Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан 2019 йил 28 февралда тасдиқланган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган ғоя асосида давлат ва жамият ҳаётидаги муҳим масалалар бўйича ўтказиладиган матбуот анжуманларининг 2019 йил 1 ярим йиллик режасига мувофиқ ташкил қилинди.
Унда Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари Ғ.Шукуров, Давлат божхона қўмитасининг Мурожаатлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ҳ.Сатторов ва бошқа мутасадди вакиллар иштирок қилиб, журналистлар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига жавоблар беришди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда халқ билан мулоқот, хусусан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни ривожлантиришга доир юртимизда олиб борилаётган қатъий ва ибратли сиёсат, қабул қилинаётган Қонун ва қонуности актлари кенг маънода барча жабҳалардаги ютуқларимизга туртки бўлмоқда.
Шу билан бирга барча даражадаги раҳбарларнинг фаолияти натижаси қуруқ иқтисодий рақамлар билан эмас, балки уларнинг одамлар билан қандай мулоқот олиб бораётгани ва ишни ташкил этгани, фуқароларнинг муаммоларини қай даражада ҳал қилаётганига қараб баҳоланиши ва уларга нисбатан тегишли хулоса чиқарилиш тартиби жорий этилгани, бу ҳақда муҳтарам Президентимизнинг “Айни шу масалада уларнинг фаолияти ижобий бўлса, халқ улардан рози бўлса, раҳмат деймиз, акси бўлса – биз бундай раҳбарлар билан хайрлашамиз” дегани ҳам бунинг яққол исботидир.
Давлат божхона хизмати органларида ҳам жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни тартибга соладиган давлат қонунчилигига, демократик талаб ва стандартларга ҳар томонлама мос келадиган мустаҳкам меъёрий ҳужжатлар базаси яратилди ва кундан-кунга такомиллаштирилмоқда.
Мурожаатлар билан ишлашда қўмита марказий аппарати ва божхона хизмати органларининг энг қуйи таркибий тузилмаси - божхона постларигача қўмитанинг идоравий назоратига олинган ва талабчанликни кучайтириш мақсадида уларнинг фаолияти устидан қўмита раҳбарияти ва тузилмалар бошлиқлари томонидан мониторинг ўрнатилган.
Шу аснода давлат бошқарув идоралари қатори, божхона хизмати органларида ҳам халқ билан мулоқот қилиш, мурожаатлар билан ишлаш махсус буйруқ билан хизмат ва иш фаолиятининг асосий ҳал қилувчи устувор йўналиши, иш кўрсаткичларини баҳолашнинг муҳим мезон (индикатор) ларидан бири қилиб белгиланди.
Айнан мурожаатлар билан ишлаш бўйича божхона хизмати органлари фаолиятини мувофиқлаштирадиган алоҳида тузилма шакллантирилди. ДБҚ Раиси буйруғи билан марказий аппарат ва ҳудудий тузилмаларда йўналишга масъуллар расман тасдиқланди.
Давлат божхона қўмитасининг барча тузилмаларида, хусусан энг узоқ, энг оғир ва қийин шароитларда фаолият олиб бораётган божхона постлари ва пунктларида ҳам замонавий талаблар асосида жиҳозланган жисмоний ҳамда юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш учун шароитлар яратилди, қабулхоналар ташкил қилинди.
Шу билан бирга, тезкорликни таъминлаш, бюрократик тўсиқларга барҳам бериш мақсадида жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларига муаммоли ва ечимини топмаган масалалар бўйича ҳудудий бошқарма аппарати бўғинисиз, бевосита божхона хизмати органларининг энг қуйи таркибий тузилмаси - божхона постларига расмий равишда хат билан мурожаат қилиш ва пост бошлиқларининг имзоси билан жавоб хатлари юбориш амалиёти йўлга қўйилди.
Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларида юзага келаётган муаммоларини тўлиқ ўрганиш, ечимини топмаган ҳар бир мурожаатни амалдаги қонунчилик талаблари асосида ижобий ҳал этиш, яратилган имкониятларни кенг тарғиб этиш мақсадида жойларда божхона хизмати органлари раҳбарлари томонидан 31 та сайёр қабуллар ўтказилди. Бу орқали халқ билан янада яқинлашувига эришилди, мавжуд муаммоларнинг аниқ таҳлили вужудга келди.
Раҳбарларнинг қабул жадвалига мувофиқ, “қоғозда” эмас, амалда фуқаролар қабули ўтказилмоқда. Шахсан қўмита раиси томонидан 40 нафар, қўмита раҳбарияти томонидан жами 150 нафарга яқин мурожаатчилар қабул қилинди.
“Е-назорат” дастури орқали келиб тушган мурожаатлар онлайн тарзда назорат қилинмоқда. 2019 йилнинг 1-чорагида жами 706 та, шундан жисмоний шахслардан 662 та, юридик шахслардан 44 та мурожаатлар келиб тушди ва назоратга олинди. Келиб тушган мурожаатлар сони ўтган йилга нисбатан жами 213 тага камайди.
Мурожаатларнинг 270 та (38.2%), электрон кўринишда, 200 та (28,3%), ёзма шаклда ва 236 таси (33,4%) оғзаки мурожаатлар ташкил этди.
Шундан, 356 таси (50,4%) божхона тўловларидан имтиёз ва преференциялар олиш, божхона назорати ва расмийлаштируви масаласида, 152 таси (21,5%) божхона органлари хизматига кириш, қайта тиклаш ва ротация қилиш масалаларида, 40 таси (5,6%) божхона ходимларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатидан норози бўлиб йўлланган мурожаатлар, 32 таси (4,5%) мусодара этилган товарларни қайтириб олиш масаласида ва 126 тасини (17,8%) бошқа масалалар ташкил қилади.
Келиб тушган мурожаатларнинг барчаси алоҳида назоратга олиниб, 224 таси қаноатлантирилди, 446 тасига амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари асосида ҳуқуқий тушунтириш берилди, 36 таси рад этилди.
Рад этилган мурожаатларнинг асосий қисмини салбий сабабларга кўра хизматдан бўшатилган собиқ ходимларнинг хизматга қайта тиклаш мақсадида қилган мурожаатлари ташкил этмоқда.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонаси ва халқ қабулхоналари орқали жами 340 та мурожаатлар келиб тушди.
Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни такомиллаштириш борасида Давлат божхона қўмитасида 2018 йил 15 сентябрдан бошлаб, сутка давомида ишловчи қисқа 1108 рақамли “Ишонч телефони” маркази (“cаll” центр) фаолият юритмоқда. “Ишонч телефони” марказига 158 та мурожаатлар келиб тушган
Мурожаатчилар билан очиқ ва самимий гаплашиш, уларнинг дардини эшитиш билан бир қаторда, божхона хизмати органларига келиб тушаётган ҳар бир мурожаатни эътиборга олиб, унинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, ҳал этиш ва бу йўналишда сусткашлик, бепарволик, интизомсизликка йўл қўйган масъул шахсларга муросасиз бўлиш, жазо муқаррарлигини таъминлаш божхона хизмати органлари фаолиятида биринчи ўринга қўйиб келинмоқда.
Ҳисобот даврида мурожаатлар билан ишлашда йўл қўйган хатоликлар учун тизимнинг 16 нафар ходимларга тегишли чоралар кўрилди.
Тадбир якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
29.04.2019