Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитасида "Гендер стратегиясининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти" мавзусида семинар бўлиб ўтди
2826
Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, улар учун тенг шароитлар яратиб беришга катта эътибор қаратилмоқда.
Давлат божхона қўмитасида

2021 йилнинг 7 сентябрь куни Давлат божхона қўмитасида Давлат божхона хизмати органларида хизмат қилаётган аёллар билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган "Гендер стратегиясининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти" мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Видеоконференция тарзида ташкил этилган ушбу учрашувда Давлат божхона хизмати органларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат-кенгаши вакиллари, Давлат божхона хизмати органларидаги Хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотларининг Қўмита, ҳудудий божхона бошқармалари, Миллий кинология маркази ва Божхона институтидаги шаходатланган аёллларининг вакилалари иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикаси божхона органлари тизимида гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган фаолият билан танишиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси М. Кадирханова, Сенат ҳузуридаги Экспертлар кенгаши аъзоси Г. Ишанханова ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи У. Абдуллаевалар ўз маърузалари билан иштирок этишди.

Тадбирни очар экан, ДБҚ Раисининг ўринбосари У. Кодиров Ўзбекистон Республикасида хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг давлат ва жамият қурилиши ва бошқарувидаги ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги боис уларнинг жамиятда тутган ўрни ҳам мустаҳкамланиб бораётганлигини таъкидлаб, семинарга ташриф буюрган экспертларга ва ташкилотчиларга миннатдорчилик билдирди.

Семинарда биринчи бўлиб сўзга чиққан М. Кадирханова "2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясининг мазмун-моҳияти" мавзусида иштирокчиларга маъруза қилди. Сенат ҳузуридаги Экспертлар кенгаши аъзоси Г. Ишанханова "Ўзбекистонда гендер масалаларга оид миллий қонунчилик" юзасидан,  У. Абдуллаева эса “Хотин қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишда ҳимоя ордерининг аҳамияти” юзасидан маъруза қилдилар.

Таъкидланганидек, Давлат божхона қўмитасининг 2020 йил 29 июндаги “Давлат божхона хизмати органларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат-кенгаши тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида” 115-сон буйруғи билан “Давлат божхона хизмати органларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат-кенгаши тўғрисидаги Низом” тасдиқланиб, унга асосан Маслаҳат Кенгаши низоми ва Маслаҳат Кенгаши таркиби тасдиқланиб, маслаҳат кенгашининг фаолияти йўлга қўйилди. Давлат божхона қўмитаси 2020 йил 30 июндаги йиғилиш баёнига асосан эса, Давлат божхона қўмитаси Марказий аппаратида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат-кенгаши таркиби ҳам тасдиқланди.

Ҳозирги кунда тизимда 324 нафар аёллар хизмат қилмоқда. 18 нафар аёллар эса раҳбарлик лавозимларида самарали фаолият кўрсатмоқда.

Бугунги кунда аёлларимиз ДБҚ марказий аппарати, ҳудудий божхона бошқармалари аппарати, чегара ва ТИФ божхона постлари, Божхона институти ва Миллий кинология марказида турли лавозимларда самарали хизмат қилиб келмоқдалар.

Ҳусусан, божхона органларининг асосий йўналишлари ҳисобланган божхона тўловлари, хавфни бошқариш, инновация, божхона экспертизаси каби бошқармаларда, шунингдек суриштирувчи, тезкор ходим, кинолог, дастурчи, қурилиш муҳандиси, бухгалтер ва шифокорлар шулар жумласидандир.

Бугунги кунга қадар аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган 100 га яқин халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.

Ушбу халқаро ҳужжатларнинг қабул қилиниши аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро стандартларини қонунчиликка имплементация қилиш бўйича халқаро-ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.

Юртимизда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар негизида албатта халқаро конвенцияларга қўшилиш ҳамда миллий қонунчилик базасини яратиш муҳим аҳамият касб этади.

Шубҳасиз, миллий қонунчиликни такомиллаштиришда халқаро конвенцияларнинг ўрни катта ҳисобланиб, бу борада БМТ Бош Ассамблеясининг 1979 йил 18 декабрдаги 34/180-сон резолюцияси билан қабул қилинган “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги Конвенция муҳим ўрин эгаллайди.

Ўзбекистон Республикаси Олмй Мажлисининг 1995 йил 6 майдаги  87-I-сон Қарори билан Ўзбекистон Республикаси мазкур Конвенцияга қўшилган бўлиб, бугунги кунда Конвенциянинг барча талаблари бажариб келинмоқда.

“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан илк бор миллий қонунчилигимизда «гендер» тушунчасига таъриф берилган бўлиб, унга кўра гендер – хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан, сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳат ҳисобланади. Жамиятда аёл ва эркакларнинг ўз ўрнини топиши учун давлат уларга бир хил шароит ва имконият яратиб бериши гендер тенгликни таъминлаш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Семинар сўнгида иштирокчилар томонидан кўрилган мавзулар асосида саволлар берилиб уларга атрофлича жавоблар олинди.

8.09.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг