Тизимда хизмат қилаётган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш, шунингдек, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да ёш божхона ходимларини соғлом оила қуриш, соғлом фарзандни дунёга келтириш, соғлом турмуш тарзини юритиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш юзасидан доимий равишда назарий-амалий тадбирлар ўтказилиши йўлга қўйилган.
Шундай тадбирларнинг бири Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида бошқарманинг хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилоти Раиси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқининг бошқармадаги бошланғич ташкилоти етакчи ва сардорлари ташаббуси билан “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Республика марказининг Қорақалпоғистон бўлими” психологи Р.Аманова иштирокида ташкил этилди.
Бошқармада хизмат қилаётган хотин-қизлар ва ёш ходимлар иштирок этган мазкур семинар-тренингда гендер тенглик сиёсати ва оила институтини қўллаб-қувватлаш жамият ва давлат тараққиётининг муҳим омили эканлиги, хотин-қизлар ўртасида носоғлом диний оқимлар таъсирига тушиб қолишнинг ҳамда турли салбий ҳолатларнинг, шу жумладан, оилавий низолар ва ажрашишларнинг барвақт олдини олиш борасида кенг кўламли тушунтиришлар берилди.
Ҳар қандай вазиятда инсон ўз ўзини психологик бошқариш, ҳиссиётларини вақтида жиловлаш бўйича кўникмалар семинар сўнгида амалий машқларда синаб кўрилди.
Божхона органларида ташкил этилаётган бу каби тренинглар соҳа ходимларининг келажакдаги фаолиятларида самарадорликнинг янада ортиши, оилавий низоларнинг олди олиниши ва гендер тенгликнинг таъминланишида катта турки бўлиши шубҳасиз.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
22.03.2021