Давлат божхона қўмитаси Божхона институтининг 600 нафарга яқин курсантлари ҳам айни пайтда республикамиздаги санитария-эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунига қадар карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ўз уйларида бўлиб туришибди.
Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб, Божхона инситутида ўқув жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш ва курсантларнинг билим олиш даражасини масофадан туриб методик қўллаб-қувватлаш мақсадида масофавий таълим тизими йўлга қўйилди. Бунинг учун махсус масофавий ўқитиш тизими - “E-Ta’lim” платформаси ишга туширилди.
Муҳими шундаки, тизим таълим йўналишидаги шунга ўхшаш тайёр хорижий платформалардга асосланмайди. Аксинча, “E-Ta’lim” ахборот тизими божхона органларининг хусусиятларидан келиб чиқиб, Давлат божхона қўмитаси ва Божхона институти дастурчилари томонидан бутунлай янгича ёндашувлар асосида ишлаб чиқилган.
Тизим – кафедралар ва курслар кесимида ўтиладиган фанлар бўйича ҳафталик режа график асосида ишлайди. Курсантлар интернет браузеридаги ҳаволадан шахсий логин ва пароллар асосида кириб, тизимдан фойдаланмоқдалар.
Тизим ҳозирда ўзида “Божхона иши”, “Божхона ҳуқуқи”, “Юриспруденция” (Иқтисодий хавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш) каби таълим йўналишларидаги 76 та фанларни ўзида қамраган.
Тизим контенти шу кеча кундузда 300дан ортиқ маъруза матнлари, 150 га яқин видео ва аудио машғулотлар, 250 дан ортиқ кўргазмали тақдимотлар, 3200 дан доир турли шакл ва форматдаги материалларни, 700 дан ортиқ тест топшириқларидан иборат бўлиб, деярли ҳар куни букўрсаткичлар ўсиб бормоқда.
Яна бир жиҳат видеомашғулотларни тасвирга олиш ва монтаж қилиш учун институтнинг ўзида видеостудия ташкил қилинган.
Видеокамера қаршисидан туриб, сенсорли монитор билан енгил ҳаракатларга асосланган видеомашғулотлар бир қарашда қулай, курсантлар учун эса албатта қизиқарли!
Масофавий таълимнинг муҳим жиҳати ва компоненти бу албатта курсантларнинг таълимни ўзлаштиришини назорат қилишдир. Тан олиш керак, анъанавий таълимдан фарли ўлароқ масофавий таълимнинг ҳам ўзига хос жиҳатлари ва афзалликлари мавжуд. Масофавий таълим курсантларда мустақил фикрлаш, ахборотларни излаш ва тадқиқ қилиш малакасини кучайтиради.
Албатта, масофавий таълим фақатгина бир томонлама бўлиб қолмаслиги керак. Аксинча, устоз ва курсантлар ўртасидаги иккитомонлама визуал мулоқотнинг ҳам таълим самарадорлигида алоҳида ўрни бор.
Шу сабабли Божхона институтида профессор ўқитувчилар дарс машғулотларини Zoom дастурий воситаси орқали видеоконференция шаклида ўтказишга ҳам алоҳида эътибор қаратишмоқда.
Оффлайндан фарқли ўлароқ, онлайн машғулотларда курсантларда мавзу юзасидан тушунмаган саволларига жавоблар олиш имкони бўлади!
Ҳа, бу ҳаракатларнинг барчаси бежиз эмас. Чунки, қандай шароитда бўлмасин, билим олиш муҳим ҳаётий зарурат, таълимнинг узлуксизлигини таъминлаш эса тараққиёт двигателининг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб қолаверади. Зотан, бугунги ёшлардан Муҳтарам Президентимиз айнан шуни кутмоқдалар.
Ҳусан Тангриев,
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати бош инспектори
8.04.2020