Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар қарийб 10 млрд. cўмлик “транзит операцияси”га чек қўйишди
1293
Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бошқармаси Андижон ва Тошкент вилоятлари божхона бошқармалари билан ҳамкорликда олдиндан олинган маълумотлар асосида ўтказилган кенг қамровли тезкор тадбир натижасида товар-моддий бойликларни божхона назоратидан яширин равишда олиб кириш мақсадида амалга оширилган транзит операциясини фош қилишди.
Божхоначилар қарийб 10 млрд. cўмлик “транзит операцияси”га чек қўйишди

Содда қилиб айтганда, республикамиз ҳудудидан транзит тарзида олиб ўтилиши керак бўлган товарларнинг ички ҳудудда тушириб қолдирилишига чек қўйилди.

Андижон вилояти божхона бошқармасининг “Дўстлик” чегара божхона пости орқали қўшни давлатга чиқиб кетиш учун тун ярмида келган мана бу 2 та юк автотранспорт воситалари белгиланган тартибда инспекцион кўрик мажмуаси орқали кўздан кечирилади.

Қарангки, юк автотранспорт воситаларида олиб чиқилаётган товарлар билан ҳайдовчиларнинг божхонага тақдим қилинган ҳужжатларида кўрсатилган товарлар ўртасида кескин тафовутлар аниқланади. Ҳужжатларга кўра, машиналарнинг бирида 11 турдаги, иккинчисида эса 14 турдаги товарлар бўлиши лозим эди.

Аммо, божхона кўриги давомида автотранспортларга божхона қиймати нисбатан паст бўлган пўкак, елим, қурувчилар учун махсус кийим ва қўлқоплар, резина этик ва болғалар ортилганини кўриб, хулоса қилса бўладики, машиналар шунчаки бўш тарзда чиқиб кетмаслиги учун ушбу товарлар билан номигагина тўлдирилган, холос!

Хўш, ростдан ҳам мазкур автотранспорт воситалари республикамизга қиймати 48 млн. 771 минг сўмлик товарлар билан кириб келганмиди деган савол туғилади.

Ахир, бу товарларни минглаб чақирим йўл босиб, тан нархидан ҳам бир неча баробарга ошиб кетадиган йўл ҳаражатларига қарамай хориждан келтиришга ҳожат бормиди?

Аслида мазкур автотранспорт воситалари жорий йилнинг 16 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасидаги “Доут ота” чегара-божхона пости орқали юртимизга кириб келган.

Кириб келишда божхона органларига тақдим қилинган ҳужжатлар билан инспекцион кўрик мажмуаси орқали олинган тасвирларда божхона ходимларини шубҳалантирган жиҳатлар кўзга ташланмаган. Натижада, юк автотранспорт воситалари транзит тарзида чиқиб кетиши учун “Андижон” вилоятидаги “Дўстлик” чегара божхона постига йўналтирилган.

Демак, ҳужжатларда кўрсатилган товарлар аслида ушбу автотранспорт воситаларида ҳақиқатдан ҳам бўлган.

Аммо, республикамизга кириб келишда ва чиқиб кетишда инспекцион кўрик мажмуаси орқали олинган тасвирларнинг бир-биридан фарқли эканлигини кўрибҳақли савол туғилади: Ҳужжатларда кўрсатилган товарлар қаерда?

Олиб борилган кенг қамровли тезкор тадбир давомида бу саволга ҳам жавоб топилди. Аниқланишича, юк автотранспорт воситаларига ортилган товарлар Тошкент вилояти, Зангиота туманида жойлашган омборлардан бирига тушириб қолдирилган.

Мазкур омборни белгиланган тартибда кўздан кечириш давомида шу ерда бўлиб турган чет эллик фуқаро ушбу юклар ўзига тегишли эканлигини маълум қилди. Аммо, уларнинг божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи биронта ҳам ҳужжатларни тақдим қила олмади.

Аниқланишича, мазкур юк автотранспорт воситалари тиркамаларининг эшиклари очилмаган ва мавжуд пломбалар бузилмаган. Шунга қарамай, уларнинг ичидаги юкларни алмаштириш учун тиркамалар бошқа томонидан туриб, ўзбошимчалик билан очилган.

Шу тариқа, божхона ходимлари респбуликамиз ҳудудидан транзит тарзида олиб ўтилиши лозим бўлган 24 турдаги 9113 дона товарларнинг ички ҳудудда тушириб қолдирилганини фош қилишди.

Мазкур товарларнинг умумий қиймати эса 6 млрд. 502 млн. сўмни ташкил қилмоқда.

Тезкор тадбир давомида ҳуқуқбузарлардан жами қиймати 9 млрд. 850 млн. сўмдан ортиқ қийматдаги товарлар ва транспорт воситалари вақтинча сақловга олинди.

Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

26.10.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг