Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбекистон-Хитой: ўзаро алоқалар божхона соҳасида ҳам изчил ривожланмоқда
2330
Мамлакатимизга ташриф буюрган Хитой Халқ Республикаси Бош божхона маъмурияти бошлиғи ўринбосари Ли Го бошчилигидаги делегация 2019 йил 13 май куни Давлат божхона қўмитасида бўлди.
Ўзбекистон-Хитой: ўзаро алоқалар божхона соҳасида ҳам изчил ривожланмоқда

Учрашувда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кейинги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, маданий-гуманитар ва бошқа кўплаб соҳаларда алоқалар янада фаоллашмоқда.

Иккала мамлакат ўртасида ташқи савдо айланмаси 2018 йилда 1,9 млрд. АҚШ долларини, 2019 йилнинг ўтган 4 ойи давомида салкам 837 млн. АҚШ долларини ташкил этди.

“Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги ҳамкорлик ўзаро савдо ва инвестиция алоқаларини мустаҳкамлаш, янги транспорт ва логистика йўлаклари яратилишини рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Лойиҳа доирасида Ўзбекистон томони “Яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш ташаббусини илгари сурмоқда. Бу энг аввало серқуёш заминимизда етиштирилаётган мева-сабзавотларининг Хитой бозорларига ҳам эмин-эркин кириб боришига йўл очади.

Мавжуд салоҳиятдан унумли фойдаланиш ва имкониятлар кўламини кенгайтириш энг аввало Ўзбекистон ва Хитой божхона хизматлари ўртасида самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришни тақозо этади.

Иккала мамлакат божхона хизматлари ўртасида шу вақтга қадар Божхона соҳасида ўзаро кўмак тўғрисидаги Битим, Божхона статистикаси соҳасида ахборот ҳамкорлиги тўғрисидаги англашув Меморандуми, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан Хитой Халқ Республикаси Бош божхона маъмурияти ўртасида маълумот алмашувини йўлга қўйиш тўғрисида Баённома имзоланган.

Ушбу ҳужжатларда акс этган ҳамкорлик шартларининг тўлақонли равишда бажарилиши учрашув кун тартибидаги долзарб масала бўлди.

Зотан, бу  ташқи иқтисодий фаолият билан боғлиқ божхона соҳасидаги қонунбузилишларини аниқлаш, уларнинг олдини олиш, ташқи савдо статистикасидаги номутаносибликларни тезкорлик билан бартараф этишда муҳим роль ўйнайди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикасининг чегара божхона постларини замонавий техник-назорат воситалари, шу жумладан, катта ҳажмли юк автотранспорт воситаларини сканерловчи инспекцион-кўрик мажмуалари билан жиҳозланишида Хитойнинг иштирокига юқори баҳо берилди.

Ҳозирда республикамиз божхона постларида фаолият юритаётган 17 та инспекцион-кўрик мажмуаларининг 8 таси Хитой ҳукуматининг турли грантлари асосида келтирилган.

Учрашувда Ўзбекистон миллий авто юк ташувчиларнинг Хитойга кириб-чиқишларида қулайликлар туғдириш, ушбу давлат ҳудудида юк ташишда юзага келаётган муаммоларни Халқаро юк ташиш тўғрисидаги Божхона конвенцияси талаблари асосида бартараф этиш масалалари ҳам қизғин муҳокама қилинди.

Шунингдек, божхона органлари учун кадрлар тайёрлаш ва ходимларнинг малакасини оширишда икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.

Учрашувдан сўнг меҳмонлар Давлат божхона қўмитасининг божхона тарихи музейида бўлишди. Жаноб Ли Го “Фахрий меҳмонлар” китобига ўз дастхатини қолдирди.

Куннинг иккинчи ярмида Хитой божхонаси делегацияси пойтахтимиздаги “Чуқурсой” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида бўлиб, бу ерда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун жорий қилинган қулайликлар, божхона экспертизасининг амалга ошириш жараёни билан яқиндан танишишди.

Шу ернинг ўзида меҳмонларга 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб тўлақонли равишда амалиётга тадбиқ қилинган, юкларни божхона расмийлаштирувидан ўтказишда “яшил”, “сариқ”, “кўк” ва “қизил” йўлакларга йўналтирувчи автоматлаштирилган Хавфни бошқариш тизими ҳақида батафсил ахборотлар берилди.

Меҳмонлар пост ҳудудидаги божхона омборларида бўлиб, товарларни омборга жойлаштириш, божхона режимларига йўналтириш жараёнлари билан яқиндан танишишди. Жаҳон божхона ташкилотининг минтақий мақомига эга бўлган Миллий кинология маркази кинологлари ва хизмат итларининг кўргазмали чиқишлари меҳмонларда улкан таассурот қолдирди.

Ташриф доирасида меҳмонлар Сирдарё эркин иқтисодий зонаси ҳудудида жойлашган “Пенг-Шенг” қўшма корхонасида ҳам бўлишди. Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги энг йирик лойиҳаларидан бири бўлган ушбу корхонага 2009 йилда асос солинган бўлиб, унинг муассислигида Сирдарё туманида бир нечта ихтисослаштирилган қўшма корхоналар ташкил этилган. Уларда 1500 дан ортиқ иш ўринлари яратилган.

Меҳмонлар лойиҳа таркибидаги керамика кафелларини ишлаб чиқариш корхонаси ва иссиқхоналар фаолияти билан яқиндан танишишди. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нафақат Ўзбекистон ички бозорларига, балки экспортга ҳам йўналтирилмоқда.

Ташриф доирасида меҳмонлар пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойлари билан ҳам яқиндан танишишди.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

13.05.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг