Олий таълим даражасини сифат жиҳатидан ошириш ва тубдан такомиллаштириш, олий таълим муассасаларининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш, замонавий ўқув-илмий лабораториялари, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш бўйича Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларда комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланди.[1]
Халқаро-иқтисодий муносабатларнинг ривожланиш тенденциялари ва мамлакат инвестициявий жозибадорлигининг ошиб боришини ҳисобга олган ҳолда, божхона органлари кадрларини касбий тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Олий ҳарбий божхона институти Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти этиб қайта ташкил этилди.[2]
Мазкур қарор институтни янада ривожлантиришнинг асосий вазифалари ва йўналишларидан келиб чиқиб, бугунги кунда, курсантларда таҳлилий фикрлаш, янги билимларни мустақил равишда эгаллаш ва уларни амалиётда қўллаш кўникмасини ривожлантиришга йўналтирилган, асосан мутахассислик фанларидан ташкил топган замонавий таълим стандартларини ва сифат жиҳатидан янгича ўқитишнинг замонавий инновацион шакл ва усуллари, педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида ўқув жараёнини ташкил этиш, назарий тайёргарлик ва божхона органларининг амалий фаолияти билан боғлиқликни таъминловчи амалиёт ўташ тартибини такомиллаштиришни назарда тутади.
Юқорида қайд этилган вазифаларни тўлақонли бажариш мақсадида Божхона институтида бугунги кунда 2 та факультет ва 10 та кафедралар фаолият кўрсатмоқда.
Институтда 26 нафар илмий салоҳиятга эга ходимлар мавжуд бўлиб, (5 та фан доктори, шулардан 2 та профессор, 21 та фан номзоди, шулардан 1 та профессор, 16 нафари доцент), 14 нафар профессор-ўқитувчилари фалсафа доктори (PhD), фан докторлиги (DSc) бўйича ва 15 нафар тингловчилар магистрлик диссертацияси устида илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда.
Кафедралардаги профессор-ўқитувчилар таркибини юқори даражадаги касбий ва педагогик маҳоратга, шу жумладан, кўп йиллик амалий иш тажрибасига эга бўлган мутахассислар билан мустаҳкамлаш мақсадида сўнгги икки йил ичида 5 та илмий даражага эга педагог-ўқитувчилар ишга қабул қилинди.
2019 йил давомида Божхона институти:
8 та турдош олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик шартномалари ва меморандумлар ҳамда Россия божхона академияси билан ҳамкорлик меморандумини имзолади, шунингдек Халқаро божхона университетлар тармоғи (INCU)га аъзо бўлди.
30 та ўқув адабиётлари, шундан: 3 та дарслик, 9 та ўқув қўлланма, 14 та услубий қўлланма, 2 та услубий кўрсатма, 1 та услубий тавсиянома, 1 та дайжест тайёрланди;
3 та монография, 83 та илмий мақола (шундан, халқаро миқёсда 22 та), 100 га яқин тезислар чоп этилди, 12 та таҳлилий маълумотномалар тайёрланди;
14 та илмий тадбирлар, шундан 3 та конференция, 7 та давра суҳбати, 3 та илмий-амалий семинар, 1 та ёшлар форуми ўтказди;
тақдим этилган 2 та лойиҳа Инновацион ривожланиш вазирлигининг давлат илмий дастурлари доирасидаги амалий тадқиқотлар лойиҳалари танловида ғолиб деб топилди ва давлат бюджети ҳисобидан 1,2 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратилди.
Институтнинг “Божхона иши” факультетида курсантлар 4 йил давомида таҳсил оладилар. Курсантларга мазкур факультетда фаолият кўрсатаётган 4 та ихтисослаштирилган ва 5 та умумтаълим кафедралар профессор-ўқитувчилари томонидан умумий ва соҳавий йўналишлар бўйича дарс машғулотлари ўтказилади.
Кўп йиллик педагогик ва амалий тажрибага эга профессор-ўқитувчилар томонидан ўқув машғулотлар баҳс-мунозараларга бой тарзда олиб борилади ва бу билан курсантларда катта қизиқиш уйғотади. Амалий ва семинар машғулотлари асосан “ақлий ҳужум” “баҳс-мунозара”, “гуруҳлар бўлиб ишлаш” каби шаклларни қўллаган холда муаммоли вазиятларни тўғри ҳал қилиш, казус-топшириқларни ечимини топиш услубида ўтказилади.
