Тадбирда Ўзбекистонда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари, педагогика фанлари доктори, профессор Ойниса Мусурманова иштирок этди.
Тадбирни очар экан, Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти юртимизда гендер тенглигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги ҳақида сўз юритди. Жумладан, божхона органларида хизмат олиб бораётган аёллар учун яратилаётган шарт-шароитлар уларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўла намоён қилишларида муҳим роль ўйнаётганлигини таъкидлади.
Дарҳақиқат, мамлакатимиз Конституцияси ва қонунчилигида аёл ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги тамойилларини мустаҳкамлаб қўйилган. Сўнгги йилларда жамиятнинг турли соҳаларида, ҳам миллий, ҳам минтақавий даражада аёлларнинг роли ва мавқеида ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда.
Бу, Президентимизнинг жорий йил сентябрида БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида ҳам ўз ифодасини топиб, хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрнини кучайтириш кераклиги алоҳида қайд этилди.
Сўнгги 4 йил мобайнида хотин қизларни қўллаб қувватлаш, ижтимоий муҳофаза қилиш борасида 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, 2019 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилингани бу борада жиддий қадам бўлди.
Тадбир давомида Давлат божхона қўмитаси Хотин қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилот фаолияти ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Ташкилот раҳбари Умида Пирмухамедова йиғилганларга амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил ахборотларни ва келгуси йил учун режаларни тақдим қилди.
Қайд этиш лозимки, истиқболда кўзланаётган чора-тадбирлар таркибида божхоначи аёллар ўртасида спорт ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган турли мусобақа ва танловлар уюштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Умид қиламизки, мазкур режалар тизимда хизмат олиб бораётган 700 нафардан ортиқ хотин-қизларнинг манфаатларига хизмат қилади. Зотан, аёл рози бўлса, жамият яшнагай!
16.12.2020