Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Сурхондарё вилоятининг экспорт салоҳияти тобора ортиб бормоқда
1477
Бугунги кунда мамлакатимизда давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳамда барча соҳаларни либераллаштириш бўйича ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Сурхондарё вилоятининг экспорт салоҳияти тобора ортиб бормоқда

Жумладан, Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва кенг имкониятлар бериш мақсадида, қуйидаги талаблар бекор қилинди:

– давлат божхона хизмати органлари томонидан бериладиган 10 турдаги рухсатномалар;

– барча товарлар бўйича экспорт шартномаларини давлат божхона хизмати органларида рўйхатдан ўтказиш;

– экспорт қилинаётган мева ва сабзавот маҳсулотларини мажбурий божхона кўригидан ўтказиш (божхона қонунчилигининг бузилиши хавфи аниқланган ҳолатлар бундан мустасно);

– экспорт товарлари (хом-ашё маҳсулотларидан ташқари) бўйича олдиндан тўлов амалга оширилганлиги ёки банк кафолати, суғурта полиси, аккредитив очилганлиги тўғрисидаги маълумотлар тақдим этиш.

Шунингдек, 2019 йил 1 мартдан бошлаб,  божхона органларида хавфни бошқариш тизими тўлиқ жорий этилиши натижасида, 2018 йилда экспорт декларацияларини расмийлаштиришга сарфланадиган ўртача вақт (тақдим этилган вақтдан бошлаб) 2 соат 49 дақиқани ташкил қилган бўлса, 2019 йилнинг ўтган даврида мазкур кўрсаткич 6,5 баробарга ёки 26 дақиқагача қисқарди.

Мазкур, ижобий ўзгаришлар ва Давлатимиз томонидан экспортга қаратилаётган эътибор ўз самарасини бермоқда. Хусусан, жорий йилнинг 8 ойи давомида Сурхондарё вилоятидан 206,9 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотлар экспорт қилинди, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 122%га ёки 113,7 миллион АҚШ долларга ошган. Экспортда ҳажми ўсган асосий маҳсулотлар қуйидагиларга тўғри келади:

- Мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти 53  миллион АҚШ долларига;

- Калава ип маҳсулоти экспорти 34,2  миллион АҚШ долларига;

- Табиий қазилма маҳсулотлари экспорти 23  миллион АҚШ долларига;

- Озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти 7,2  миллион АҚШ долларига;

- Тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 3,7  миллион АҚШ долларига ошган.

Жорий йилнинг 8 ойи мобайнида вилоятдан экспорт қилинган маҳсулотлар борган асосий мамлакатлар :

- Афғонистон Ислом Республикаси 55,8 миллион АҚШ доллари миқдорида;

- Покистон Ислом Республикаси 52,4 миллион АҚШ доллари миқдорида;

- Хитой Халқ Республикаси 36,6 миллион АҚШ доллари миқдорида;

-Қозоғистон Республикаси 29,5 миллион АҚШ доллари миқдорида.

Рақамлардан кўриниб турибдики, вилоятнинг экспорт салоҳияти кундан-кунга ортиб бормоқда. Мазкур ижобий ўсишларга вилоят божхона бошқармаси ҳам ўз ҳиссани қўшмоқда. Ҳозирда, бошқарманинг “Термиз”, “Денов”, “Жарқўрғон”, “Дарё порти” ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан экспорт қилинаётган товарларнинг божхона расмийлаштируви куннинг исталган вақтида қисқа фурсатларда амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, вилоят божхона бошқармаси раҳбарияти ва божхона постлари томонидан доимий тарзда “Божхоначи – тадбиркор таянчи” шиори остида, жойларда тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилиб, ваколат доирасида амалий ёрдам кўрсатилаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 26 сентябрдаги ПФ-5837-сон Фармонига биноан  2019 йил 1 октябрдан бошлаб қўшилган қиймат солиғининг ставкаси 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилгани тадбиркорларга яқиндан етказилди. Мазкур ўзгариш истеъмол бозорининг барқарорлигини таъминлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш учун шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, қўшилган қиймат солиғининг узлуксиз «занжири»ни шакллантириш мақсадида қабул қилингани таъкидлади.

27.09.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг