Ушбу тадбир Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ), БМТ Тараққиёт дастури ва БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан ташкил этилди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Томонлар хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш, уларнинг иқтисодий фаровонлигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш соҳасидаги вазифаларни биргаликда ҳал этишга келишиб олдилар.
Тадбирда таъкидланганидек, тадқиқот натижаларига кўра коронавирус пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари хотин-қизларга жиддий таъсир кўрсатган, чунки оила аъзоларига қараш билан боғлиқ ҳақ тўланмайдиган ишлар кескин кўпайиши, шунингдек мактаблар, болалар боғчалари ёпилиши, даромадлар доимий эмаслиги ва оиланинг бошқа аъзолари касалга чалиниши сабабли иш ҳажми сезиларли даражада ортган.
Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ходимларнинг аксарияти аёллар бўлганлиги сабабли касаллик юқтириш хавфи юқори бўлган.
Шу муносабат билан COVID-19 пандемияси даврида иқтисодиётни тиклаш, шунингдек, аёл раҳбарларнинг мавжуд салоҳиятидан фойдаланиш ва маҳаллий, минтақавий ва миллий даражаларда COVID-19’нинг салбий иқтисодий оқибатларини ва коронaвируснинг янада тарқалиши хавфини камайтириш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини таъминлашга қаратилган қарорлар қабул қилишда хотин-қизларнинг иштирокини таъминлаш бўйича давлат иқтисодий дастурлари ва сиёсатига гендер масалаларни киритиш зарурати ортиб бормоқда.
Тадбир доирасида “Гендер тенглик фаоли” миллий танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур танловда гендер тенглик соҳасида юқори натижаларга эришган, жамият тараққиёти учун ташаббуслар билан чиқаётган, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган вазирлик, идора ва ННТ иштирок этди.
Ишчи гуруҳ ва танлов комиссияси аъзолари 60 нафардан зиёд аризачидан тушган ҳужжатларни кўриб чиқиб, энг яхшиларини танлаб олдилар.
Давлат божхона қўмитаси "Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилган энг яхши ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи" номинациясида ғолибликни қўлга киритди.
Шунингдек, давра суҳбатида гендер тенглик ва хотин-қизлар имкониятларига оид видеороликлар тақдим этилди, тадбиркор аёллар ва фермерларнинг қандай қилиб муваффақиятга эришгани кўриб чиқилди, уларнинг тажрибаси ўрганилди ва бошқа масалалар муҳокама этилди.
3.03.2021