Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Янги Фармон тадбиркорларга кенг имконият беради
2226
Маълумки, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширилиши режалаштирилган ишлар кўлами доирасида тадбиркорлик субъектларига уларнинг эркин фаолияти учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.

Бугун мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, қайта ишлаш, экспорт ҳажмини ошириш, ички бозор ва ички истеъмолни тўла таъминлашни янада кенгайтиришга оид қатор ҳужжатлар имзоланиб, аниқ манзилли чора-тадбир дастурлари ҳаётга изчил ва самарали татбиқ этилмоқда.

Аммо, шунга қарамай аҳоли талаб ва эҳтиёжи юқори бўлган озиқ-овқат товарларини импорт қилишда тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш кўзда тутилаётган бир пайтда маҳсулотлар импортининг айрим хўжалик юритувчи субъектлар томонидан монополлаштирилиши, сунъий тақчилликни юзага келтириш оқибатида нарх-навони асоссиз ошилиши каби ҳолатлар кузатилгани ҳеч кимга сир эмас.

Шу боис, мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш, бозорни сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, шунингдек мазкур соҳадаги мавжуд тизимли муаммоларни бартараф этиш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан 2018 йил 16 январь куни Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармонга биноан, 2018 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон Республикасига озиқ-овқат товарларини импорт қилиш бўйича айрим хўжалик юритувчи субъектларга тақдим қилинган индивидуал божхона, солиқ ва бошқа имтиёзлар, шунингдек, бошқа преференциялар бекор қилинган. 

Мазкур талаблар бузилган ҳолларда айбдор шахслар қонунчиликда белгиланган жиноий жавобгарликка тортилиши кўрсатилди. 

Бундан ташқари, белгиландики, 2018 йил 1 февралдан бошлаб: 

Истеъмол товарларини республика товар хом-ашё биржаларида сотиш (сотиб олиш)га тақиқ бекор қилинади; 

Шакар ишлаб чиқарувчилар 2019 йил 1 январга қадар муддатга импорт хом-ашёси асосида ишлаб чиқарилган ҳажмлар қисмига қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод қилинади; 

Истеъмол товарларини товар хом-ашё биржаларинингочиқ электрон савдоларида сотиш (сотиб олиш) учун улгуржи савдони амалга оширишга лицензия мавжудлиги талаб этилмайди; 

Улгуржи савдога лицензия олишда энг кам иш ҳақининг 3500 бараваридан кам бўлмаган миқдорда, шундан пул маблағлари энг кам иш ҳақининг 1200 бараваридан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилган устав фонди мавжудлиги ҳақидаги талаб бекор қилинади; 

ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари турларини ички истеъмол бозорида нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан импорт қилиш истисно ҳолларда ва фақат товар-хом ашё биржалари, жумладан хорижий биржаларнинг очиқ электрон савдолари тизими орқали амалга оширилади; 

озиқ-овқат маҳсулотларининг режалаштирилаётган хариди, Жамғарма маблағлари тушуми ва харажатлари тўғрисидаги батафсил ахборот ҳар ой Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида эълон қилиб борилади; 

биржа брокерлари тижорат банкларига мижоз — норезидент номидан товар-хом ашё биржасининг очиқ электрон савдоларида маҳсулотларни сотишдан олинган маблағлар ҳисобидан хорижий валютани сотиб олиш (сотиш)га талабнома бериш, норезидент — юридик шахслар эса Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида ҳисоб рақамлари очиш ва товар-хом ашё биржасининг очиқ электрон савдоларида маҳсулотларни сотишдан олинган маблағлар ҳисобидан хорижий валютани сотиб олиш (сотиш)ни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади. 

Шунингдек, фармонда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини пасайтириш ва барқарорлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишдаги сансоларлик ва бюрократияни бартараф этиш, шунингдек, республикада ишчанлик муҳитини яхшилаш бўйича асослантирилган таклифлар киритиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари, жумладан, аҳамиятга молик озиқ-овқат товарларини экспорт ва импорт қилувчилар, чет эллик инвесторлар ҳамда хорижий ҳамкорлар билан доимий асосда мунтазам очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотларни ташкил этиш назарда тутилган. 

Ўйлаймизки, мазкур фармон мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш, бозорни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, аҳолининг харид имкониятларини мустаҳкамлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш ва соғлом рақобат муҳитини ривожлантиришга хизмат қилади.

Т.Саидов

Сурхондарё вилояти

божхона бошқармаси бошлиғи,

божхона хизмати полковниги

29.01.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг