Мазкур танлов Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 30 майдаги “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори асосида ҳар уч йилда бир марта ўтказилади.
Танлов давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ, молия, саноат, иқтисодиёт, АКТ, қишлоқ хўжалиги, архитектура ва қурилиш, солиқ, божхона, фан-таълим, маданият, соғлиқни сақлаш, ташқи сиёсат, транспорт-логистика соҳасидаги энг яхши бошқарувчи каби 16 номинация бўйича ўтказилди.
Шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда истиқболли бошқарув кадрларининг тизимли асосда танлаб олинишини таъминлаш, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари тизимида уларнинг касбий малакасини узлуксиз ошириб боришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган биринчи танловда 8 минг 334 номзод рўйхатдан ўтган бўлса, ишчи гуруҳлар томонидан ўрганиб чиқилиб, танловда иштирок этиш учун тавсия этилган 3 минг 825 талабгор орасидан барча босқичлардан муваффақиятли ўтган 50 нафари якуний босқичда ғолибликни қўлга киритишди.
100 нафар талабгор эса финал босқичи иштирокчиси сифатида эълон қилинди. Танлов ғолибларига энг кам иш ҳақининг 50 баравари, финал босқичи иштирокчиларига эса 25 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти берилди.
Қувонарлиси шундаки ғолиблар орасида икки нафар божхона ходимлари ҳам бор.
Жумладан, Божхона институтининг Махсус-ҳуқуқий фанлар кафедраси бошлиғи Саходулла Шомирзаев ҳамда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Чуқурсой” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости бошлиғи ўринбосари Турсинбай Абдировлар барча танлов босқичларидан муваффақиятли ўтиб ғолибликни қўлга киритишди.
27.07.2019