Маълумки, Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил март ойида ушбу давлатга амалга оширган расмий ташрифларидан сўнг янада фаол босқичга кўтарилди.
Давлат божхона қўмитаси раиси М.Азимов айни шу жиҳат божхона соҳасидаги икки томонлама муносабатларда ҳам ўзининг яққол ифодасини топаётганлигини таъкидлади. Хусусан, Президентимизнинг ташрифлари доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида божхона маъмуриятчилигига доир муҳим ҳужжат - божхона ишларида ўзаро ёрдам тўғрисида ҳукуматлараро Битим имзоланганини алоҳида қайд этди.
Айни шу жиҳатлардан келиб чиқилса, иккала давлат божхона маъмуриятлари мазкур кўрсаткичларни янада яхшилаш, хусусан товар айланмасининг ўсиши учун ўзига хос замин яратиши лозим.
Учрашувда Божхона маъмуриятлари ўртасида ахборот алмашувини ўрнатишнинг техник шартлари атрофлича муҳокама қилинди. Яъни, томонлар божхона чегаралари орқали олиб ўтиладиган товар ва транспорт воситаларига доир маълумотларни икки давлат божхона хизматлари ўртасида реал вақт режимида электрон шаклда олдиндан алмашишлари йўлга қўйилади. Бу эса табиийки, божхона расмийлаштирувини тезлаштириш ҳамда божхона назоратининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Учрашувда божхона органлари ходимларининг малакасини ошириш ва экспертлар алмашуви орқали БААдаги мавжуд илғор тажриба ҳамда амалиётни ўрганиш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан пойтахтимиздаги Божхона институти ва Абу-Даби Божхона академияси ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, Ўзбекистонда бунёд этилаётган йирик божхона терминаллари - замонавий логистика марказларининг қурилишида БАА тажрибасини ҳам ўзлаштириш, бу жараёнга хорижий инвестицияларни жалб этиш масалалари ҳам муҳокамалар марказида бўлди.
Ўзбекистон Республикаси божхона органларида жорий қилинган Хавфни бошқариш тизимининг тақдимоти меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Учрашувдан сўнг Нодия Абдуллоҳ Камолий хоним Давлат божхона қўмитасининг “Божхона тарихи” музейи билан танишиб, “Фахрий меҳмонлар” китобига ўз дастхатини қолдирди.
11.04.2019