Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Юртимиздан транзит тарзда олиб ўтишга уринилган қарийб 172,5 килограмм гиёҳвандлик воситалари фош этилди
2317
Давлат божхона қўмитаси Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Сариосиё” темир йўл чегара-божхона пости ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Чегара қўшинлари билан ҳамкорликда йирик миқдордаги гиёҳванд моддаларни республикамиз ҳудудидан қонунга хилоф тарзда олиб ўтишга бўлган уринишни фош этишди.

Қўшни давлатдан кириб келган ва республикамиздан транзит тарзида ўтаётган юк поезди инспекцион кўрик мажмуаси орқали божхона кўригидан ўтказилганида, вагонлардан бирининг шубҳали сканер тасвирлари божхона ходимларининг эътиборини тортди.

Мазкур вагон кинология ходимларининг хизмат итлари ёрдамида чуқурлаштирилган божхона назоратидан ўтказилганида, вагоннинг остки қисмида махсус хуфёна жойлар тайёрланганлиги аниқланди.

Ушбу хуфёна жойлар белгиланган тартибда очиб кўрилганида эса, уларнинг ичига қора рангли целофан пакетларга скотчланган ҳолда 23 дона 5 литрлик сиғимга эга елим идишлар яширилгани фош бўлди.

Қарангки, елим идишларнинг 4 тасига оқ рангли ўткир ҳидли 11 кг. 987 гр. оғирликдаги героин, 2 кг. 592 гр. гашиш ҳамда 19 дона елим идишларга жигарранг тусдаги ўткир ҳидли 81 кг. 348 гр. ҳажмдаги гашиш мойи солинган экан.

Шундан сўнг вилоят божхоначилари Давлат хавфсизлик хизмати, Чегара қўшинлари ҳамда ички ишлар ходимлари томонидан тезкор тадбир давом эттирилиб, “Дарбанд” темир йўл станциясида мазкур поезд таркибида бўлган яна бир вагон текширувдан ўтказилди.

Натижада, ушбу вагоннинг остки қисмида ҳам темир листлар ёрдамида тайёрланган махсус хуфёна жойда қора рангли целофан пакетларга скотч билан ўралган жами 21 дона 5 литр ҳажмли полиэтилен идишлар яширилганлиги ва уларнинг ичида 30 кг. 648 гр. “Гашиш” гиёҳвандлик воситаси ҳамда 45 кг. 906 гр. “Гашиш мойи” гиёҳвандлик воситаси мавжудлиги аниқланди.

Ўтказилган тадбирлар давомида қарийб 172,5 кг. оғирликдаги гиёҳванд воситаларнинг республикамиз ҳудудидан яширин равишда ўтказилишига чек қўйилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан  жиноят иши қўзғатилиб, тегишли тергов органларига юборилди.

Таъкидлаш жоизки, божхона соҳасига энг илғор замонавий ахборот-коммуникация технологияларини тадбиқ этган ҳолда “рақамли божхона”га ўтиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Хусусан, шу каби қонунбузарлик ҳолатларини олдини олиш мақсадида республикамиз божхона постлари юк автотранспорт воситалари, темир йўл поезди ва вагонларини назорат-рентгендан ўтказишга мўлжалланган жами 19 та инспекцион кўрик мажмуалари билан таъминланган.

 

4.11.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг