Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Журналистлар учун матбуот анжумани бўлиб ўтди
2391
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий комуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 12 апрелдаги ПФ-5414-сон Фармони ижросида доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шунингдек соҳадаги турли янгиликлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Журналистлар учун матбуот анжумани бўлиб ўтди

Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва журналистлар учун мавзу юзасидан Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари Ғофуржон Шукуров маълумот берди.

У ўз сўзида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида” ПФ-5414-сонли Фармони ҳамда “Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” ПҚ-3665-сонли қарори соҳада туб бурилиш ясаганини таъкидлаб ўтди.

Ушбу Фармон ва Қарор билан умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларни жорий этиш ҳамда янги илғор инновацион услубларни қўллаган ҳолда божхонани соддалаштирилган шаффоф тизимга айлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилгани ҳамда янги таркибий тузилмалар ташкил этилганини айтиб ўтди.

Шу билан бирга анжуманда таъкидланишича, божхона тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни мувафаққиятли амалга оширилишини таъминлаш ва божхона органлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш мақсадида, 2018 йил 24 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5582-сонли Фармони  қабул қилинди.

Мазкур фармоннинг имзоланиши тарихий ҳужжат бўлиб, божхона органлари тизимида йиллар давомида кутилган орзулар, муаммолар ечимини топди.

Президентимиз таъбири билан айтган-да “Энг аввало, одамларимиз ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётида ҳис этишлари зарур” – деганлар. Мазкур Фармон соҳада ислоҳотларнинг янги бир даврини бошлаб бергани, шубҳасиз.

Фармонга биноан эндиликда 2019-2021 йиллар давомида босқичма-босқич тарзда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг “Доут-ота”, Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Яллама”, “С.Нажимов”, “Ғишткўприк”, “Ойбек”, Андижон вилояти божхона бошқармасининг “Дўстлик”, “Маданият”, Бухоро вилояти божхона бошқармасининг “Олот” ҳамда Фарғона вилояти божхона бошқармасининг “Ўзбекистон” божхона постларига туташ жойларда давлат-хусусий шериклик асосида замонавий божхона терминаллари бунёд этилади.

Келгусида мазкур божхона терминалларининг барчасида жами ҳисобда кунига 3,4 мингдан ортиқ авторанспорт воситасини ўтказиш имкониятига эришилади.

Фармон билан соҳада Хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизими амалиётга жорий этилди. Эндиликда товар ва транспорт воситалари учун ҳам божхона назоратида махсус йўлаклар жорий этилди. Жумладан, 2018 йил 1 декабрдан бошлаб “сариқ” ва “қизил” йўлаклар ишга туширилган бўлса, 2019 йил 1 мартидан бошлаб, “яшил” ва “кўк” йўлаклар жорий этилди.

Шунингдек, юридик шахслар томонидан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширишда “Хавфни бошқариш”ахборот тизими орқали  товарлар партиясининг 84% “Яшил” йўлак орқали божхона кўриги ўтказилмасдан расмийлаштирув амалга оширилиши йўлга қўйилди.

Тадбирда айни пайтда давлат божхона хизмати органлари томонидан ишлаб чиқилаётган «Ягона дарча» божхона ахборот тизими ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Қарорда ушбу тизимни жорий этиш 2021 йил 1 январ қилиб белгиланган бўлса-да, биз бу муддатни кутиб ўтирмасдан, жорий йилнинг ўзида бу тизимни ишга тушириш режалаштирилган. Чунки, бу хизмат экспорт-имопрт операцияларини амалга оширишда ортиқча қоғозбозлик ва бюрократик тўсиқларнинг олиб ташланишига хизмат қилади.

Мазкур тизимнинг ишга туширилиши натижасида ташқи иқтисодий фаолиятга тааллуқли ҳужжатлар стандартлаштирилган маълумотлар ягона ўтказиш каналидан фойдаланган ҳолда тақдим этилади, ташқи савдо битимларига доир барча ахборотлар алмашинувида махфийлик ва хавфсизлик таъминланади.

Тадбиркорлик субъектлари рухсат этувчи ҳужжатларни расмийлаштиришнинг босқичларини масофадан кузатишлари мумкин бўлади.

Тадбирда Ўзбекистон  Республикаси Божхона кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ҳам муҳокамалар марказида бўлди.

Божхона қонунчилигини халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш, ташқи савдо қатнашчиларига қулай ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш мақсадида мазкур лойиҳа манфаатдор вазирлик ва идораларнинг етакчи мутахассислари, халқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқилди.

Божхона кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасида божхона қонунчилигини эркинлаштириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва шаффофлигини таъминлаш, нормаларни қабул қилишда барча учун тушунарли ва турлича талқин қилиш имкониятини истисно этишга, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан божхона қонунчилигига риоя этилишининг рағбатлантириш механизмини яратишга эътибор қаратилди.

Соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар божхона соҳасининг барча йўналишлар динамикасига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатгани таъкидланди. Хусусан ўтган 2018 йилда 11,5 трлн. сўм, 2019 йилнинг 8 ойида 9, 9трлн. сўм божхона тўловлари давлат бюджетига ундирилди.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда давлат дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йилда 47,5 трлн. сўм, жорий йилнинг 8 ойида 39,5 трлн. сўм божхона тўловларидан имтиёзлар берилди.

Лекин, афсуски давлатимиз томонидан тадбиркорлик субъектларига берилаётган имконият, яратилаётган  шарт-шароитлардан қонунга хилоф равишда фойдаланаётганлар ҳам йўқ эмас. 

2018 йилда божхона органлари томонидан ўтказилган мониторинг ва таҳлил натижасида 207 та хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 185,1 млрд. сўмдан ортиқ божхона тўловлари билан боғлиқ имтиёзлардан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.

Бу борада олиб борилган тарғибот ва ташвиқот ишларига қарамай жорий йилнинг  8 ойида  60 та хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 30,5 млрд. сўмлик имтиёзлардан қонунга хилоф равишда фойдаланганлиги фош этилиб, қонуний чоралар кўрилди.

Контрабанда ва божхона қонунлари бузилишига қарши курашиш борасида ўтказилган таҳлиллар, амалга оширилган тезкор тадбирлар натижасида 2018 йилда 12 533 таҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, далилий ашё сифатида 144 млрд. сўмлик товар-моддий бойликлар, 46,6 кг. гиёвандлик воситалари, 37 та қурол, 1957 дона психотроп таблеткалар, 8,6 минг дона тақиқланган диний мазмундаги материаллар, 98,5 минг дона  пиротехника маҳсулотлари ушлаб қолинди.

Жорий йилнинг 8 ойида бу борада амалга оширилган тезкор тадбирлар натижасида 11 205 таҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, улар бўйича 128,4 млрд сўмлик товарлар ушлаб қолинган. Шу жумладан,  31,2 кг гиёҳвандлик воситалари, 26956 дона психотроп таблеткалар, 29 дона қурол-яроғ, 46.4 кг. порох, 192,5 минг дона пиротехника маҳсулотлари тўхтатиб қолинган.

Ўзбекистон Республикаси халқаро аэропортларида 2018 йил 1 январдан икки йўлакли яъни “қизил” ва “яшил” тизимининг йўлга қўйилиши,соддалаштирилган божхона назоратининг жорий этилиши нафақат халқимизни, балки хорижий сайёҳлар ва йўловчиларни ҳам хурсанд қилди.

Маълум бир маънода ушбу тизим республикамизда туризмнинг ривожланишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Бундан ташқари, божхона расмийлаштирувида талаб этиладиган ортиқча хужжатлар ҳамда рухсат берувчи тартиб-тамойиллар бекор қилиниши натижасида тадбиркорларнинг сарсон бўлишига чек қўйилди. Жумладан, божхона расмийлаштирувига доир 10 турдаги рухсат бериш тартиб-таомиллари бекор қилинди.

Ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорларга божхона брокерларига мурожаат қилмасдан божхона юк декларацияларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш ҳуқуқи берилди.

Давлат божхона қўмитаси томонидан 33 та хорижий мамлакат божхона хизматлари билан божхона соҳасининг турли йўналишлари бўйича 138 та халқаро шартномалари тузилди.

Россия Федерацияси, Қозоғистон, Беларусь, Қирғизистон ва Тожикистон Республикалари  билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорти учун “Соддалаштирилган божхона йўлаги” тизимини жорий қилиш бўйича Битимлар имзоланди.

Божхона расмийлаштируви ва назоратини содаллаштириш мақсадида 17 та  ахборот тизимлари ва 4 та интерактив хизматлар жорий этилди;

Бугунги кунда мамлакатимиз сарҳадларидаги “Дўстлик”, “Олот”, “Айритом”, “Сариосиё”, “Яллама”, “Навоий”, С.Нажимов”, “Ойбек”, “Хўжайли”, “Довут-ота” чегара божхона постларида ва “Ғалаба”, “Каракалпакия”, “Чуқурсой техник идора”, “Хўжадавлат”, “Сариосиё”, “Бекобод” темир йўл чегара божхона постлари ҳамда “Арк булоқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида жами 19 дона инспекцион-кўрик мажмуаларидан самарали фойдаланиб келинмоқда.

Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.

11.09.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг