Унда Давлат божхона қўмитасининг бир қатор соҳавий бошқармалари бошлиқлари иштирок этиб, мавзу юзасидан журналистларга батафсил ахборот беришди.
Маълумки, жорий йилнинг 27 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентини Шавкат Мирзиёев раислигида яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда божхона тизимига доир масалалар ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, инсон омилига чек қўйиш орқали контрабанда ҳолатлари устидан божхона назоратини кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6005-сон Фармони божхона органлари томонидан контрабандага қарши курашишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур Фармон билан божхона органлари фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг қуйидаги йўналишларини ўз ичига олган 2020 — 2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш концепцияси тасдиқланди.
Концепцияга биноан контрабанда ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига қарши курашиш асосий йўналишлардан бири бўлиб, бундан асосий мақсад ички бозорни ҳимоя қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш, чегара ҳудудларида назоратни кучайтириш, контрабанда ва божхона қонун ҳужжатлари бузилишига қарши курашиш, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини такомиллаштириш назарда тутилмоқда.
Шу мақсадда юқорида таъкидланган Фармонга биноан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тузилмасида умумий штат бирликлари доирасида Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси этиб қайта ташкил этилди ва унга бир қатор қўшимча вазифалар юкланди.
Таъкидлаш жоизки, товарларни ноқонуний олиб киришнинг асосий шакллари ва услублари ҳамда божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш схемаларини аниқлаш ҳамда уларга чек қўйиш божхона органларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида контрабанда ва божхона қонунбузилишига қарши курашиш йўналишида 5 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари фош этилиб, натижада 154,6 млрд. сўмлик товарлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Қонун бузилиши ҳолатлари бўйича жами 102,2 млрд. сўмлик қўшимча божхона тўловлари ҳисобланиб, ундиришга қаратилди.
Аниқланган холатлар юзасидан 265 та жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов органларига юборилган бўлса, 4 517 та холатда эса ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий ишлар юритилган.
Шу билан бирга, ҳисобот даврида 31,1 кг. ва 2140 туп гиёҳвандлик воситалари, 19 дона қурол, 57 дона ўқ, 239,8 минг дона психотроп таблеткалар, 10 млрд. сўмлик тиббиёт буюмлари ва дори воситалари. 31,7 кг. тилла ва кумуш маҳсулотлари қимматбаҳо металлар ва тошлар, 24,4 млрд. сўмлик тамаки маҳсулотлари, 1,5 млрд. сўмлик ноқонуний валюта қимматликлариининг ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасининг олди олинди.
Чегара ҳудудлари орқали республика ҳудудига ноқонуний олиб кирилган маҳсулотларни вақтинча сақлашга мўлжалланган “яма”ларни аниқлаш борасида амалга оширилган тадбирлар давомида 85 та ҳолатда 7,9 млрд. сўмлик ноқонуний товарлар фош этилди.
Мамлакат ички ҳудудида тегишли тартибда рўйхатдан ўтмасдан, сифати кафолатланмаган қўлбола маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган “яширин цех”лар фаолиятига чек қўйиш мақсадида олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида 5 та ҳолатда 419,1 млн. сўмлик товарлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Мазкур йўналишдаги ишларни амалга оширишда соҳада ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиш, “рақамли божхона” тамойили асосида божхона постлари фаолиятини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Бу эса товар ва транспорт воситаларининг ялпи божхона назоратидан ўтказишдан воз кечган ҳолда божхона қонунбузилишларини аниқлаш самарадорлигини оширишга олиб келади. Энг муҳими, бу жараёнларда инсон сезиларли равишда қисқаради.
Анжуманда 2021 йил 1 январдан эътиборан жорий этиладиган “Божхона аудити” ахборот тизими юзасидан ҳам сўз юритилди. Мазкур тизимининг ишга туширилиши “яширин иқтисодиёт”ни қисқатиришдава тадбиркорларга қулайликлар яратишда муҳим аҳамиятга эга.
Маълумки, божхона хизмати органларига божхона назорати шакли сифатида товарлар чиқариб юборилгандан кейин ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси фаолиятини баҳолаш ҳамда уларнинг товарлар ва транспорт воситалари чиқариб юборилгандан кейинги ҳисобини текширишни назарда тутувчи божхона аудитини амалга ошириш вазифаси юкланди.
Эндиликда эркин муомалага чиқарилган товарлар доирасида божхона назоратидан кейинги текширувни амалга ошириш учун “Божхона аудити” автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилади ва жорий этилади.
Таъкидлаш жоизки, божхона аудити АҚШ, Россия, Канада, Япония, Хитой, Жанубий Корея ва Ғарбий Европа мамлакатлари божхона тизими амалиётида кенг қўлланилиб келинмоқда.
Божхона тизимида ҳам мазкур амалиётнинг жорий этилиши натижасида юкларни ялпи божхона назоратидан ўтказишга асосланган текширишлардан буткул воз кечилади. Яъни, “Хавфни бошқариш” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали “кўк йўлак”ка йўналтирилган ҳамда шартли равишда эркин муомалага чиқарилган товарлар устидан самарали назорат амалга оширилади.
Ўз ўрнида товарлар чиқариб юборилганидан кейин, хавф принциплари доирасида уларни комплекс текшириш имкониятининг мавжудлиги, товарларни божхона чегарасига кириб келиши ва божхона расмийлаштирувидан ўтказиш жараёнидаги назорат тадбирларини қисқартиришга олиб келади.
Эндиликда тадбиркор томонидан импорт қилинган товарлар автоматлаштирилган дастур орқали расмийлаштириб, инсон аралашувисиз қисқа фурсатда чиқариб юборилади. Кейинчалик “Божхона аудити” дастури таҳлил усуллари орқали хавф объектини танлаб олиб, текшириб кўриш юзасидан топшириқ беради.
Бу эса ҳалол тадбиркорларга кенг имкониятлар бериб, товарларнинг божхона назорати ва расмийлаштирувига сарфланадиган вақтни қисқартиради. Аксинча, қонунчилик талабларини бузишга уринган ноҳалол тадбиркорлик субъектларига нисбатан тўлақонли божхона назоратини назарда тутади. Бу эса ўрнида “яширин иқтисодиёт”ни қисқартиришга ва олдини олишга хизмат қилади.
25.08.2020