Кўп йиллик педагогик ва амалий тажрибага эга профессор-ўқитувчилардан бўлган А.Суюнов, Ш.Лутфуллаев, О.Дадабоев, Т.Пардаев, Ф.Қаршибоев, Н.Хошимов, У.Иброхимовларнинг ўқув машғулотлари баҳс-мунозараларга бой тарзда олиб борилади ва бу билан курсантларда катта қизиқиш уйғотади. Амалий ва семинар машғулотлари асосан “ақлий ҳужум” “баҳс-мунозара”, “гуруҳлар бўлиб ишлаш” каби шаклларни қўллаган холда муаммоли вазиятларни тўғри ҳал қилиш, казус-топшириқларни ечимини топиш услубида ўтказилади.
Шу билан бирга, курсантларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, жанговар ва жисмоний тайёргарлиги, ҳуқуқий маданиятини ва ҳуқуқий онгини ошириш бўйича самарали тизим яратиш, уларда юксак маънавий, ахлоқий ва ватанпарварлик фазилатларни шакллантириш ҳамда ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бу мақсадда Институт таркибида ташкил этилган “Маънавият ва ёшлар тарбияси маркази” самарали фаолият олиб бормоқда.
Институтда олинган назарий билимларни амалиёт билан узвийлигини таъминлаш, назария ва амалиётни уйғунлаштириш мақсадида ҳар бир босқич курсантларини Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг ҳудудий бошқармаларига танишув ва малака амалиётга чиқарилади. Жумладан, биринчи босқич курсантлари тўрт ҳафта давомида танишув амалиёти, иккинчи босқич курсантлари 6 ҳафта мобайнида малакавий амалиёт ва учинчи босқич курсантлари ўн ҳафта давомида малакавий амалиётни ўтайдилар.
Битирувчи босқич курсантларининг уч ойлик дипломолди битирув амалиётига чиқишлари ташқил этилган бўлиб, курсантлар ушбу давр давомида ҳудудий бошқармалар ва уларнинг тасарруфидаги божхона постларида ўз билим ва кўникмаларини реал ҳолатларда синовдан ўтказадилар ҳамда диплом иши учун тегишли маълумотлар ва материаллар тўплайдилар.
ДБҚ соҳавий бошқармалари ҳамда ҳудудий божхона бошқармалардан олинган таклифлар ва тавсиялар асосида ўқув фанлари дастурларига ҳар йили қўшимча ва ўзгартиришлар киритиб борилади. Таъкидлаш жоизки, 2005-2019 йилларда Институтни жами 1665 нафар курсантлар битирган бўлса, мониторинг ўтказиш натижалари бўйича сўнгги уч йил ичида Институтни тамомлаган 491 нафар битирувчилардан хизматда эришган ютуқлари учун 112 нафари турли тоифада рағбатлантирилганлигини кўриш мумкин.[3]
Божхона институтини 2020 йилда 124 нафар курсант тугатиши кутилмоқда ва улардан аксарияти барча фанларни яхши ва аъло баҳоларга ўзлаштириб келмоқдалар.
Бунинг исботи сифатида, Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган “i-Customs, Халқаро бизнес, инновациялар ва божхона томонидан тартибга солиш” VI Халқаро ёшлар конференциясида Божхона институти 3-босқич курсанти Муштарий Исматова “The draft of Tashkent International Convention – Global Single Window” лойиҳаси билан иштирок этиб, фахрли 1-ўринни қўлга киритди.[4]
Институтнинг “Қайта тайёрлаш ва малака ошириш” факультети таркибида Махсус фанлар кафедраси, Тил ва психологик тайёргарликни ривожлантириш маркази ҳамда Божхона назорати техник воситалари ўқув лабораторияси фаолият кўрсатмоқда. Факультетда божхона органларида хизмат қилаётган ходимлар ўз касбий малакаларини оширадилар, янги ишга қабул қилинган ходимлар қайта тайёрлаш курсида божхона ишининг асослари бўйича бир ой давомида таҳсил оладилар.
Ўйлаймизки, ушбу битирувчилар ҳам Институтда олган билим ва кўникмаларини амалиётда тўғри қўллаган ҳолда божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш, қонун ҳужжатлари бузилишларининг, шу жумладан контрабанданинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш ҳамда Ватанимизнинг иқтисодий манфаатларини муносиб ҳимоя қилиш каби божхона органларига қўйилган асосий вазифаларни тўлақонли бажаришда ўз ҳиссаларини қўшадилар.
Ахрор Акбаров,
Божхона институти
Махсус фанлар кафедраси доценти
Алишер Узоқов,
Божхона институти
Махсус фанлар кафедраси катта ўқитувчиси
[1] Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сонли қарори
[2] Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси божхона органлари кадрларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 2 ноябрдаги ПҚ-3995-сон қарори
[3] Давлат божхона қўмитаси қошидаги Мувофиқлаштирувчи илмий-методик кенгашнинг навбатдаги умумий йиғилиши 1-сон баёни
23.01.2020