Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Жанубий вокзалдан гапирамиз: Замонавий қулликка рози бўлманг!
1495
“30 июль – Халқаро одам савдосига қарши кураш куни” муносабати билан Республика "ISTIQBOLLI AVLOD" ижтимоий-ахборот маркази, Ташқи меҳнат миграцияси, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ва ички ишлар идоралари ходимлари билан ҳамкорликда “Одам савдосига қарши курашиш ойлиги” доирасида Тошкент Жанубий вокзалида тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этилди.
Жанубий вокзалдан гапирамиз: Замонавий қулликка рози бўлманг!

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 30 июль – Халқаро одам савдосига қарши курашиш куни деб эълон қилинган.

Афсуски, дунё бўйлаб шунча кенг қамровли фаолият, тегишли тарғибот-ташвиқот олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар “замонавий қуллик”, яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги ачинарли.

БМТ маълумотига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллиондан ортиқ инсонлар одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик даромад миқдори 7 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган.

Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёлллар ва болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600–800 минг нафар аёлллар ва болалар алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.

Бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлган одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида юртимизда ҳам қатор ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон 2003 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1950 йилда қабул қилинган "Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши кураш тўғрисида"ги Конвенцияга қўшилди. 2008 йилнинг 17 апрелида одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги Қонун қабул қилинган эди.

2020 йилнинг 17 августида янги таҳрирдаги “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Қонунга одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослашувини таъминлаш тартиби ва жабрланганлар ҳақидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш тартиби, уларга тақдим этиладиган хавфсизлик чоралари, бошқа кафолатлар каби янги нормалар киритилди.

Одам савдосига қарши курашишда божхона органларида ҳам бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Тарғибот-ташвиқот тадбирлари давомида аҳолига бу жирканч иллатнинг мазмуни, бунинг туб илдизлари хусусида батафсил тушунтиришлар берилди.

Тадбирлар давомида одам савдосини олдини олишга қаратилган  100 дан ортиқ деворий суратлар, плакатлар, брошюралар тарқатилди.

Ҳулоса ўрнида шуни алоҳида қайд этиб ўтиш керакки, одам савдосига қарши кураш борасида аҳолининг турли қатламлари, айниқса, аёллар ва вояга етмаган шахсларга одам савдоси каби иллатнинг фаровон турмуш-ҳаётимизга соладиган хавфи ва салбий оқибатлари тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориш, яъни, аҳолининг гавжум жойларида, маҳаллаларда, турли хил таълим муассасаларида, давлат идоралари, корхона, муассаса, ташкилотларда тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш, кенг тушунтириш ишларини амалга ошириш, уларда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини ошириш асосий вазифалардан биридир.

Отабек ОДИЛОВ,

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси

Ахборот хизмати катта инспектори

30.07.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг