг импорти амалга оширилганида божхона тўловларининг тўғри ҳисобланиши ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси бўйича қўлланилган товар кодига бевосита боғлиқдир. Товар кодини бошқа товар коди билан алмаштириб тақдим этиш “яширин иқтисодиёт”нинг илдиз отишига замин яратади.

Товарларнинг кодини ўзгартириб, божхона тўловларидан қочиш, пировардида, яширин иқтисодиётга қўл уришга бўлган уринишлар божхона ходимлари томонидан ўз вақтида фош этилмоқда.

Хусусан, бошқарманинг ташқи иқтисодий фаолиятда нотариф тартибга солиш ва божхона экспертизаси гуруҳи томонидан 2021 йилнинг дастлабки 8 ойи давомида тақдим этилган ҳужжатлар бўйича 69 та божхона экспертизалари ўтказилди. Шундан, 43 та ҳолатда товарларнинг ТИФ ТН код рақамлари нотўғри белгиланганлиги аниқланиб, жами 1 млрд. 898 млн. сўмлик қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди. 

Бугун мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига яратилган имкониятларнинг самарали ва мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш, “яширин иқтисодиёт” ва берилган имтиёзларнинг суиистеъмол қилинишининг олдини олишда ҳам божхона экспертизаси муҳим аҳамият касб этади.  

Бир сўз билан айтганда, бугунги божхона экспертизаси қонунчилик талаблари асосида ўз фаолиятини йўлга қўйган ҳалол тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашда янги босқичга қадам ташламоқда. Бу эса мамлакатимизда соғлом рақобат муҳитининг шаклланиб, ташқи савдо айланмаси товарларининг ортишига туртки бўлиши шубҳасиз.  

 

 

 

 

 

 

 

9.09.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг