Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Товарларни “божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими”га жойлаштириш соддалаштирилади
1543
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан " Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудида товарларни қайта ишлаш режимини қабул қилиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали орқали умумхалқ муҳокамасига ҳавола қилинди.

Рақамларга кўра, республикага охирги 4 йил давомида 8 328,5 млн. долларлик ёки умумий импорт ҳажмининг 17,5% миқдорида технологик ускуналар олиб келинган.

Шу билан бирга, товарларни қайта ишлаш ва ички ишлаб чиқариш ҳажми ўртача 7,8%га ўсган бўлиб, бу республиканинг ишлаб чиқариш салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаётганлигидан далолатдир.

Республиканинг саноат ва қайта ишлаш қувватларидан юқори даражада фойдаланиш, тайёр маҳсулот ва хизматлар экспортини ошириш, ички ишлаб чиқаришни кенгайтириш, хорижий ишлаб чиқарувчилар ва уларнинг инвестицияларини жалб этиш, халқаро кўрсаткичларда Ўзбекистон рейтингини ошириш, шунингдек, давлат бюджетига тушувчи солиқ ажратмалари миқдорини ошириш мақсадида мазкур қарор лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Лойиҳага кўра, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Давлат божхона қўмитасининг товарларни “божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими”га жойлаштиришни соддалаштириш тўғрисидаги таклифи маъқулланмоқда.

2020 йил 1 январдан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ товарни божхона ҳудудида қайта ишлашга олиб кирилган товарни уни қайта ишлаш маҳсулотларида идентификациялаш, қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасини белгилаш, товарларни тақиқ ва чекловлардан истисно этиш каби талаблар ва шартларга риоя этган ҳолда йўл қўйилади.

Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш операциялари товарларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, шу жумладан монтаж қилиш, йиғиш ёки бошқа товарларга мослаштириш, товарни таъмирлаш, шу жумладан уни тиклаш ва иш ҳолатига келтириш, қадоқлаш, ўраш ва саралаш, товарларни тозалаш кабилардан иборатлиги белгиланмоқда.

28.11.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг