Тошкент вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Бекобод тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Н.С. бошқарувидаги ВАЗ-2106 русумли автоулов кузатувга олинади.
Кузатув давомида мазкур автотранспорт воситаси тўхтайди ва машинанинг олд ўриндиғида ўтирган фуқаро К.Р. машинадан тушиб, йўл четида ётган қора рангдаги полиэтиллен ўрамни олади ҳамда машинада ҳаракатланишда давом этади.
Шундан сўнг божхона ходимлари томонидан кузатувга олинганини сезиб қолган ушбу шахс зудлик билан қўлидаги ўрамни машина ойнасидан ташқарига улоқтиради.
Тезкор тадбир давомида ушбу шахс қўлга олинди ва улоқтирилган ўрам воқеа жойидан топилади.
Мазкур ўрам холислар иштирокида очиб кўрилганида эса ундаги модда экспертларнинг хулосасига биноан, соф вазни 750,95 грамм бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситаси эканлиги аниқланди ва ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
12.08.2020