Шу муносабат билан Самарқанд вилояти божхона бошқармасида “Гендер тенглик – давр талаби“ мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси Хотин-қизларни ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўлими бошлиғи Лола Мамарахимова ҳамда божхона бошқармаси раҳбарияти ва шахсий таркиб иштирок этишди.
Тадбирни вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Соҳибжон Қурбонов очиб берди ҳамда божхона органларида хизмат қилаётган аёл ходимларга ишлаш учун яратилган шарт-шароитлар, хусусан, вилоят божхона бошқармаси Хотин-қизлар бошланғич ташкилоти томонидан ўтган давр давомида амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида тўхталиб ўтди.
Тадбирда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари, илмий-инновацион ишланмаларда уларнинг иштирокини таъминлаш, соҳада фаолият юритаётган хотин-қизларга янада қулай бизнес муҳитини яратиш борасидаги долзарб масалалар хусусида сўз юритилди.
Ўзаро мулоқот давомида бугунги кунда фаол истеъмолда бўлган гендер сўзининг тушунилиши ва қўлланиш ҳолатларидаги нотўғри талқин ва тасаввурлар борасида фикр алмашилди.
Гендер тушунчаси фақат аёллар манфаатларини ифодаламайди. Ҳар икки жинс вакилларининг ўз орзу ва мақсадлари сари дадил одимлаши, ҳаёт сифатини ошириш учун бир хил имкон бериш кераклигини илгари суради, холос. Айнан ривожланган жамиятнинг талабларидан бири бу эркак ва аёл ҳуқуқлари тенглигининг таъминланишидадир. Бу эса ўз навбатида ҳар бир мамлакатда сиёсий ва иқтисодий ўсишга эришишда катта ёрдам бериши мутахассислар томонидан таъкидлаб ўтилди.
Гендер тенглик жамият ривожида муҳим бўлган ижтимоий муносабатларда долзарб аҳамиятга эга эканлиги бугунги кунда янада яққол намоён бўлмоқда. Бугун оилада, жамиятда, айниқса, хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасида ижтимоий муносабатларда ҳам, қонунчиликда ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилаётгани борасида сўз борди.
Маърузалардан сўнг божхоначилар ўзларини қизиқтирган саволларига билан мутахассислардан аниқ жавоблар олишди.
6.04.2021