Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситалари контрабандаси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ аъзоларини қўлга олишди
2943
Давлат божхона қўмитасининг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси, “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситаларининг контрабандаси фош этилди.
Божхоначилар йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситалари контрабандаси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ аъзоларини қўлга олишди

Хусусан, “Тошкент” халқаро аэропортида хорижий давлатга парвози олдидан 4 нафар хорижий давлат фуқаролари – М.Т., С.М., Я.А. ва Н.Н.лар божхона назоратидан ўтиши чоғида уларнинг хатти-ҳаракатлари ва безовталаниши божхона ходимлари эътиборини тортди. Аввалига уларнинг қўл юклари ва эгнидаги кийимлари кўздан кечирилди. Бир қарашда ҳаммаси жойидадек туюлиши мумкин. У ҳолда йўловчилар нимадан безовта?

Шундан сўнг йўловчилар аэропортдаги божхона постига ўрнатилган инсон тана аъзоларини сканерловчи “Body scanning” қурилмаси орқали кўздан кечирилди. Қаранг-ки, экрандаги тасвирлар шубҳали тус олди. Қурилма ушбу йўловчиларнинг организмида, аниқроғи йўғон ичак каналларида ёт жисмлар борлигини кўрсатди.

Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида ушбу шахслар белгиланган тартибда пойтахтимиздаги Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий марказига олиб келиниб, шифокорлар томонидан холислар иштирокида тиббий кўрикдан ўтказилди.

Кўрик натижасида 4 нафар йўловчининг ички аъзоларига махсус ўрамлар яширилганлиги аниқланди ва чиқариб олинди.

Экспертиза хулосасига кўра, 4 нафар наркокурьерларнинг ички аъзоларида яширилган жами 268 та ўрамлар ичида умумий вазни 4 кг. 152,52 гр.ни ташкил этувчи героин гиёҳвандлик воситаси яширилганлиги аниқланди.

Тезкор тадбир давомида Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Айритом” чегара божхона постида ҳам яна бир наркокурьер қўлга олинди. М.М.исмли шахснинг ички аъзоларида 67 дона овалсимон шаклдаги ўрамларда 1 кг 42 граммдан ортиқ опий гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.

Шунингдек, божхоначилар “Тошкент” халқаро аэропорти орқали хорижга йўл олган С.М.нинг қинғир режасини фош этишди. Гап шундаки, ушбу шахс ўз ички аъзоларига 35 дона овалсимон шаклдаги ўрамларда 544,75 граммдан ортиқ героин гиёҳвандлик воситасини яширган экан. Шундан сўнг унга мазкур гиёҳвандлик воситаларини етказиб берган жиноий шериги хорижий давлат фуқароси Қ.Р.ҳам ушланди.

Божхона ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида умумий оғирлиги 5 кг. 739 гр.дан ортиқни ташкил этувчи героин ҳамда опий гиёҳвандлик воситаларини ичига ютган ҳолда олиб ўтмоқчи бўлган жами 7 нафар наркокурьерлар ҳамда мазкур жиноятларнинг асосий ташкилотчилари бўлган 3 нафар хорижий давлат фуқаролари қўлга олинди.

Ҳозирда мазкур аниқланган барча ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлар қўзғатилиб, тергов органига юборилди.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

21.12.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг