Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбекистон Республикаси божхона органлари тизимида товарларнинг намуналари ва синамаларини тасарруф этиш тартиби қандай?
4196
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона органлари тизимида товарларнинг намуна ва синамаларини тасарруф этиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 145-сон Қарори билан божхона органлари тизимида товарларнинг намуналари ва синамаларини тасарруф этиш тартиби белгилаб қўйилган.

Низомга кўра, намуналар ёки синамалар товарларни идентификациялаш ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасига биноан товар кодини аниқлаш мақсадларида олинади.

Тадқиқот (экспертиза) мақсадлари учун эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилаётган товарлардан намуналар ёки синамалар олиш божхона органи бошлиғи томонидан масъул этиб тайинланган божхона органи мансабдор шахси томонидан товарга нисбатан ваколатга эга бўлган шахс, шунингдек, заруратга кўра (заҳарли, токсик, кучли таъсир қилувчи товарлар), мутахассис иштирокида амалга оширилади.

Бунда божхона органи мансабдор шахси намуналар ёки синамалар товар партиясининг таркиби ва хусусиятларини тўлиқ ифодалаш ҳамда олинган намуналар ёки синамалар, шунингдек, маълумотларнинг ишончлилиги учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

Намуналар ёки синамалар уч нусхада олиниб, йўлланма хати орқали намуналар ёки синамалар билан божхона лабораториясига жисмоний ёки юридик шахс томонидан танланган куни юборилади.

Товар миқдори уч нусхада намуналар ёки синамалар олиш имкониятини бермаса, у ҳолда товардан бир нусхада намуна ёки синама олиниб, йўлланма хати орқали лабораторияга юборилади.

Намуналар ёки синамаларнинг ҳар бир нусхаси мазкур Низомнинг 4-иловасига мувофиқ қадоқланиб, махсус қадоқ устидаги жадвал товар тўғрисидаги маълумотлар билан тўлдирилади ҳамда жисмоний ёки юридик шахснинг масъул этиб тайинлаган ходимлари томонидан имзоланади ва пакетнинг белгиланган қисмига муҳр босилади.

Тадқиқот (экспертиза) натижасида товарнинг божхона лабораторияси эксперти томонидан аниқланган ТИФ ТН коди божхона юк декларациясида кўрсатилган кодга мос келса — ижобий экспертиза хулосаси ёки товарнинг божхона лабораторияси эксперти томонидан аниқланган ТИФ ТН коди божхона юк декларациясида кўрсатилган кодга мос келмаса — салбий экспертиза хулосаси берилади. Божхона экспертизаси йигирма иш кунигача бўлган вақтда ўтказилади.

Наманган вилояти божхона бошқармаси 
Ахборот хизмати

3.08.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг