Сурхондарё вилояти “Айритом” чегара божхона постида гиёҳвандлик воситаларини олиб киришнинг навбатдаги қинғир усули фош қилинди.
2021 йилнинг 1 март куни соат 16.35 дан 16.50 га қадар мазкур постга кетма-кет равишда 4 нафар қўшни давлат фуқаролари пиёда равишда кириб келишади.
Қизиғи шундаки, ушбу шахсларнинг қўл юклари божхона кўригидан ўтказилганида, тўрталаси ҳам ўзлари билан бир хил товарлар, яъни шампунлар олиб ўтишаётгани божхона ходимларининг диққатини тортди.
Мазкур постига пиёда равишда кириб келган қўшни давлат фуқаросининг қўл юклари белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилганда, сумка ичидаги 14 дона шампунь қутиларига шубҳали моддалар солингани маълум бўлди.
Божхона кўриги давомида ушбу моддалар 3 кг. 149 гр.ни ташкил қилувчи суюқ шаклдаги героин гиёҳвандлик воситаси эканлиги маълум бўлди.
Орадан 5 дақиқа ўтмай қўл юклари орасида 12 дона шампун олиб ўтаётган яна бир хорижий фуқаро тўхтатиб қолинди. Бу гал шампун қутиларига жойланган суюқ героиннинг оғирлиги 2 кг. 532 гр.ни ташкил қилди.
Шу куни яхлит занжирдек тизилган қонунбузарлар 5 дақиқалик тафовут билан кетма-кет ушланаверди. Ўзидан аввалги шерикларининг қўлга олинганидан бехабар тарзда яна 2 нафар хорижий давлат фуқаролари божхона постига бамайлихотир кириб келишар экан, уларни ҳам шерикларининг қисмати қарши олди.
Улардан бири 13 дона шампун қутиларида 3 кг. 472 гр., яна бири эса 14 дона шампун қутиларида 3 кг. 202 гр. оғирликдаги суюқ героинни олиб киришга уринган вақтда тўхтатиб қолинди.
Шундай қилиб, 4 нафар хорижий фуқаролардан олиб қўйилган 53 дона шампун қутиларидаги жами 12 кг. 355 гр.ни ташкил қилувчи наркотик моддалар суюқ героин эканлигини экспертизаси хулосаси ҳам тасдиқлади.
Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
22.03.2021